ДИПЛОМ БИЛАН БИЗНЕСГА

21.11.2017, 17:30

ДИПЛОМ БИЛАН БИЗНЕСГА

“Диплом билан бизнесга”лойиҳасининг мақсади:

Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, олий ва ўрта махсус таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш,  уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш, фермер   хўжалигига бир коллеж битирувчисини ишга жойлаштириш бўйича партиявий ташаббусни  амалга ошириш ва партия электоратини ишбилармон, тадбиркор ёшлар ҳисобига кенгайтириш  ҳамда “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ижросини таъминлаш.

I. ЛОЙИҲАНИНГ ТУМАН (ШАҲАР) БОСҚИЧИНИ АМАЛГА ОШИРИЛИШ ТАРТИБИ:

1.1 Лойиҳанинг бу босқичида партиянинг туман (шаҳар) кенгашлари қошида партия кенгаш раиси, Олий ва  ўрта махсус таълими муассасалари ва ҳамкор тижорат банклари раҳбарларидан иборат бўлган махсус  комиссия тузилади;
    
1.2 Туман (шаҳар)лардаги ҳар бир олий ва ўрта махсус таълими муассасасида лойиҳани тарғиб этувчи эълонлар асосида тадбиркорлик соҳасига қизиқадиган битирувчилар лойиҳада иштирок этиш тўғрисидаги ариза, иштирокчининг анкетаси ва бизнес лойиҳаси билан аниқ белгиланган кунда  комиссияга мурожаат этади ва суҳбатдан ўтади; 

1.3 Суҳбат давомида иштирокчининг тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқиши, билим даражаси, бу соҳага тегишли  бўлган  келажакдаги режалари инобатга олинади;

1.4 Йиғилиш баёни расмийлаштирилиб, унинг қарор қисмида бизнес лойиҳалари ўрганилган ёшлар орасидан энг муносиблари, кейинги босқичда қолган иштирокчилар эса тадбиркорлик фаолият турига қараб Марказий банк қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ставкаларда ёки савдо, умумий овқатланиш соҳаларда фаолият юритишига қараб иштирокчига унинг даромадига асосланган ҳолда келишилган фоиз ставкаларда  кредит олиши учун тавсия қилинади;

1.5 “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг вилоят босқичида иштирок этиш учун кўрсатилаётган ёшларнинг бизнес-режаларини ўрганиш натижалари туман (шаҳар) партия Кенгаши комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама этилади;

1.6 Туман (шаҳар) Комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиш қарорининг нусхаси, (номзодларнинг ҳужжатлари ва улар ҳақидаги қўшимча материаллар) вилоят кенгашига   3 кун муддат ичида топширилади.
    
II. ЛОЙИҲАНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИНИ АМАЛГА ОШИРИЛИШ ШАКЛИ:

2.1 “Диплом  билан бизнесга” лойиҳаси доирасидаги ўқув-курслар ҳар ўқув йилининг май, июнь ойларида ўтказилади.

2.2 Ўқув-курсларни юқори савияда ташкил этиш ва тадбиркорлик фаолиятига қизиқиши бўлган туман (шаҳар) комиссиялари томонидан тақдим  этилган, камида 10 нафар битирувчи ёшлардан иборат рўйхат шакллантирилади.  

2.3 Ўқув-курсларни ўтказиш учун амалий бизнес тажрибасига эга бўлган тадбиркорлар ва фермерлар жалб қилинади.

2.4 “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси доирасидаги ўқув-курсларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳудудларда ташкилий қўмита фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда унинг таркибига депутатлар, иқтисодиёт соҳасининг малакали мутахассислари, тажрибали тадбиркорлар ва фермерлар, манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари киритилади.

2.5 Ўқувларда малакали мутахассислар янги ўқув технологиялари, интерфаол услублар, маърузалар, баҳс-мунозаралар шаклида машғулот олиб боришади.  

2.6 Ўқувлар якунида иштирокчилар тадбир ташкилотчиларининг сертификат ва совринлари билан тақдирланади.

2.7 Ўқув-курсларни ўтказилиши бўйича иштирокчиларга O’zLiDePнинг  ҳудудий бўлимлари орқали маълумот берилади. Ўтказиладиган тадбирларнинг харажатлари ҳудудий Кенгашлар ҳамда ҳамкор тижорат банклари ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан қопланади.

III. “ДИПЛОМ БИЛАН БИЗНЕСГА” ЛОЙИҲАСИНИНГ ТУМАН БОСҚИЧИДА ИШТИРОК ЭТИШ ШАРТЛАРИ

3.1 Кредитнинг сўндирилмаслик хавф-хатаридан ҳоли бўлиш мақсадида қарз олувчи асосий мезонида ликвид таъминот турига эга бўлиши лозим.

-Банк ёки Суғурта ташкилотлари кафолатлари; 

- Учинчи шахс (юридик ва жисмоний шахс) кафиллиги. Тўлов лаёқатлилиги ва молиявий ишончлилиги текширилган, барқарор молиявий ҳолатли доимий пул маблағлари оқими мавжуд бўлган корхоналарнинг кафиллиги қабул қилинади;

Эслатма: Жисмоний шахс кафиллиги нотариал тасдиқланиши шарт. 

3.2 Бизнес мулк (савдо дўконлари, меҳмонхоналар, цехлар, офисхоналар ва бошқалар). Савдо дўконлари бозор ҳудудида жойлашган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги ПҚ-1326-сонли Қарорининг                      3-банди 3-хат бошига асосан бозорларнинг ҳудудида ер участкалари ажратиб берилишига, шунингдек бозорга тегишли кўчмас мулк объектларини жисмоний ва юридик шахсларга мулк қилиб топширилишига йўл қўйилмайди: 

-натурал қийматга эга товарлар, қимматбаҳо буюмлар, қимматли қоғозлар гарови ҳамда валюта, ўз банкидан депозитлар, шунингдек автотранспорт;

-қурилиш участкалари (бизнес мақсадида);

-давлат қисқа муддатли мажбуриятлари;

-юқори ликвидликка эга қимматли қоғозлар ҳам гаров предмети бўлиши мумкин. 

3.3 Банк томонидан гаровга қўйилаётган мулкнинг гаровга олиш қиймати (ўзаро келишув баҳоси) баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланган мулкнинг қийматининг 80 фоизидан ошиши мумкин эмас. Гаров буюмлари - кўчар ва кўчмас мулклар - йўқотиш ва зиён етказилиши ҳодисаларидан қарз олувчи фойдасига суғурта қилиниши керак.

3.4. Тижорат банклари томонидан кредит таъминотига банк таъсислигида ташкил қилинган суғурта компаниясининг кредитни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш полисларини кредит таъминотига қабул қилиш масаласи алоҳида кўриб чиқилиши имкони мавжуд. 
 
IV. “ДИПЛОМ БИЛАН БИЗНЕСГА” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ЎҚУВ - КУРСЛАРНИНГ ҚИСҚАЧА МАЗМУНИ

Ёшлар жамиятда ўз ўрнини топиши, жамият қурилишида мавжуд бўлган тартиб ва қоидаларга амал қилган ҳолда унинг фаол иштирокчисига айланиши лозим. Жамият ривожланишида ёшларни истеъдод ва интилишларидан самарали фойдаланиш, тараққиёт ва фаровонликнинг муҳим омилларидан бири саналади.

Ҳозирги вақтда, мамлакатимиз ижтимоий фаол аҳолисининг 70 фоиздан ортиғи кичик ва тадбиркорлик соҳасида бандлигини ҳисобга олсак, бу соҳага ёшларни кенг жалб қилмасдан туриб, уларнинг жамиятда ўз ўринларига эга бўлишини тасаввур қилиб бўлмайди.

Бинобарин, миллат ва давлат келажаги ёш авлод экан, уларнинг тадбиркорлик ва кичик бизнес билан шуғулланиши, юртимиз ва дунёда кечаётган улкан иқтисодий жараёнларда фаол қатнашиши юрт келажагига бевосита таъсир кўрсатиши маълум.

Бугунги ёшларимиз ўз тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишлари, ҳуқуқий билим ва кўникмаларга эга бўлишлари учун яратилаётган шарт - шароитлардан самарали фойдаланишлари зарур.

Жумладан,  бошланғич тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун юридик шахс ёки тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиш, юридик мақомга эга бўлиш учун талаб қилинадиган бирламчи ҳужжатлар ҳақида маълумотга эга бўлиши керак. Ҳуқуқий меъёрлар ҳақида тушунча ва тегишли маълумотга эга бўлиш, тадбиркорлик субъектининг банк, солиқ, божхона ва бошқа тегишли идоралар билан ўзаро муносабатга киришиш лаёқатига эга бўлишлиги, банк муассасаларидан кредит расмийлаштириш борасидаги мавжуд ҳуқуқий меъёрлар билан яқиндан танишиш каби масалалар шулар жумласидандир.

Мазкур ўқув-курслари юқоридаги муаммоларни ҳал этилиши учун қўйиладиган илк қадам бўлиб хизмат қилади.

V. ЎҚУВ-КУРСЛАРНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАСИ

5.1 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги  4232-сонли “Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат Дастурида белгиланган вазифалар  ижросини таъминлаш масалаларини янада ривожлантириш;

5.2 лойиҳани амалга ошириш орқали  жойларда ёшлар ўртасидаги бандлик муаммолари масалаларига салмоқли ҳисса қўшилиб, тадбиркорлик орқали ёшларнинг жамиятда ўз муносиб ўрнини эгаллашга кўмаклашиш;

5.3 инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали  ишбилармонлик қобилиятига эга бўлган ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва уларга ўз бизнесини йўлга қўйишга кўмаклашиш;

5.4 тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги муаммолар ўрганилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш ва амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

5.5 мамлакатимизда юқори самарадорликка эришаётган  ёш тадбиркорларнинг тажрибаларини ўқув семинарлари давомида ва ОАВлари орқали кенг тарғиб қилиш;

5.6 партия сафини тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларига эга бўлган, жамиятдаги ўзгаришларда фаол ишитирок этадиган ёшлар ҳисобига кенгайтириш ва партиянинг истиқболли кадрлари заҳирасини тўлдириш.

VI. ЛОЙИҲА ДОИРАСИДАГИ ЎҚУВ-КУРСЛАРДА ИШТИРОК ЭТГАН БИТИРУВЧИЛАРГА ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ СЕРТИФИКАТЛАРИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ

6.1 Тижорат банклари томонидан сертификатларга мувофиқ имтиёзли кредитлар бериш, якка тартибдаги тадбиркорларга, деҳқон ва фермер хўжаликларига, шунингдек кичик тадбиркорликнинг бошқа субъектларига Ўзбекистон Республикасининг "Микромолиялаш тўғрисида"ги Қонунига, шунингдек тижорат банклари томонидан белгиланадиган микромолиявий хизматлар кўрсатиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

6.2 Сертификатлар устувор равишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги юқори технологияли ва инновация лойиҳаларини, узоқ ва бориш қийин бўлган туманларда, шунингдек меҳнат ресурслари ортиқча бўлган туманлар ва шаҳарларда жойлашган ишлаб чиқариш микрофирмаларини, кичик корхоналарни, деҳқон ва фермер хўжаликларини молиялаштириш ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган таълим муассасалари битирувчиларини иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида кредит маблағларидан фойдаланиш учун берилади.

6.3 Банклар томонидан сертификатларга мувофиқ кичик бизнес субъектларига ўз тадбиркорлик фаолиятларини амалга оширишлари учун кредитлар ажратилишида, аввало уларнинг бизнес лойиҳалари ҳисоб-китобига, амалга ошириш жойига ва лойиҳанинг самарадорлиги ҳамда кредит таъминотига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.

VII. ЛОЙИҲА ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ КЕЙИНГИ ФАОЛИЯТИ МОНИТОРИНГИ ВА МАСАЛАГА АМАЛИЙ ЁНДАШУВ

7.1 Ҳар бир иштирокчининг семинардан кейинги фаолияти худудий партия ташкилотлари орқали тизимли таҳлил қилиниб уларнинг фаолиятига масаланинг ечимига қараб яқиндан ёрдам кўрсатилади.

7.2 Ҳар бир иштирокчига туғилаётган муаммо ва масалалар моҳиятига қараб партиянинг ҳудудий Кенгашлари томонидан имкон қадар маҳаллий ҳукумат органлари кўмагида ечимлар топилишига ёрдам кўрсатилади.

7.3 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари билан лойиҳа иштирокчиларининг ҳар ойда жойларда ёшларнинг тадбиркорликка оид муаммоларини ўрганиш мақсадида учрашувлар ташкил этиш ҳамда мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ҳал қилиниши юзасидан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига таклифлар киритиб бориш.

  • Кўрилди
    15199
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш