Ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

23.11.2017, 19:08

Ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига ташрифи – Мун Чжэ Иннинг давлат раҳбарлигига сайланганидан сўнг ушбу мамлакатга уюштирилган биринчи юқори даражадаги расмий сафар бўлиб, ундан жуда кўп натижалар кутиляпти.

Бундан бир озгина аввал Ўзбекистонда корейслар истиқомат қилаётганининг 80 йиллиги муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев 200 минг нафардан зиёдни ташкил этувчи корейс диаспорасига таъриф берар экан, “меҳнатсеварлиги, қатъий иродаси, аҳиллиги, интизоми, ерга меҳри билан, дунёқарашимиз ва маданиятларимиз ўхшашлиги туфайли корейслар Ўзбекистон тимсолида иккинчи Ватанини топди ва унинг муносиб фарзанди, кўп миллатли Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига айланди, ҳурмат-эътибор қозонди. Халқимиз шундай юртдошлари билан фахрланади” дея эътироф этди.

Бундай илиқ, самимий муносабатдан мамлакатда яшаётган барча корейсларнинг бошлари осмонга етди. Юртимизда ўтказилган тадбирларда ва Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифи арафасида Корея Республикасида бўлганимизда ҳам унинг акс-садоси юракларимизни жунбушга солиб турди.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи чоғида мамлакатлараро Стратегик шерикликни ҳар томонлама ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёнот қабул қилиниши, шунингдек, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, тижорат келишувлари ҳамда шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

Хусусан, ташрифнинг илк кунида делегациямиз Кореянинг йирик тўқимачилик корхоналари “Posco Daewoo”, “Color Paradise”, “Solsang International Corp.”, “RATEL E&T Co, Ltd”, шунингдек “Lotte Marte”савдо тармоғи раҳбарлари билан 2017-2018 йилларда Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги шартномалар, “Gachon University Gil Medical Center in Incheon”, “Myongji Hospital in Seoul”, “Тиббий етакчилар корпорацияси”, “Chonnam National University Hospital in Gwangju” ва “Chung Hospital” раҳбарлари билан музокаралар чоғида Кореянинг “Chung Hospital” шифохонаси билан бирга Ўзбекистонда тиббий муассаса қуриш бўйича келишувга эришилгани, кореялик малакали мутахассислар тажрибасини ўзлаштириш, ўзбек шифокорларининг Кореяда малакасини ошириш масалалари бўйича меморандум имзолангани дилларга беҳад қувонч улашди. Қолаверса, Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги кўринишида юқори натижали дори-дармонларни ишлаб чиқаришга келишиб олинди. Шартномалар доирасида Ўзбекистонга бу йўналишда 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ тўғридан-тўғри инвестиция қилинадиган бўлди.

Шунингдек, жорий йилнинг 16-18-октябрь кунлари Корея Кимё-технология илмий-тадқиқот институти (KRICT) вакиллари Ўзбекистонда бўлиб, “Тошкент кимё технологиялари илмий-тадқиқот институти” (ТКТИТИ) ва “Ўзкимёсаноатлойиҳа” лойиҳалаш институти фаолияти билан танишган эди. Эндиликда, ушбу икки институт негизида илмий-тадқиқот маркази, лойиҳалаштириш ва муҳандислик, диагностика маркази, малака ошириш ва таълим йўналишлари бўйича фаолият кўрсатувчи  ягона институтни ташкил этиш таклифи кўриб чиқилди. Музокаралар якунлари бўйича “Ўзкимёсаноат” АЖ билан “ТКТИТИ” ДУК ҳамда “Ўзкимёсаноатлойиҳа” ОАЖ негизида 4 та асосий йўналиш бўйича қўшма институт ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Шу ўринда олий таълим муассасалари ҳақида гап кетар экан, ташриф ўлароқ Жанубий Кореяда катта обрўга эга Ажоу ҳамда Поҳанг политехника университетларининг Тошкентда филиали очилиши таълим тизими ривожига катта ҳисса қўшишини таъкидлаш жоиз.

Биз эришилаётган келишувларнинг айримларигагина тўхталиб ўтдик, холос. Ўйлаймизки, Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги Президентимизнинг бу галги ташрифидан сўнг ҳеч шубҳасиз янги босқичга кўтарилади.

Виктор ПАК,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси,

Ўзбекистон корейс маданият марказлари уюшмаси раиси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

  • Кўрилди
    225
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш