Президент Фармонидан куч оламиз

15.12.2017, 15:09

Президент Фармонидан куч оламиз

Муҳаббат Юлдашева, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги “Капитал Белла” хусусий корхонаси раҳбари, Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутати:

-2009 йилда фаолиятимизни бошлаган эдик. Очиғи, ўша ватларда ҳозиргидай имкониятларимиз кенг эмаслиги боис кўп қийинчиликларга дуч келганмиз. Айни кунда пайпоқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамиз нафақат вилоятда, балки республикада ҳам ўз нуфузига эга. Муҳтарам Юртбошимизнинг “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фаолиятимизни янада кенгайтиришимиз, тадбиркорликдаги турли тўсиқларни бартараф этишимиз учун жуда катта имкон бўлишига ишонамиз. Айниқса, мазкур қонуний ҳужжатда белгиланган Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари уюшмасини ташкил этиш хусусидаги фикр шу йўналишда фаолият олиб бораётган ишбилармонларнинг кўнглидаги гап бўлди, десам муболаға бўлмайди. Унга кўра, энди биз уюшма тизимида муаммоларни бартараф этиш, маркетинг инновацияларини фаол жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда тармоқни ривожлантиришнинг истиқболли ва устувор йўналишларини аниқлашда ҳимоячига суянамиз. Жорий йилда Хитой давлатидан фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида 500 миллион сўм маблағ ҳисобига янги, замонавий тикув дастгоҳлари келтирдик. Натижада 40 нафар ишчиларимиз қаторига яна 10 нафар коллеж битирувчилари қўшилди. Маҳсулотларимиз 85 фоиз тоза пахтадан, 15 фоиз эса нейлон хом ашёсидан тайёрланишини ҳисобга олганда, ички бозорда анчагина харидоргирлигини қувонч билан эътироф этаман. Бир кунда 2500 (икки ярим минг) дона пайпоқ ишлаб чиқарилади, ойлик даромадимиз 220 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Президентимизнинг  тўқимачилик ва трикотаж соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган ушбу Фармони бу борадаги имкониятлардан янада тўлиқ фойдаланишга, ташқи бозорда ҳам ўз харидорларимизга эга бўлишимизга хизмат қилади.

Шаробиддин Джанпўлатов, Булоқбоши туманидаги “Барлос ҳилоли” хусусий корхонаси раҳбари, халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутати:

-Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир соҳага алоҳида эътибор қаратаётганлари замирида ана шу соҳа ривожи, жаҳон эътирофи, мамлакат нуфузи турибди. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасини янада тараққий топтириш мақсадларини ўзида ифода этган Фармони соҳада қатор қулайлик яратиши табиий.

“Барлос ҳилоли” хусусий корхонамиз 2006 йилда 5 нафар ишчи билан ташкил қилинган. Дастлаб даромадимиз фақат хом ашёнинг ўзигагина етарди. Ҳозирда эса хом ашё харидидан ташқари бир ойда 15-20 миллион сўм даромад қиляпмиз. Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган 20 турдаги трикотаж маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки Қозоғистон, Украина давлатларида ҳам харидорларини топмоқда. Айни вақтда фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида туман ҳокимлигига ер ажратиш масаласида мурожаат қилганмиз. Ушбу муамоимиз ҳал бўлса, чет эллик малакали мутахассисларни ҳам фаолиятимизга жалб қилиш ниятимиз бор. Мазкур масалада ҳам Фармонда тегишли бандлар белгиланган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг буюртмалари бўйича тўқимачилик саноат корхоналари томонидан жалб қилинаётган чет эл мутахассисларига давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилиши, шунингдек, уларни вақтинча прописка қилиш, турган жойи бўйича ҳисобга олиш ҳамда уларнинг узайтирилишини таъминлаш ишларини зиммасига олиши қайд этилган. 

  • Кўрилди
    1450
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+