Туризм – иқтисодий тараққиёт омили

06.02.2018, 15:38

Туризм – иқтисодий тараққиёт омили

Туризм соҳаси юртимиз иқтисодий тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, жойларда янги иш ўринлари яратишда муҳим ўрин тутади. Кейинги йилларда ушбу соҳани жадал ривожлантириш, мамлакатимизга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ички туризмни кенгайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Аммо соҳада ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор муаммолар мавжуд эди. Масалан, хорижий фуқаролар учун электрон кириш визаларини расмийлаштириш имконияти мавжуд эмаслиги, ички ва зиёрат, қишлоқ хўжалиги туризмлари салоҳиятидан ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш борасидаги имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётган эди.

Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим  дастур бўлди.

Ушбу фармон туризм ва сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, туристик хизматларни ички ва халқаро сайёҳлик бозорларига таклиф этиш, сайёҳлик объектларини ободонлаштириш, хизмат кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини ошириш бугунги кун талаблари даражасига кўтаришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни қамраб олади.

Фармонда туризм ва туристик инфратузилмани ривожлантиришни янада қўллаб-қуввватлаш, миллий туристик хизматларни халқаро саёҳлик бозорига фаол киритишга, туризм соҳасидаги халқаро ташкилотлар, йирик хорижий брендлар ва компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, туризм хизмати кўрсатишнинг илғор жаҳон сифат стандартларини жорий этиш, республика минтақаларида туризм инфратузилмасининг замонавий объектлари, энг аввало, меҳмонхоналар, транспорт-логистика тузилмалари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш, минтақаларда янги туризм йўналишларини яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Ипак Йўлининг чорраҳасида жойлашган Самарқанд бетакрор маданий мерос иншоотлари, осори-атиқалари билан ҳар доим дунё аҳлида катта қизиқиш уйғотиб келган. Бу эса қадимий ва навқирон шаҳарда сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш имконини бераяпти. Шу боис кейинги йилларда туризм вилоят иқтисодиётини янада ривожлантиришда  етакчи тармоқлардан бирига айланди. Вилоятимизда халқимиз тарихини ўзида мужассам этган музейлар, тарихий обида ва ёдгорликлар, шунингдек, баҳаво ва хушманзара дам олиш масканлари, муқаддас зиёратгоҳлар жуда кўп.

Фармон билан энди туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида кўплаб янгиликларга қўл урилади, сайёҳларни жалб қиладиган янгидан-янги йўналишлар очилади, сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифати янада яхшиланади, меҳмонхоналарда замон талаблари даражасида шароитлар  яратишга эътибор қаратилади.

O‘zLiDeP иқтисодиётимизнинг ана шундай муҳим тармоғини янада ривожлантириш, бу орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг муҳим манбаи сифатида қарайди.

Илҳом БОТИРОВ,

 O‘zLiDeP  Самарқанд вилоят Кенгаши раисининг

биринчи ўринбосари - аппарат раҳбари

***

Мамлакатимизнинг туризм салоҳияти юксалади

Туризмни маданиятлар риштаси деб бежиз айтмайдилар. Инсон умргузаронлик қилар экан, олам гўзалликларига ҳамиша талпиниб яшайди. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида туризмни ривожлантириш эвазига мамлакат иқтисодига яхшигина даромад келиб тушаётгани бор гап. Мингга яқин тарихий меъморий обида ва қадамжолар мавжуд бўлган бизнинг мамлакатимизда туризм имкониятлари ниҳоятда кенг эканлигини алоҳида таъкидлашни истардим.  

 Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони соҳани ривожлантириш, янги-янги лойиҳаларни рўёбга чиқишида яқиндан ёрдам беради.  Туризмни ривожлантириш йўлида изланаётган ёш тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, тематик хиёбонлар, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш ва жиҳозланиши учун олиб кириладиган материалларни тўланадиган божхона хизматларидан озод этилиши соҳа ривожига хизмат қилади. Фармонда ички туризм, дам олишнинг турлари, спорт туризмини ривожлантиришга эътибор қаратиш, табиий ҳудудларни сақлаш ва дунёга намоён этиш борасидаги муҳим вазифалар белгилаб берилган. Мамлакатимизда бой табиий, маданий ва тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва мавжуд ресурслари ва имкониятлардан самарали фойдаланиш бугуннинг долзарб вазифасидир. Туризмга инвестицияларни жалб этиш, инновацион ғоя ва технологияларни олиб киришда божхона хизматларидан озод этилиши туризм хизматларини замонавийлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Эндиликда мазкур соҳа такомили учун амалга ошириладиган ҳар бир лойиҳа учун 10 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши ҳам кўплаб янги-янги лойиҳаларни рўёбга чиқаришни таъминлайди.

Қадимда шарқнинг гавҳари дея аталган бизнинг Шаҳрисабз шаҳримиздаги меъморий обидаларни кўриш истагида бўлган хорижликлар сон мингта. Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг муаззам кошонаси бўлмиш Оқсарой, Дорилтиловат, Доруссаодат каби юзлаб тарихий объектларни хорижликлар ҳамон ҳайрату ҳавас бирла томоша қилмоқдалар. Тўғри истиқлол йилларида бой маданий меросимизнинг ёрқин намунаси бўлган бу гўзал иншоатларни сақлаш ва таъмирлаш борасида қатор ишлар қилинди. Бироқ бугунги кунда воҳамизда туризм салоҳиятидан етарли фойдаланилмоқда дея олмаймиз. Туризм равнақи йўлидаги ишларни замонавийлаштириш, хусусан, интернет тармоғидан самарали фойдаланиш борасида ҳам ҳали кўп иш қилишимиз керак. Бу вазифаларни бажаришда муҳтарам юртбошимизнинг Фармони бизга дастуриламал бўлиб хизмат қилади.   

O‘zLiDeP Шаҳрисабз Кенгаши фаоллари ва партия депутатлик гуруҳи аъзолари иштирокидаги йиғилишда мазкур Фармонни ўқиб-ўрганиш ва партия электорати ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳамда унда кўрсатиб ўтилган устувор вазифаларни амалга ошириш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.  Бу йил вилоят кенгаши билан ҳамкорликда “Шарқнинг гавҳари Шаҳрисабзга марҳабо!” деган туристик акция ташкил этишни режалаштираяпмиз. Мазкур акция доирасидаги тадбирларда воҳамиздаги барча меъморий обидалар, қадимий иншоатлар, муқаддам қадамжолар ва  гўзал табиат қўйнида саёҳатлар уюштирмоқчимиз. Туризм ривожи учун инвестициялар киритиш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этадиган ёш тадбиркорларга ўз лойиҳаларини амалга оширишда яқиндан ёрдам берамиз.

                            Улоч ЯРАШЕВ,

Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашидаги

O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси

***

Президентимизнинг янги Фармони Хоразм воҳасида туризм салоҳиятини ривожлантиришга янги имтиёз ва афзалликлар яратди

Ўзбекистон азалдан ўзининг миллий анъанаси, урф-одатлари ва маданияти билан бошқа мамлакатлардан ажралиб туради. Бугунги кунда ривожланган мамлакатлар олиб борилаётган оқилона сиёсатимизга тан бермоқда.

Мамлакатимизда мустақилликка эришгандан то бугунги кунгача туризм соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, “Очиқ осмон остидаги музей” номи билан машҳур Хива шаҳримиз, Хоразмнинг қадимий пойтахтлари бўлган: Қиёт, Қўйқирилган қальа, Катқальа, Тупроққальа, Султон Увайс бобо зиёратгоҳлари, Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳлари борки, улар ҳар қандай сайёҳни қизиқтирмасдан қўймайди. Хоразм воҳасининг кўрки ҳисобланган Хива шаҳридаги тарихий обидалар алоҳида аҳамият касб этади.

Ҳурматли юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 14-15 октябрь кунлари воҳамизга қилган ташрифларида ҳам  Хоразмнинг сайёҳлик салоҳиятини янада  юксалишига хизмат қилувчи аниқ таклиф ва кўрсатмалар берган эдилар. Бунинг натижасида вилоятимизда катта қурилиш, реконструкция ишлари, туризм соҳасида қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда Хива шаҳрига сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш, уларни бир неча кун олиб қолиш мақсадида “Дешон қальа” ҳудудидаги 25 та маданий мерос обьектларини реставрация қилиш ва уларни сайёҳлик обьектлари таркибига киритиш юзасидан график лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини тарғиб этувчи “Come to see Khorezm” видеоролиги ишлаб чиқилди, ички туризмни ривожлантириш бўйича Хоразм вилоятидан кўплаб ишчи-ходимларнинг Республикмизнинг Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятларига саёҳати уюштирилди.

Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида ҳам бунданда катта имкониятлар, зарур бўлган вазифалар белгиланди, жумладан, қатор ривожланган мамлакатларга 30 кунга визасиз режим белгиланиши, туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартибининг жорий қилиниши, айниқса, ички сайёҳликни ривожлантиришга қаратилган, аҳолининг дам олиш кунларини янада мазмунли ташкил қилиш мақсадида  республика ҳудудлари бўйлаб туризм-экскурция турларининг ташкил этилишини кўзда тутувчи “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастурининг амалда жорий этилгани бугун нафақат хориждаги меҳмонлар, балки ҳар бир ҳудуд аҳолиси бошқа вилоятларга ташрифи, зиёратини амалга оширишга катта имконият яратилганидан далолат беради.

Партиямиз электорати бўлган тадбиркорларга, айниқса, туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳмонхоналар, улар билан бевосита боғлиқ бўлган муҳандислик ва коммуникация инфратузилмаларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун туризм соҳаси тадбиркорлик субъектларига кредит маблағларини ажратиш мақсадида кредит линияларини очилиши баробарида  нафақат туризм, балки сайёҳлар учун маҳсус миллий асбоб-анжомлар, турли хил буюмлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субьектлари фаолияти ҳам янада ривожланади.

Замонавийлик ва миллийлик уйғунлашган меҳмонхоналар сонини кўпайтириш, меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, сайёҳларни жалб қилувчи кўплаб миллий  кўнгилочар ўйинлар, лойиҳаларни тадбиқ қилиш яна бир муҳим вазифаларимиздан биридир.

Келгусида мамлакатимизда чет эл сайёҳлари ташрифининг янада ортиши иқтисодиётимиз ривожини ҳам, миллий-маънавий тараққиётимиз ривожини ҳам янада юксалтиради.

Шавкат САФАРБАЕВ,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги

 O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1762
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+