Янги босқичга кўтарилган икки томонлама алоқа

28.11.2017, 10:12

Янги босқичга кўтарилган икки томонлама алоқа

Абдурашид Абдуқодиров,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеп фракцияси аъзоси:

-Корея Республикаси юксак тараққий этган, иқтисодий, илмий-техник, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг  Корея Рспубликаси Президенти Мун Чже  Иннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга уюштирган давлат ташрифи ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини белгилаб бериш билан бирга, ҳар томонлама сермаҳсул  бўлди.

Музокаралар чоғида узоқ муддатли икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, шунингдек ўзаро манфаатли долзарб минтақавий ва  халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалар бўйича ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси ҳажмини  ошириш, инсонпарварлик алоқаларини кенгайтириш, вазирлик ва идоралар ўртасидаги  ҳамкорликни  мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва бошқа соҳалар бўйича умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 60 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Улардан  4,5 миллиард АҚШ доллари тўғридан-тўғри инвестициялардир. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзолари  мазкур рақамлар ҳар иккала мамлакат ўртасидаги  савдо-иқтисодий алоқаларнинг жадал ривожланаётгани ҳамда бугунги кунда  юртимизда бизнесни юритиш борасида яратилаётган шароитлар, чет-эллик тадбиркорлар билан  ҳамкорлик алоқаларини  янада ривожлантиришга бўлган қизиқишнинг яққол ифодаси эканлигига қатъий ишонади.

Ўтган 2016 йил якунига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси бир миллиард АҚШ долларидан ошди. Жанубий Корея ва  Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги товар айланмасининг  деярли тенг ярми мамлакатимиз улушига тўғри келади. Бу ва бошқа мисоллар очиқ, ўзаро  англашилган ва томонларнинг манфаатларни ҳурмат қилишга асосланган ҳамкорликнинг яққол мисолидир.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзолари давлатимиз раҳбарининг мазкур ташрифи Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги  стратегик шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш йўлида муҳим қадам   бўлди, деб ҳисоблайди. Имзоланган шартномалар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, ушбу йўналишдаги кўрсатгичларни янада яхшилашда мавжуд салоҳият ва имкониятлардан тўла фойдаланишга  хизмат қилади.

Ким Вячеслав, Тошкент шаҳар  халқ депутатлари Миробод тумани Кенгаши депутатлигига  ЎзЛиДеП номзоди:

- Ўзбекистон ва Корея Республикаларини анъанавий дўстлик ришталари, ўзаро манфаатли  ҳамкорлик ва стратегик шерикчилик алоқалари боғлаб туради. Жанубий Корея ҳамиша мамлакатимиз  саноати ва  инфратузилмасини  диверсификация қилиш ва  модернизациялашга оид  устувор дастурларни  амалга оширадиган етакчи инвестициявий ва  технологик   шерик ҳисобланади.   Бу борада эришилган натижалар, нафақат  давлатлараро муносабатлар, балки шунингдек, Тошкент ва Сеул қардош шаҳарлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик билан ҳам алоҳида эътиборга моликдир.

180 минг  кишидан  ортиқ кўп сонли корейс диаспораси МДҲ давлатлари орасида кўплиги жиҳатидан йирик ва дунёда тўртинчи  ўринни эгаллайди. У давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаш ва халқларимизни янада яқинлаштиришда муҳим роль ўйнайди. Жорий йилда республикамизда корейс миллати вакиллари истиқомат қилётганининг 80-йиллиги кенг нишонланди. Корейс тилида 50 минг нусхада чоп этилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” китобини алоҳида таъкидламоқчиман.

Республикамиз  иқтисодиётининг турли тармоқларида Жанубий Кореянинг  етакчи банк ва  компаниялари иштирокида кўплаб йирик  лойиҳалар  амалга оширилган  ва бу ишлар давом этмоқда. Ўзбекистон инвеститциялар давлат қўмитаси ва  Жанубий Кореянинг POSCO Daewoo  компанияси ўртасида пойтахтимизда “High Tech City” технологик  марказни барпо этиш бўйича умумий қиймати 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг  битим имзоланганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг  Корея Рспубликаси Президенти Мун Чже  Иннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга уюштирган давлат ташрифи доирасида давлатимиз раҳбари Сеул мэрлигига  ташриф буюрди. Юртбошимизга Сеул шаҳрининг  фахрий фуқароси  унвони берилди. Учрашув чоғида шаҳарсозлик бошқаруви, транспорт тизимлари ва уй-жой коммунал  хўжалигини замонавий технологиялар асосида  ривожлантиришда Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланишга  алоҳида эътибор қаратилди. Партиямиз  фикрича, буларнинг барчаси шаҳар қурилиши, архитектура ва  ландшафт дизайни соҳаларида  Тошкент ва Сеул ўртасидаги  ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг нечоғлик муҳим эканини  кўрсатади.

Жорий йилнинг 24 декабрь куни  пойтахтимиз халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Пойтахтимиз туман кенгашларига халқ депутатлари Кенгашларини  таъсис этилиши маҳаллий бюджет, туманларни  туман даражасида ривожлантирувчи истиқболли  дастурларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, партиямиз Тошкентга етакчи мегаполислар қиёфаси ва яшаш шароитларини тақдим этадиган дунё пойтахтлари, жумладан Сеулнинг ҳам илғор тажрибасидан тўла фойдаланишга ҳаракат қилади.

  • Кўрилди
    1217
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+