Президентимиз ташрифи самарқандлик тадбиркор ва ишбилармонларни янги марралар сари руҳлантирди

18.03.2018, 15:18

Президентимиз ташрифи самарқандлик тадбиркор ва ишбилармонларни янги марралар сари руҳлантирди

Гулбека  ҚУЧҚОРОВА,

Пастдарғом туманидаги “Бека-чарос” хусусий корхонаси раҳбари:

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи вилоят ҳаётининг ҳар жабҳасида инсон манфаатлари устунлигини, мамлакат тараққиётига барча соҳаларда вилоятнинг қўшаётган ҳиссасини, ютуқлар билан бир қаторда мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш зарурлигини кўрсатиб берди. Қолаверса, барча самарқандликлар кўнглидаги эзгу истакларга қанот, эртанги ёруғ кунларга бўлган ишончни янада мустаҳкамлади.

Давлатимиз раҳбари 2017 йилда вилоятга ташрифлари чоғида Самарқанд шаҳри ва бошқа туман, шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишларини кенг кўламда давом эттириш, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди. Шу боис юртбошимиз ташриф давомида мазкур топшириқлар ижроси билан танишиб, янги саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар, кўрсатмалар берди.

Кўп йиллардан бери Пастдарғом туманидаги “Бека-чарос” хусусий корхонасини бошқариб келаман. Тўғриси, илгари мамлакатда тадбиркорларга бу даражада катта эътибор кўрсатилганини эслолмайман. Бугун давлатимиз раҳбарининг ўзи вилоятимизда бўлиб вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар бермоқда. Очиғи, бундай юксак эътибор ва бизга билдирилаётган катта ишонч биз тадбиркорларга алоҳида руҳият ва икки карра масъулият юклади. Энди белни маҳкам боғлаб, белгиланган вазифалар ижросини имкон қадар тезроқ бажаришга киришамиз.

Таъкидлаш керак, Юртбошимизнинг ташрифи давомида ҳеч бир соҳа ёки йўналиш четда қолмади. Масалан, Пастдарғом тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари билан учрашуви давомида ҳам аҳолини электр энергияси, табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, 11 та қишлоқлараро ва туманлараро янги автобус йўналишлари очиш, Самарқанд вилоятида қўшимча 642 намунавий лойиҳадаги арзон уйлар қуриш, аёллар ва ёшлар жиноятчилигини камайтириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар бердилар.     

Давлатимиз раҳбари доимо тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб келаётганлигига Самарқандга қилган ташрифида яна бир бор амин бўлдим. Ташриф чоғида вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувда белгиланган вазифа ва топшириқлар биз тадбиркорлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Бахтиёр ХЎЖАЁРОВ,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси:

Самарқанд вилояти мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти юқори, бой тарих ва маданиятга эга ҳудудларидан бири ҳисобланади. Республикамизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, шаҳар ва қишлоқларининг кун сайин ўзгариб, обод бўлиб бораётгани, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалаётганида ҳам ўз аксини топмоқда. Бу ҳақида юртбошимиз куни-кеча Самарқанд вилоятига ташрифлари чоғида ҳам таъкидлаб ўтдилар. 

Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбари 2017 йилда вилоятимизга ташрифлари чоғида ҳам Самарқанд шаҳри ва бошқа туман, шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишларини кенг кўламда давом эттириш, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди. Хусусан, вилоятимизда туризмни ривожлантириш, Ислом оламининг буюк намоёндаси, бобокалонимиз Имом ал-Бухорий мажмуасини қайта таъмирлашга алоҳида эътибор қаратган эдилар. Шу асосда мажмуани реконструкция қилиш ҳамда ушбу масканга зиёрат туризми бўйича келувчи сайёҳлар учун барча хизмат турларини қамраб олувчи меҳмонхона ва инфратузилма объектлари қуриш бўйича лойиҳа-таклифлар тайёрланди.

Лойиҳага кўра, таъмирлаш ишларини мажмуа ҳудудини уч қисмга ажратган ҳолда босқичма-босқич амалга ошириш мўлжалланган. Аввало, ёдгорликнинг олд қисмини икки қават қилиб кўтариш, масжидни кенгайтириш, 250 ўринли зал, юқори мартабали меҳмонларни кутиш хоналарини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.  Мажмуа рўпарасида эса  меҳмонхоналар, бозор, гипермаркет, савдо ва маиший хизмат мажмуалари, кафе ва чойхоналар, миллий ҳунармандлик устахоналари, спорт майдони қуриш режалаштирилган. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида мажмуа яқинида маҳаллий ва вилоятлараро йўналишларда қатновчи автобуслар учун автовокзал ҳамда 700 ўринли автомобиллар тўхташ жойи қурилади, мажмуага олиб борувчи йўл бўйида қишлоқ аҳолиси учун икки қаватли турар жойлар бунёд этиш белгиланган. 

Сўзимиз охирида бир фикрни таъкидламоқчимиз: давлатимиз раҳбари ташаббуси билан капитал реконструкция қилинаётган мажмуа нафақат вилоятимиз сайёҳлик салоҳиятини оширади, балки маънавий дунёмизнинг бойишига ва вилоятимизни янада обод бўлишига хизмат қилади. Мажмуага ҳамоҳанг равишда қурилаётган савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчалари эса  электоратимиз вакиллари учун янги имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.

  • Кўрилди
    1485
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Кадиров Жасурбек-O'zLiDeP Олмазор туман Кенгаши аппарат рахбари2018-08-05 17:48:41

Юртбошимиз Шавкат Миромоновични ташббуси билан қабул қилинган мазкур қарор ташқи меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий шаклларини тубдан кенгайтириш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун давлатимиз ташқарисига кетаётган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш ва шу каби бир катор масалаларни ҳуқуқий тартибга солди.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+