“O‘ZLIDEP БИЛИМДОНИ” онлайн танлови

21.11.2017, 17:29

“O‘ZLIDEP БИЛИМДОНИ” онлайн танлови

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси расмий веб-сайтида партия фаоллари ва хайрихоҳлари ўртасида “O`zLiDeP билимдони” онлайн

танловини ўтказиш тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси расмий веб-сайтида (бундан буён матнда O`zLiDeP веб-сайти деб юритилади) 18 ёшга тўлган партия фаоллари ва хайрихоҳлари ўртасида “O`zLiDeP билимдони” онлайн танловини (кейинги ўринларда онлайн танлови деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1.1. Онлайн танлов партиянинг мақсад ва ғояларини янада тарғиб қилиш, партияга ҳайрихоҳлар сафини кенгайтириш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фаол фуқаролик позициясини янада ривожлантириш, мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, қонунчилик соҳасида ва парламент фаолиятида олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардорлигини ошириш мақсадида партия фаоллари ва хайрихоҳлари ўртасида ўтказилади.

1.2. Онлайн танлови очиқлик, ошкоралик, тезкорлик ва зукколик асосида ташкил этилади.

1.3. Онлайн танлови Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси (кейинги ўринларда партия Ижроия қўмитаси), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда ўтказилади.

II. ОНЛАЙН ТАНЛОВИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ

2.1. Онлайн танлови ҳар йили икки босқичда ўтказилади ва партия веб-сайтида эълон қилинади.

2.2. Онлайн танловида партия фаоллари ва хайрихоҳлари, шунингдек, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этишлари мумкин.

2.3. Онлайн танловни ташкил этиш ва уни ўтказиш масъул ташкилотчиларнинг вакилларидан таркиб топган Ташкилий қўмита зиммасига юклатилади.

2.4. Онлайн танловнинг биринчи саралаш босқичи 2017 йил 2 октябрь куни эълон қилинади ва 2017 йил 23 октябрь куни соат 2400 гача ўтказилади.

Иккинчи - якуний босқич 2017 йил 25 октябрь куни эълон қилинади ва 2017 йил 30 ноябрь куни соат 2400 гача ўтказилади.

III. ОНЛАЙН ТАНЛОВИ ШАРТЛАРИ ВА ТАЛАБЛАРИ

3.1. Онлайн танловида иштирок этишни хоҳловчилар партия веб-сайти орқали танлов иштирокчиси сўровномасини тўлдиришлари, унда ўзи ҳақидаги тўлиқ ва аниқ маълумотлар (исм-шарифи, туғилган йили, иш ёки ўқиш жойи, яшаш жойи (манзили), паспорт маълумотларини, шунингдек, телефон рақами) кўрсатилиши лозим.

3.2. Онлайн танловининг биринчи - саралаш босқичида ҳар хафта сайтга  3 тадан савол жойлаштирилади. Иштирокчилар ҳар бир тўғри жавоб учун      1 баллга эга бўладилар  

Саралаш босқичи саволларига тез, аниқ ва энг кўп жавоб берган танлов иштирокчиси иккинчи - якуний босқичга ўтади. Онлайн танлов иштирокчисининг иккинчи - якуний босқичига ўтганлиги тўғрисидаги маълумот O`zLiDePнинг веб-сайтида эълон қилинади.

3.3. Онлайн танловининг иккинчи - якуний босқичига ўтган иштирокчилар ҳар хафта сайтга жойлаштирилган 3 та саволга жавоб берадилар.  

Саволларга энг кўп ва биринчи жавоб берган иштирокчилар орасидан вақт мезонига қараб ғолиблар аниқланади.

3.4. Онлайн танлови иштирокчилари берилган саволларга фақат бир марта жавоб бериши белгиланган.

3.5 O`zLiDeP веб-сайтининг алоҳида бўлимида иккинчи - якуний босқичига ўтган танлов иштирокчиларининг рўйхати эълон қилинади, унда қатнашчиларнинг исми-шарифи, вақт мезони асосида тўплаган баллари кўрсатилади.

  1.  Онлайн танловидаги саволлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари ва маърузалари ҳамда мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалардаги ислоҳотлар, сиёсий партиялар, сайлов жараёнлари ва унга тааллуқли бўлган қонунлар, O`zLiDePнинг мақсад ва вазифалари ҳамда сайловолди платформаси юзасидан тузилади.

Барча саволлар тўртта жавоб вариантлари билан бирга ўзбек тили (кирилл алифбоси)да жойлаштирилади.

  1. Онлайн танлови ўтказилиши ҳақидаги ахборот O`zLiDeP веб-сайти, “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

IV боб. ОНЛАЙН Танловини ўтказиш бўйича ИШЧИ ГУРУҲ

4.1. Онлайн танловни ўтказиш учун ташкилий қўмита таркиби Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларидан тузилади.

4.2. Онлайн танлов ғолиблари O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланадилар.

4.3. Онлайн танловида юқори балл тўплаган иштирокчилар учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати биносига саёҳат уюштирилади.

4.4. Вақт мезони асосида энг юқори балл тўплаган уч нафар иштирокчи танловнинг мутлоқ ғолиби деб эълон қилинади.

1-ўрин учун қимматбаҳо соврин;

2-ўрин учун қимматбаҳо соврин;

3-ўрин учун қимматбаҳо соврин билан тақдирланади.

4.5. Агар уч нафар ғолибни баллари тенг келиб қолса, (яъни танлов якунларига кўра, йиғилган баллар миқдори ва вақт мезони қатнашчиларда бир хил бўлиб қолса), танлов ғолибларини аниқлаш Ташкилий қўмита томонидан белгиланади.

V боб. Якуний қоидалар

5.1. Онлайн танлови ғолиблари 15 декабрь куни эълон қилинади ва тантанали равишда тақдирланади.

5.2. Онлайн танлов ғолиблари ҳақидаги ахборот O`zLiDeP веб-сайти ва ижтимоий тармоғида ҳамда “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетасида эълон қилинади.

  • Кўрилди
    10251
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш