Аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари такомиллаштирилмоқда

13.12.2017, 09:34

Аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари такомиллаштирилмоқда

Бугунги кунда мамлакат Конституциясида белгиланганидек, ҳалқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини ва инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш каби устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди ва ҳаётга изчил тадбиқ этилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сон Фармони билан “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси” тасдиқланиб, давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратиш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этишнинг муҳим йўналишлари белгиланди.

Мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида инсон манфаатларининг бош мезон сифатида белгиланиши ҳамда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғоянинг илгари сурилиши давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг таъсирчан механизмларини яратиш, уларнинг фаровонлигини ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидан қаноатланиш даражасини янада оширишда “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Зеро, мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг изчиллик билан такомиллаштирилиши ва модернизация қилиниши аҳолимизнинг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни янада ривожлантириш имконини беради.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш, шунингдек, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг Миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши мазкур соҳада бошланган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Фармонга мувофиқ давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиб, унга жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш, Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш, мазкур соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, жорий этиш ва интеграция қилишга ягона ёндашувларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида, шу жумладан тегишли ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ва самарадорлигини баҳолаш, давлат хизматлари кўрсатишнинг инновацион шакллари ва услубларини жорий этишни ташкил қилиш, мазкур соҳада қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифалар юклатилди.

Шунингдек, фармонга мувофиқ 2018 йил 1 январдан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилиб, унга жисмоний ва юридик шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича, шу жумладан олис жойларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш, давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш, мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик, идоралараро ҳамкорликни, энг аввало, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжат ва ахборотларни тезкорлик билан олишни таъминловчи электрон ҳамкорликни амалга ошириш, давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларга малакали ахборот ва маслаҳат ёрдамларини тақдим этиш, ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилишини таъминлаш каби вазифалар белгиланди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, мамлакатда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ва модернизация қилинмоқда, бу эса энг аввало ҳалқимизнинг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини беради.

                                                                  Бекзод Артиков,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1220
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+