Мактабгача таълим тизимига замонавий ёндашув

20.12.2017, 18:07

Мактабгача таълим тизимига замонавий ёндашув

Ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий қудрати, ижтимоий-маънавий ҳаёт даражасининг юксалиши таълим тизимининг рақобатбардошлиги, илм-фан тараққиёти билан белгиланади.

Шу боис, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш, интеллектуал салоҳиятли, жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, аниқ фанларни чуқурлаштириб ўқитиш ва иқтисодиётнинг турли соҳалари учун малакали кадрларни тайёрлаш устувор вазифалар сифатида белгиланган бўлиб, пировардида бугунги давр талабига жавоб бера оладиган таълим тизимни яратиш кўзда тутилди.

Соҳадаги ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим тизимида бошқарув механизми тубдан такомиллаштирилди, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш тизими ислоҳ қилинди, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим тизими қайта кўриб чиқилди, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чоралари кучайтирилди, олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий этилди.

Мактабгача таълим. Узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланган ушбу соҳа ҳар томонлама соғлом ва баркамол бола шахсини тарбиялаш ва мактабга тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади. Лекин, таҳлиллар шуни кўрсатдики, охирги йилларда турли омиллар таъсирида мактабгача таълим тизимида болаларни мактаб таълимига тайёрлаш борасида ривожланиш ўрнига, орқага кетиш ҳолатлари, йил давомида мактабгача ёшдаги болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш кўрсаткичлари ўсиши тенденцияси кузатилмади. Аксинча, сўнгги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоиздан зиёдроқ камайиб, бугунги кунда республика бўйича болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши 30 фоизни ташкил этди. Бунга мавжуд мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси замонавий талабларга жавоб бермаслиги, тизимда вариатив дастурлар, болаларни мактабга тайёрлаш бўйича муқобил шаклларнинг ишлаб чиқилмаганлиги, ривожланган мамлакатларнинг тажрибаси етарли даражада ўрганилмаганлиги, фаолият юритаётган педагог кадрларнинг аксарияти олий маълумотли эмаслиги, таълим сифати мониторинги юритилмаганлиги каби омиллар сабаб бўлди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “Мақсадимиз келгуси 3-4 йилда мамлакатимиздаги боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олишдан иборат ва биз бунга албатта эришамиз”, - деб таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, ўтган қисқа вақт мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги фармон ва қарорлари, шунингдек,

“Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Дастури ҳамда республикада мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» асосида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди.

Барча соҳалар қатори тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар, фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларнинг ижроси бошқа соҳалар қатори Давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз. Қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида йил якуни бўйича мактабгача таълим муассасаларига болаларнинг қамрови 10 фоизга ошиши, 2018 йилда эса мактабгача таълим муассасаларини сақлаш ҳаражатлари жорий йилга нисбатан 32 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлил қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш шароитларини яратиш, мактабгача таълим сифатини ошириш, мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш, мактабгача таълим муассасаларига педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш механизмини такомиллаштиришдан иборат долзарб вазифалар қўйилди.

Айниқса, мактабгача таълим муассасалари фаолияти учун етарли шароит яратилмаганлиги боис, бинолар қаровсиз ҳолга келиб, бўшаб ётганлиги, улардан самарали фойдаланилмаётганлиги танқид қилиниб, 2018 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши лозим бўлган еттита йўналишдаги стратегик вазифалар белгилаб берилди.

Улар доирасида 2018 йил давлат бюджетидан 427 боғчада қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш учун 771 миллиард сўм маблағ ажратиш, жумладан, 14 тасини янгидан қуриш, 256 тасини реконструкция қилиш ва 157 тасини капитал таъмирлаш режалаштирилаётганлиги, давлат-хусусий шерикчилик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларининг ташкил этилиши, 2018 йил 1 январдан бошлаб, 5 йил давомида хусусий боғчалар томонидан табиий газ ва электр энергияси учун сарфланадиган маблағнинг ярми давлат бюджети ҳисобидан қопланиши, боғчаларда болаларни соғлом овқатлантириш ва уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлаш мақсадида 2018 йилдан бошлаб ҳар бир мактабгача таълим муассасасига 10-15 нафар фермерни сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини арзон нархларда етказиб бериш учун бириктирилиши, болалар боғчаларига тайёр сифатли иссиқ овқат етказиб берадиган давлат корхонаси ташкил этилиб, “Кетринг” хизматини йўлга қўйиш механизмининг ишлаб чиқилиши, мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти фаолиятининг такомиллаштирилиши, мактабгача таълим учун кадрлар тайёрлайдиган институтларнинг қабул квоталарини реал эҳтиёждан келиб чиқиб белгилаш ҳамда мактабгача таълим педагогларига қўйиладиган талабларнинг қайта кўриб чиқилиши том маънода соҳани дунё стандартлари даражасига олиб чиқилишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Истиқболда белгиланаётган бундай улкан вазифаларнинг амалга оширилиши соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришни талаб этади. Шу боис, илғор хорижий тажриба асосида “Мактабгача таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан иборат ўта долзарб вазифа юклатилди.

Эътироф этиш керакки, мазкур қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ўз навбатида таълим соҳасига оид миллий қонунчилигимизнинг янада такомиллашувига, соҳага оид барча муносабатларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шундай экан, тизим олдига қўйилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш биз Қонунчилик палатаси депутатлардан ҳам фаолликни ва масъулиятни талаб этади.

Одинахон ЖАМОЛДИНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    8229
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

ЙЎЛЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ КОРХОНАСИ БПТ2018-05-04 12:13:08

МАЗКУР ФАРМОН ЮРТИМИЗДАГИ МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИК ЙЎНАЛИШИДАГИ ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ УЧУН ЯНАДА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТИБ БЕРДИ.


Машраб Казаков 2018-04-30 12:13:31

Фармонда таъкидланганидек, 2021 йил 1 январга қадар кўчатхоналар ва иссиқхоналарда уруғ, кўчат ва пайвандтаг етиштирувчи ва уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга етказиб берувчи хўжалик юритувчи субъектлар барча турдаги солиқ ва йиғимлар тўлашдан, четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари иловага мувофиқ божхона тўловларидан, импорт бўйича олиб кирилаётган, мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари божхона тўловлари ва республика йўл жамғармасига йиғимлар тўлашдан озод этилиши бу яхши имконият


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+