Янги Ўзбекистон – инсон ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамма нарсадан устун

23.02.2021, 10:32

Янги Ўзбекистон – инсон ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамма нарсадан устун

Инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш – энг муҳим ва долзарб масала ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида улкан ишлар амалга ошириляпти. Негаки, Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг замирида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ҳаётбахш ғоя мужассам.

Бу борада Ўзбекистон бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ва йирик халқаро ташкилотлари билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, давлатимизнинг БМТ билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб, кундан-кунга янада фаоллашиб бормоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Женева шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқида инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ўткир ва долзарб ташаббусларни илгари сурганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Ушбу тарихий нутқ кенг жамоатчилик, халқаро экспертлар томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туришини айтиб, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилишини билдирди.

Бу оддий ва баландпарвоз гаплар эмас. Ҳақиқатдан ҳам, инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳар томонлама камол топтириш Конституциянинг асосий ғоясига айлантирилган. Сабаби инсон ҳуқуқларини, қадр-қимматини эъзозлаган, ҳурмат қилган барча давлатлар бугун тараққиёт сари одимламоқда. Бу борада Президентимиз томонидан муҳим ва асосли таклифлар илгари сурилгани айни муддаодир.

Мамлакатимиз раҳбари гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлар қатъий давом эттирилиши, жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилаётганини қайд этди.

O'zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси бу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, мамлакат равнақи, халқ фаровонлиги ва инновацион лойиҳалар амалга оширилишига салмоқли ҳисса қўшаётган фаол, тадбиркор хотин-қизлар ва фермерларни рағбатлантиришга, уларнинг фаолияти ва илғор иш тажрибасини оммалаштиришга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда — янги Ўзбекистонда ёшларга муносабат бутунлай ўзгарди. Ёшларга доир давлат сиёсати асосида ёш авлоднинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишлари, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асослар замон билан ҳамнафас такомиллашиб бормоқда.

Ушбу тарихий нутқда жорий йилда БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрилаётгани айтилдики, бу бутун Ўзбекистон ёшларини тўлқинлантириб юборди, уларни қизиқиш ва иштиёқини янада кучайтирди. Эртанги кунга бўлган ишончини ошириб, эзгу мақсадлар сари етаклади.

Маърузада Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритилар экан, бу ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан бири бўлгани қайд этилди. 2021 йилда яъни, Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилиниши ҳақиқатдан тарихий воқеа бўлди.

Ўтган йилнинг ўзида 50 минг нафар ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилингани ҳаммамизга яхши маълум. Бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлади. Шу манода, Президентимизнинг Бош котиб Антониу Гутерриш Жаноби Олийларининг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаши мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилиб, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён мутлақо йўл қўйилмаслиги таъкидланди. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқ қолади. Инсон қадр топса, ҳурмат қилинса ва эркинликка эга бўлса, унда яратувчанлик, изланиш, ўз устида ишлаш ва ҳаётдан розилик кайфияти бўлади. Зеро, илгари сурилган таклифлар бугунги кунда инсониятни ўйлантириб келаётган долзарб ва ўткир муаммоларни ҳал этишга қаратилган муҳим чақириқдир.

 Актам  ХАИТОВ,

Олий  Мажлис  Қонунчилик

палатаси  Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари 

  • Кўрилди
    788
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Салимов Юнус O‘zLiDeP Косон туман Кенгаши ижрочи котиби2021-02-23 15:28:04

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суришини яна бир бор таъкидлагани бу борада Ўзбекистон ўзининг қаттий пазитсияга ега эканлигидан далолат беради кейинги йилларда олиб борилаётган ислохотлардан хам буни англаш мумкин.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+