Саломатлик ҳимоячилари ҳамиша эътиборда

13.12.2017, 09:22

Саломатлик ҳимоячилари ҳамиша эътиборда

2017 йил 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган мамлакатимизда тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда биринчи галда халқимизни тиббиёт соҳасидан рози қилиш вазифаси қайта таъкидланди. Дарҳақиқат, ўтган қисқа вақт давомида вилоятлардаги соҳа ислоҳотлари сезиларли равишда ошди. Оилавий поликлиникалар фаолияти такомиллаштирилмоқда. Марказлардан олис ҳудудларга ҳам тор соҳа мутахассислари  кўпроқ жалб қилиниш ишлари жадаллашмоқда. Буларнинг барчаси тиббиётда замонавий, жаҳон талаблари даражасидаги қулайликлар яратилишига ва энг аввало, инсон соғлигини муҳофаза қилишга мустаҳкам замин яратмоқда.

Бўлиб ўтган йиғилиш бизни соҳадаги ислоҳотларга янада теран қарашга ундайди. Барчамизга маълумки, муҳтарам Юртбошимиз жорий йилнинг ўзида ҳозирга қадар соғлиқни сақлаш масаласига бағишлаб тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш, одамларда ҳақли эътироз уйғотаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича уч марта видеоселектор йиғилиши ўтказди. Уларнинг берган кўрсатмалари, ишлаб чиқилган дастурлар бўйича Андижон вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Айни кунга қадар қабул қилинган тиббиёт соҳасини ривожлантиришга қаратилган 30 га яқин Фармон ва қарорлар халқимизни сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида вилоятда 85 та қишлоқ врачлик пункти негизида 67 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилди. Фаолияти тугатилган қишлоқ врачлик пункти бинолари эса хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилди. Бугун вилоятда соҳа ривожида қилиниши керак бўлган ишлар кўп, етарли даражада муаммолар ҳам бор. Масалан, чекка ҳудудларда тор доирадаги мутахассислар фаолияти етарли эмас, бундан ташқари, аҳоли юқори технологик тиббий ёрдам олиш учун вилоят марказига келишга мажбур.  Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида айни вақтда бундай ҳудудларга етакчи мутахассислар жалб қилинмоқда. Яна бир муҳим жиҳат – тез тиббий ёрдам хизмати такомиллашмоқда. Вилоятга бу йўналишда замонавий тез тиббий ердам машиналари келтирилгани ҳар бир чақириқнинг ўз вақтида келишини таъминламоқда.

Асосийси, Президентимизнинг тизимда вилоятларнинг оғриқ нуқтасига айланиб келаётган кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб, пойтахтимизда фаолиятини бошлаган “Акфа медлайн” хусусий тиббиёт муассасаси негизида мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантириш ва уларга малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув-даволаш марказини ташкил этиш, мазкур тиббиёт маркази ҳамкорлигида Корея Республикасининг олий таълим тиббиёт муассасаси ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш вазифасини берганлари соҳа вакилларининг айни кўнглидаги иш бўлди.

Мазкур видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифа ва топшириқлар ижросига бугундан киришишимиз кераклигини замоннинг ўзи талаб қилмоқда.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O‘zLiDeP Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари,

Олий тоифали шифокор

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1310
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+