ҚОНУН ЛОЙИҲАСИГА ТАКЛИФ: ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ТЎҒРИСИДА

22.04.2019, 09:15

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИГА ТАКЛИФ: ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ТЎҒРИСИДА

                                                           1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва уни қўллаш соҳалари

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асосларини, шу жумладан, давлат-хусусий шерикликнинг қоидалари
ва тартиботлари, институционал тузилмаси, принципларини ва давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ бошқа масалаларни тартибга солишдан иборатдир.

Мазкур Қонуннинг амал қилиши, Қонун кучга киришидан аввал тузилган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларга, шунингдек, маҳсулот тақсимоти ҳақидаги битимларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Мазкур Қонун қўлланадиган соҳага кирувчи муносабатларга нисбатан давлат харидларига оид қонунчилик ҳужжатлари татбиқ этилмайди.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлат-хусусий шериклик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилиги ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат-хусусий шериклик – давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида муайян муддатга юридик расмийлаштирилган ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўлиб, битим асосида хусусий инвестициялар ва/ёки бошқарув тажрибасини жалб қилиш, шунингдек, хавф-хатарлар ва мажбуриятларни икки тараф ўртасида бўлиш ва/ёки тақсимлаш ҳамда давлат томонидан етказиб берилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар сифатини ошириш, шунингдек, давлат олдида турган ижтимоий ва инфратузилма муаммоларини бартараф этишга йўналтирилган бўлиши лозим;

давлат шериги  – Ўзбекистон Республикаси номидан, ушбу Қонун билан тартибга солинадиган муносабатларда ҳаракат қиладиган давлат бошқаруви органлари, жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус ваколат берилган органлар;

якуний истеъмолчилар – давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ хусусий шерик тарафидан товарлар етказиб бериладиган ва (ёки) хизматлар кўрсатиладиган шахслар;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси – давлат шериги ва (ёки) хусусий шерик/хусусий ташаббускор томонидан ишлаб чиқиладиган, лойиҳани амалга оширишнинг энг мақбул ечимини танлашни асаслаб берадиган, лойиҳанинг қиймати ва тавсифини, самарадорлиги ҳамда долзарблигини, уни амалга оширишнинг асосий хусусиятларини, шунингдек, жалб қилинадиган инвестицияларни қайтаришни таъминлаш механизмларини назарда тутадиган ҳужжат;

кредитор – давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга асосан хусусий шерикка қайтариш, тўлаш ва муддатлилик шартларида қарз бериш орқали молиялаштиришни таъминлайдиган ёки таъминламоқчи бўлган ташкилот ёки ташкилотлар гуруҳи, шу жумладан хорижий ташкилот (ташкилотлар гуруҳи);

жамоат инфратузилмаси – кўчмас мулк, кўчар мулк, интеллектуал фаолиятнинг муҳофаза қилинган натижалари, интеллектуал ҳуқуқлар ёки кўрсатилган объектларнинг жами;

давлат-хусусий шериклик объекти – жамоат инфратузилмаси, лойиҳалаш, қуриш, яратиш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида жорий этиладиган товарлар, ишлар ва хизматлар ҳамда инновациялар;

фойдаланганлик учун тўлови – жамоат инфратузилмасини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган даражага мувофиқлигини таъминлаганлик учун давлат шериги тарафидан хусусий шерикка тўланадиган даврий тўловлар;

натижалар бўйича тўловлар – давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўрсатилган давлат-хусусий шериклик натижалари асосида ҳисобланган (якуний истеъмолчилар сони, хусусий шерик тарафидан бажариладиган ёки тақдим қилинадиган ишлар, товарлар, хизматлар ҳажми) давлат шеригининг хусусий шерикка тўловлари;

ғолиб - тендер комиссияси томонидан тендер ҳужжатларига мувофиқлиги
ва бошқа талабгорларнинг тендер таклифларига нисбатан афзал шартларни таклиф қилган талабгор;

аралашиш ҳуқуқи - давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва (ёки) тўғридан-тўғри келишувда белгилаб қўйилган муайян ҳолатларнинг содир бўлиши натижасида, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ хусусий шерикнинг ҳуқуқларини харид қилиш ёки қабул қилиб олиш, хусусий шерик раҳбарияти ёки хусусий шерикнинг ўзини алмаштириш ваколатини берувчи давлат шериги ва/ёки кредиторнинг ҳуқуқи;

дастлабки саралаш – ғолибни танлашда иштирок этиш учун талабгорларни танлаш;

талабгор – тендерда қатнашиш учун ариза берган жисмоний ёки юридик шахс бўлиб, шу жумладан, хорижий бўлган, ёки юридик шахслар, шу жумладан хорижий юридик шахслар гуруҳи бўлиб, тендер танловларига ариза киритган ёхуд давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирган шахслар гуруҳи;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси – давлат аҳамиятига эга бўлган ва бошқа аҳамиятга эга вазифаларни ҳал қилиш мақсадида инвестициялар киритишни назарда тутувчи давлат ва хусусий шериклар тарафидан амалга ошириладиган ёки амалга оширилиши назарда тутилган лойиҳа;

захирадаги ғолиб - тендер комиссиясининг қарорига асосан тендер ғолибининг тендер таклифидан сўнг энг яхши тендер таклифини берган деб эътироф этилган талабгор;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим - ушбу Қонунда назарда тутилган тартиб ва шартларда давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида тузилган шартнома;

аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битим – давлат шериги, хусусий шерик ва кредитор (кредиторлар) ўртасида имзоланадиган битим бўлиб, унга кўра давлат шериги ва кредитор (кредиторлар)нинг аралашиш ҳуқуқидан фойдаланишнинг муайян ҳолатлари ва шартлари белгилаб қўйилади;

хусусий ташаббус – давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳақида шахснинг ташаббуси;

хусусий ташаббускор - хусусий ташаббус билан чиққан шахс;

хусусий шерик – давлат шериги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолайдиган шахс, ёхуд шахслар гуруҳи, шу жумладан, хорижий бўлган, тендер ғолиби томонидан лойиҳани амалга ошириш учун ташкил қилинган махсус компания.

4-модда. Давлат-хусусий шерикликнинг асосий тамойиллари

Давлат-хусусий шерикликнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

қонун олдида давлат шериги ҳамда хусусий шерикнинг тенглиги;

давлат-хусусий шерикликдан кўзланган мақсадларга, якуний истеъмолчилар, давлат ҳамда хусусий шерик манфаатларини инобатга олган ҳолда эришиш;

давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш қонун ва қоидаларининг шаффофлиги;

хусусий шерикни танлаб олишнинг тортишув ва холисликка асосланганлиги;

тендер иштирокчилари ўртасида ўзаро тенглик ва камситишга йўл қўйилмаслиги;

давлат ва хусусий шерик ўртасида хавф-хатарлар, фойда ва даромадлар, кафолат ва мажбуриятларнинг адолатли тақсимланиши;

давлат ва хусусий шерик ўртасида ҳуқуқ ва манфаатлар тақсимотида мувозанатга амал қилиниши;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш чоғида амалда бўлган ҳуқуқий режимнинг, битимнинг амал қилиш даврида ҳеч бир ўзгаришсиз сақланиб қолиниши;

коррупцияга йўл қўйилмаслиги.

 5-модда. Давлат-хусусий шерикликни қўллаш соҳалари

Давлат-хусусий шериклик иқтисодиётнинг устувор соҳалари ва ижтимоий соҳага биринчи навбатда жорий қилинади, бунда қонунчилик ҳужжатлари билан давлат-хусусий шерикликни жорий этиш тўғридан-тўғри тақиқланган соҳа
ва йўналишлар мустаснодир.

2-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК
СОҲАСИНИ ДАВЛАТ ТАРАФИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ

 6-модда. Давлат-хусусий шериклик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Давлат-хусусий шериклик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг барқарор иқтисодий ўсишини рағбатлантириш ва тараққиётини таъминлаш;

мавжуд жамоат инфратузилмасини тиклаш, ишлатиш ва сақлашга кўмаклашиш;

жамоат инфратузилмасига техник хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш сифатини ошириш;

давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

хусусий секторнинг молиявий маблағлари, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб қилиш шароитларини яратиш;

давлат-хусусий шерикликнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, замонавий услуб ва технологияларни жорий этиш
ва ушбу йўналишдаги илмий тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат-хусусий шериклик соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

тегишли соҳа ва тармоқда давлат шеригини белгилаб беради;

давлат-хусусий шериклик соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;

умумий қиймати 10 миллион АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг концепциясини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

8-модда. Давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли орган

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади) давлат-хусусий шериклик соҳасида ваколатли орган ҳисобланади.

Ваколатли орган:

давлат-хусусий шериклик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳанинг устувор йўналишларида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш тармоқ дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

давлат-хусусий шериклик соҳасидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишда  идоралараро мувофиқлаштиришни таъминлайди;

давлат-хусусий шериклик дастурларини амалга ошириш, шунингдек, муайян лойиҳаларнинг концепцияларини ишлаб чиқишда вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўмаклашади;

давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масалаларида инвесторлар, халқаро молия ва донор ташкилотлари, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, шунингдек, бозорнинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ташкил этади;

давлат-хусусий шериклик соҳасида методологик ҳужжатларни тайёрлайди;

иқтисодиётнинг турли соҳалари ва бюджет соҳаси учун давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги намунавий битимларни ишлаб чиқади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг барча учун очиқ бўлган реестрини яратади ва юритади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда кўмаклашади;

умумий қиймати 1 млн. АҚШ долларидан ортиқ эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг концепцияларини маъқуллайди, рад этади ёки қайта ишлаш учун қайтаради;

умумий қиймати 10 млн. АҚШ долларидан ортиқ эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг концепцияларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг тендер ҳужжатлари ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар лойиҳаларини келишади;

давлат-хусусий шериклик соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш
ва уларнинг малакасини оширишни ташкиллаштиради;

давлат-хусусий шериклик масалалари юзасидан тушунтиришлар беради;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга оширади.

Ваколатли орган қонун ҳужжатларга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИКНИНГ ШАРТЛАРИ, ТАРАФЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 9-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги керак.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган ҳолат ва шартларда, мазкур модданинг биринчи қисмида чеклаб қўйилган муддатлар доирасида битимнинг амал қилиш муддатини узайтириш ёхуд қисқартириш тўғрисида келишиб олишлари мумкин.

 10-модда. Давлат-хусусий шериклик битимининг тарафлари

Давлат шериги ва хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари ҳисобланади.

Давлат шериги тарафидан ваколат берилган давлат корхоналари ва (ёки) бошқа ташкилотлар давлат шериги номидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга асосан давлат шеригининг мажбуриятларини ўз зиммасига олган ҳолда ҳаракат қилишлари мумкин, бироқ давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича белгиланган мажбуриятларни бажариш учун давлат шериги тўлиқ жавобгар бўлади.

Хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бир ёки бир неча пудратчи ташкилотларга топшириши мумкин, бироқ давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича белгиланган мажбуриятларни бажариш учун хусусий шерик тўлиқ жавоб беради.

11-модда. Давлат-хусусий шериклик тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Хусусий шерик қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат шеригидан давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур ва очиқ бўлган маълумотларни олиш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларини ўзгартириш тўғрисида таклифлар киритиш;

давлат шериги айби билан зарар етказилган объект бўйича зарарни қоплаш талаби билан чиқиш.

Хусусий шерик қонунчиликка ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Хусусий шерик:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига қатьий риоя қилиши шарт;

қонунчиликда ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган жавобгарликни ўз зиммасига олиш.

Хусусий шерик давлат-хусусий шериклик шартлари асосида унга ажратиб берилган йўл ёки ер участкаларини бошқа юридик ва жисмоний шахсларга бериш ҳуқуқига эга эмас.

Хусусий шерик конунчиликка ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат шериги қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш учун ташқи консультантларни жалб қилиш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларининг бажарилиши бўйича хусусий шерикдан ҳисобот талаб қилиш ва олиш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларининг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш ҳолатининг натижаларини баҳолаш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва битим шартларини бузиш ҳолатлари мониторинг орқали аниқланган ҳолатларда уларни бартараф этишни талаб қилиш;

хусусий шерик айби билан зарар етказилган объект бўйича зарарни қоплаш талаби билан чиқиш;

хусусий шерик тарафидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг талаблари бузилган тақдирда битимни суд тартибида бекор қилинишини талаб қилиш.

Давлат шериги қонунчиликка ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат шериги қуйидагиларга мажбур:

тендер ҳужжатларини тендер қатнашчиларига етказиб бериш, тендер ҳужжатларидан келиб чиқувчи талабларни уларга тушунтириш;

тендер катнашчиларини давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилиши мўлжалланаётган объект ва жой билан танишиб чиқишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш;

агар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда хусусий шерик ўз фаолиятини олиб бориш учун мол-мулкларни бериш назарда тутилган бўлса, хусусий шерикка мол-мулкка эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бериш;

хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни амалга ошириш учун зарур бўлган лицензиялар ва рухсатномаларни олиш бўйича ёрдам бериш;

ваколатли органга давлат-хусусий шериклик тўғрисида имзоланган барча битимлар, уларнинг иловалари ҳамда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги барча ҳужжатларнинг улар имзоланган санадан бошлаб йигирма календарь кун мобайнида тақдим этиш;

хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ҳолатларда ўз сармоялари ва даромадларини эркин бошқариш ва тасарруф этиш, мол-мулклари ва фаолиятини бошқариш ва назорат қилиш бўйича ҳуқуқларини чекламаслик;

хусусий шерик ёки учинчи шахслар, жалб қилинган хусусий шериклар томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай тижорат, операцион ёки тадбиркорлик фаолиятига аралашмаслик.

Давлат шериги конунчиликка ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

4-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ЛОЙИҲАСИ БЎЙИЧА
ТАШАББУС КЎРСАТИШ ВА УНИ ТАЙЁРЛАШ

 12-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича ташаббус кўрсатиш

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича давлат шериги ва (ёки) хусусий шерик тарафидан ташаббус кўрсатилиши мумкин.

Давлат шериги тарафидан ташаббус кўрсатилган давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш мазкур Қонуннинг 13-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Хусусий ташаббускор тарафидан таклиф қилинган давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш мазкур Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ амалга оширилади.

13-модда. Давлат шериги ташаббуси билан ишлаб чиқилган давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш

Умумий қиймати 1 миллион АҚШ доллари эквивалентигача бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш, баҳолаш, тасдиқлаш давлат шериги тарафидан амалга оширилади.

Умумий қиймати 1 миллион АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ бўлган ва 10 миллон АҚШ доллари эквивалентигача бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлашнинг асосий босқичлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

давлат шериги тарафидан давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқиш;

молиялаштириш манбаларини аниқлаш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ваколатли органга юбориш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ваколатли орган томонидан кўриб чиқиш;

ваколатли орган томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини маъқуллаш, рад қилиш ёки давлат шеригига қайта ишлаб чиқиш учун қайтариш;

ваколатли орган томонидан маъқулланган давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини давлат шериги тарафидан тасдиқлаш.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси тасдиқлангандан сўнг белгиланган тартибда лойиҳалар реестрига киртилади ва давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш тўғрисида ўттиз календарь кун ичида қарор қабул қилади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги қарор қуйидаги маълумотларни қамраб олиши лозим:

лойиҳани давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида амалга ошириш асослари;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг молиявий-иқтисодий самарадорлик кўрсаткичлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ хусусий шерик тарафидан лойиҳалаштириладиган, яратиладиган, тикланадиган, реконструкция қилинадиган ва фойдаланиладиган ёки хизмат кўрсатиладиган жамоат инфратузилмасининг таркиби ва асосий параметрлари;

хусусий шерик ҳисобидан молиялаштириш ва Ўзбекистон Республикаси бюджети тизими бюджетларидан ажратиладиган маблағларнинг режалаштирилаётган ҳажмлари;

давлат шериги ва хусусий шерикнинг мажбуриятлари;

хусусий шерикка тақдим қилинаётган давлат ёрдами ҳақида маълумот;

якуний музокараларни ўтказиш муддатлари;

давлат-хусусий шериклик объектидан фойдаланган ҳолда кўрсатиладиган хизматлардан якуний истеъмолчилар томонидан фойдаланиш шартлари.

14-модда. Хусусий ташаббус бўйича таклифлар

Хусусий ташаббускор хусусий ташаббусни ишлаб чиқиши ва давлат шеригига тақдим этиш ҳуқуқига эга. Хусусий ташаббускор таклифи инновацион ёки замонавий ғоялари мавжуд муаммолар ечимини ўз ичига олиши ва хусусий ташаббускор таклифи тарафлар учун нархи ва сифати мутаносиблиги жиҳатидан тарафлар учун мақбул бўлиши лозим.

Хусусий ташаббускор хусусий ташаббусни тақдим этишдан аввал потенциал давлат шериги билан давлат-хусусий шериклик борасида муҳокамалар ўтказиши шунингдек, маълумот алмашиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси унинг концепцияси билан бирга тақдим қилинади.

Хусусий ташаббусни олган давлат шериги ўттиз календарь кун ичида хусусий ташаббусни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Хусусий ташаббусни амалга оширишни рад этилиши учун қуйидагилар асос бўлади:

хусусий ташаббускор ушбу Қонун билан талабгорларга қўйиладиган талабларга мос келмаганда;

давлат-хусусий шериклик объектига нисбатан давлат шеригининг хўжалик бошқарув ҳуқуқи ёки оператив бошқарув ҳуқуқи давлат шеригида бўлмаганда;

давлат-хусусий шериклик объектини лойиҳалаштириш, қуриш, яратиш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш, объектдан фойдаланиш ва бошқариш талаб қилинмаса.

1 миллон АҚШ доллари эквивалентигача бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини баҳолаш ва тасдиқлаш давлат шериги тарафидан мустақил равишда амалга оширилади.

Умумий қиймати 1 миллион АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича хусусий ташаббус маъқулланган тақдирда давлат шериги томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ваколатли органга тасдиқлаш учун тақдим этилади. Бундай ҳолатларда давлат шериги беш календарь кун муддатда ўзнинг расмий ва бошқа маҳсус веб-сайтларда маъқулланган давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини эълон қилади ва мазкур эълонда ҳар қандай талабгор томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳасида иштирок этиш бўйича ўз таклифларини киритиши мумкинлигини билдиради. Бунда талабгор мазкур Қонун талабларига жавоб бериши керак.

Қуйидаги ҳолларда, агар:

қирқ беш кун муддатда давлат шеригига талабгорлардан қизиқиш ва (ёки) таклифлар келиб тушмаган тақдирда, давлат шериги ушбу Қонуннинг
20-моддасига асосан давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш ҳақида қарор қабул қилади ва хусусий ташаббускор билан якуний музокараларни ўтказишга киришади, давлат-хусусий шериклик битими лойиҳасини келишади ва тендер танловларини ўтказмасдан тўғридан-тўғри хусусий ташаббускор билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузади;

талабгор томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳасида қатнашишга қизиқиш билдирилган тақдирда, давлат шериги ушбу Қонуннинг 20-моддасига асосан давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш ҳақида қарор қабул қилади ва ушбу Қонуннинг 5-бобига мувофиқ тендер танловларини ўтказади.

Тендер ҳужжатларида хусусий ташаббускорга тендер ғолиби ёки захирадаги ғолиб ҳисобидан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини тайёрлаш учун сарфлаган харажатларни ғолиб ёки захирадаги ғолиб ҳисобидан қоплаш ҳуқуқи тақдим этилиши мумкин.

Харажатларни қоплаш хусусий ташаббускорнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш учун асосланган ва тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган харажатларини қоплаш шаклида ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг тендер ҳужжатларида кўрсатилган умумий қийматининг бир фоизидан ошмаган миқдорда амалга оширилади.

 5-БОБ. ХУСУСИЙ ШЕРИКНИ ТАНЛАШ

 15-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқини берувчи тендер

Давлат шериги хусусий шерикни тендер асосида ёки тўғридан - тўғри музокаралар асосида танлаб олади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун очиқ ёки ёпиқ турдаги тендер ўтказилиши мумкин. Ёпиқ тендерлар давлат-хусусий шериклик битими объекти сифатида давлат сири ҳисобланган объектга нисбатан тузилаётган, ёхуд давлат мудофааси ва ҳавфсизлигини таъминловчи стратегик аҳамиятга
эга объектларга нисбатан тузилаётган бўлса ўтказилади.

Ёпиқ тендер, тендер ўтказиш ҳақида эълон берилмасдан ўтказилади, тендер қатнашчилари тендер ҳақида ёзма хабарнома жўнатиш йўли билан хабардор қилинади. Давлат шериги ёзма хабарнома жўнатилмаган бошқа шахсларнинг ариза ва таклифларини рад қилади.

Ёпиқ тендер ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 16-модда. Тендер ҳужжатлари

Давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқини берувчи тендерни ўтказишни тартибга солувчи тендер ҳужжатларини тайёрлайди, ваколатли вазирликлар ва идоралар билан келишиб тендер ҳужжатларини тасдиқлайди, ушбу Қонуннинг 21-моддасига асосан
тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш ҳолатлари бундан мустасно.

Тендер ҳужжатларида қуйидагилар ўз ифодасини топиши керак:

талабгорлар саралаш талабларига тўғри келишини тасдиқловчи ҳужжатларга қўйиладиган талаблар;

давлат-хусусий шериклик объектининг жойлашган манзили;

давлат-хусусий шериклик объектининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари;

давлат-хусусий шериклик объектини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, эксплуатация қилиш, молиялаштириш ва унга хизмат кўрсатиш муддатлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳаси;

хусусий шерик томонидан тақдим қилинадиган давлат-хусусий шериклик объекти ёки хизматлар сифатига қўйиладиган кўрсаткичлар ёки минимал талаблар;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни амалга ошириш мақсадида давлат шериги томонидан тақдим қилинадиган молиялаштириш ҳажми, мулклар рўйхати ёки мулкий ҳуқуқлар;

давлат-хусусий шериклик битими тарафлари ўзларига олаётган хавф-хатарлар;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси параметрларини таққослаш ва баҳолаш учун фойдаланиладиган валюта ва валюта курси, уларнинг ягона валюта курси тавсифи;

тендер мезонларининг тавсифи;

тендер буюртманомасини (таклифларини) тақдим этиш бўйича тил талаблари;

тендер буюртманомалари (таклифлари)нинг мазмуни, тендер буюртманомаси (таклифлари)ни тақдим этиш усули, жойи, муддатлари;

тендер буюртманомаси (таклифлари)ни киритиш шартлари;

тендер буюртманомаси (таклифлари) юборилган конвертларни очиш жараёни, жойи, куни ва санаси.

Давлат шериги ваколатли орган билан келишган ҳолда тендер ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга. Давлат шериги тендер ҳужжатларига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ҳақида қарор қабул қилган кунидан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмасдан тендер ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар матнини ҳамма талабгорларга тақдим қилади. Бунда талабгорлар тендер буюртманомалари ва (таклифлари)даги ушбу ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчаларни ҳисобга олиши учун тендер буюртманомалари ва (таклифлари)ни тақдим этиш муддати давлат шериги томонидан ўттиз календарь кундан кам бўлмаган муддатга узайтирилади.

17-модда. Тендер мезонлари

Тендер ҳужжатлари хусусий шерикни танлашдаги тендер мезонларини, шу жумладан, ушбу мезонлар асосида тартиблашни ўз ичига олиши керак.

Тендер мезонлари аниқ бўлиши керак, унда камситувчи қоидалар бўлмаслиги ва шунингдек, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг предмети билан боғлиқ бўлиши керак. Тендерда ёки тўғридан-тўғри музокараларда қатнашиш учун талабгор дастлабки саралаб олиш босқичида қуйидаги мезонларга мос бўлиши керак:

ҳуқуқ лаёқатига эга бўлиши;

тўлов қобилиятига эга бўлиши;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим мажбуриятларини бажариш учун етарлича молиявий ва (ёки) моддий, техник ва (ёки) малакали меҳнат ресурсларига эга бўлиши;

манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи давлат шеригига бевосита ёки билвосита алоқадорликнинг мавжуд эмаслиги.

Кайта ташкил килинаётган, тугатилаётган ва (ёки) банкротлик ҳолатида бўлган, шунингдек, мол-мулкига нисбатан тақиқ мавжуд бўлган талабгорлар тендерда катнашиши мумкин эмас.

Ғолибни танлаб олиш босқичида қўлланиладиган мезонлар қуйидагилардан иборат бўлади:

хусусий шерик томонидан давлат шеригига тўланадиган тўловлар ҳажми;

якуний истеъмолчилар учун нархлар ва тарифлар;

давлат шериги, якуний истеъмолчи томонидан хусусий шерикка тўланадиган тўловлар ҳажми;

хусусий шерик томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни амалга ошириш учун жалб килинадиган маблағлар миқдори;

хусусий шерикка бериладиган давлат ёрдами миқдори;

жамоат инфратузилмасини лойиҳалаш ва (ёки) қуриш, яратиш, реконструкция килиш, модернизация қилиш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш муддатлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал килиш муддати;

битимнинг техник ва технологик афзалликлари, эстетик, функционал ва инновацион хусусиятлари.

18-модда. Тендер комиссияси

Давлат шериги ғолибни аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда тендер комиссиясини ташкил қилади.

Тендер комиссияси таркибига давлат шериги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва ваколатли орган вакиллари мажбурий тартибда киритилади.

Тендер комиссияси раиси давлат шеригининг вакили бўлиши лозим.

Тендер комиссияси аъзоларининг сони тоқ бўлиши керак.

Тендер комиссияси унинг мажлисларида аъзоларининг камида етмиш беш фоизи иштирок этган тақдирда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга. Бунда тендер комиссиясининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади.

Ваколатли давлат органи вакили Тендер комиссияси таркибида маслаҳат овози билан катнашади.

Тендер комиссиясининг қарорлари Тендер комиссиясининг овоз беришда иштирок этган аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул килинади. Овозлар тенг бўлганда Тендер комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Тендер комиссияси ўз мажлисларининг баённомаларини юритади, баённома йиғилишда қатнашган комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади.

Тендер комиссиясининг аъзоси, давлат шеригининг раҳбар ходимлари, шахсий манфаатлар ўз вазифаларини холис бажаришига таъсир ўтказиши мумкин бўлган ҳолатлар (манфаатлар тўқнашуви) мавжуд бўлганда ўз номзодини чақириб олиши шарт.

19-модда. Тендер ўтказиш босқичлари ва жараёни

Тендер бир босқичли ёки икки босқичли бўлиши мумкин. Тендернинг босқичлари тендер ҳужжатларида белгиланади.

Умумий қиймати бир миллион АҚШ доллари эквивалентигача ва бир миллион АҚШ доллари эквивалентида бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича бир босқичли тендер ўтказилади.

Бир босқичли тендерни ўтказиш жараёни қуйидагиларни ўз ичига олади:

тендер ўтказиш ҳақидаги хабарни оммавий ахборот воситаларида ва давлат шериги ва ваколатли орган веб-сайтларида бериш;

давлат шериги томонидан тендер таклифларига сўров бериш;

талабгорлар томонидан тендер таклифларини тақдим этиш;

талабгорларнинг тендер таклифлари бўлган конвертларни очиш;

тендер таклифларини баҳолаш;

ғолибни аниқлаш;

ғолиб билан якуний музокаралар ўтказиш;

хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш.

Икки босқичли тендерни ўтказиш жараёни қуйидагиларни ўз ичига олади:

1) Талабгорларни саралаб олиш:

тендер ўтказиш ҳақидаги хабарни оммавий ахборот воситаларида ва давлат шериги ва ваколатли орган веб-сайтларида бериш;

дастлабки саралашда қатнашиш учун давлат шериги томонидан таклиф юбориш;

тендер аризаларини, шунингдек, талабгор малакасини тасдиқловчи ҳужжатларни йиғиб олиш ва баҳолаш;

дастлабки саралаб олинган талабгорларнинг рўйхатини шаклллантириш.

2) Ғолибни танлаб олиш:

давлат шериги томонидан тендер таклифларига сўров юбориш;

талабгорлар томонидан ўз тендер таклифларини тақдим этиш;

талабгорларнинг тендер таклифлари бўлган конвертларни очиш;

тендер таклифларини баҳолаш;

ғолибни аниқлаш;

ғолиб билан якуний музокаралар ўтказиш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш.

Саралашда иштирок этиш учун ариза қабул қилишнинг муддати эълон берилган кундан эътиборан камида ўттиз календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Саралашни ўтказиш учун камида иккита талабгорнинг қатнашиши талаб килинади.

Ғолибни танлаб олиш босқичида давлат шериги саралаш босқичидан ўтган талабгорларга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳаси ва тендер таклифларини бериш ҳақида сўровнома киритади.

Тендер таклифларини киритиш ҳақидаги сўровномада тендер таклифларини тақдим қилиш муддатлари кўрсатилади ва саралаш босқичидан ўтган талабгорларга юборилган санадан 45 календарь кунидан кам бўлмаслиги керак.

Битта тендер таклифи юборилган тақдирда ва тендер комиссияси томонидан талабгорнинг тендер таклифи тендер таклифи киритиш ҳақидаги сўровноманинг талабларига мос келади деб топилса, тендер комиссияси тендер бўлиб ўтди деб ҳисоблайди.

Талабгор тендер таклифи кафолатини тақдим қилади, унинг шартлари тендер таклифи киритиш ҳақидаги сўровномада белгиланади.

Тендер комиссияси томонидан барча талабгорларнинг тендер таклифлари тендер таклифи киритиш ҳақидаги сўровнома талабларига жавоб бермайди деб топилган тақдирда, тендер комиссияси тендер бўлиб ўтмаган деб ҳисоблайди ва такрорий тендер эълон қилишга ҳақли.

Тендер комиссияси ғолиб ҳақидаги маълумотни давлат шеригининг ва ваколатли органнинг расмий веб-сайтида эълон қилади.

Талабгорларнинг тендерда қатнашиши сабабли қилган харажатлари, тендер натижасидан қатъий назар, қайтарилмайди, ушбу Қонуннинг 14-моддасида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Тендер комиссияси ғолиб тақдим қилган маълумотлар нотўғри эканлигини аниқласа, тендер комиссияси ғолибни дисквалификация қилиш ҳақида қарор қабул қилади. Тендер ғолиби дисквалификация қилинган тақдирда, тендер комиссияси томонидан захирадаги ғолиб тендер ғолиби деб тайинланади.

Талабгорларнинг ҳеч бири икки ёки ундан ортиқ тендер таклифларини тақдим этишга ҳақли эмас. Талабгор тендер таклифи тендер комиссиясига топшириш муддати тугагунча исталган вақтда ўзгартириши ёки қайтариб олиши мумкин.

Давлат шериги турдош лойиҳалар турдош параметрдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилганда аввалги тендер параметрларини ўзгартирмаган ҳолда, тендер ўтказилган муддат 2 йилдан ошмаган тақдирда, тендер ўтказмасдан тўғридан-тўғри музокаралар асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузишга ҳақли.

6-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК
ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

 20-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битимни тузиш

Давлат-хусусий шериклик тартиботларига талаблар коррупция билан боглик ҳуқуқбузарликларнинг ҳамда максимал даражада коррупцияни ва коррупциоген факторларнинг олдини олиши лозим.

Давлат шериги тендер ғолиби билан тендер ҳужжатларида кўрсатиб ўтилган шартлар, муддатлар ва тартиботлар асосида  давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузади.

Тендер ҳужжатлари билан белгиланган ҳолатларда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни муҳокама қилиш бўйича ғолиб билан якуний музокаралар танлов ҳужжатларида кўрсатилган шартлар ва тендер ғолиби томонидан тендер таклифлари ўзгартирилган тақдирда ўтказилиши мумкин.

Агар ғолиб тендер ҳужжатларида кўрсатилган муддатларда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзоламаса, тендер комиссияси уни дисквалификация қилиш ҳақида қарор қабул қилади ва захирадаги ғолибни ғолиб деб белгилайди ва ғолибни дисквалификация қилиш ҳақида қарор қабул қилинган санадан бошлаб 10 календарь куни ичида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузишни унга таклиф қилади. Тендер комиссияси давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳақидаги таклиф юборилган санадан
30 календарь кун ичида захирадаги ғолибдан ижобий жавоб олмаса, тендер комиссияси тендерни бўлиб ўтмаган деб ҳисоблайди ва такрорий тендер эълон қилади.

Ғолиб дисквалификация қилинган тақдирда у тендерда қатнашиш учун сарфлаган харажатларини қоплашни талаб қилишга ҳақли эмас.

Ушбу Қонуннинг 14-моддасида назарда тутилган ҳолларда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳаси ваколатли орган билан келишилган кундан олтмиш кун ичида давлат шериги хусусий ташаббускор билан тендер ўтказмасдан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузади.

21-модда. Тўғридан-тўғри музокаралар

Томонлар қуйидаги ҳолатларда давлат шеригининг қарорига асосан тендер ўтказмасдан, тўғридан-тўғри музокаралар асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиши мумкин:

давлат мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида;

муайян шахсга интеллектуал фаолият натижалари тегишли бўлган мутлақ ҳуқуқлар, бошқа мутлақ ҳуқуқлар, ер майдони, бошқа кўчмас мулк ва бошқа мулк, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни амалга ошириш учун унинг ажралмас қисми бўлганда;

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорида белгиланган ҳолатларда.

22-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисида маълумот

Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, шунингдек концепциялари, унинг тайёрланиши ва амалга оширилиши ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, лойиҳалар концепцияси, хусусий шерикларни танлаб олиш мезонлари тўғрисидаги асосий қоидалар давлат шериги ва ваколатли органнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши шарт.

7-БОБ. ДАВЛАТ ХУСУСИЙ-ШЕРИКЛИК ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМ

 23-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг асосий шартлари

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим қуйидаги асосий шартларни ўз ичига олиши керак:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тарафлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг предмети;

тарафларнинг мажбуриятлари ва масъулияти;

давлат ва хусусий шериклар ўртасида хавф-хатарларнинг тақсимланиши;

жамоат инфратузилмасининг техник ва иқтисодий хусусиятларини, бошқа берилган мулкни ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга асосан қурилиши, реконструкция қилиниши, ишлаб чиқилиши, бошқарилиши, хизмат кўрсатилишининг техник-иқтисодий тавсифи, улардан фойдаланишнинг мақсади ва муддати;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси билан боғлиқ ишларни (ёки хизматларни) бажариш тартиби ва муддатлари;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича тегишли инфратузилма ва бошқа мулкий ҳуқуқларга нисбатан тарафларнинг мулкий ҳуқуқларини тақсимлаш, шунингдек, уларни ўтказиб бериш тартиби;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилиши учун зарур бўлган ер майдонларини ажратиш тартиби ва жараёни, ер майдонлари билан боғлиқ бошқа шартлар;

хусусий шерик томонидан тақдим этиладиган товарлар, ишлар, хизматлар учун тарифлар, нархларни белгилаш ва ўзгартириш шартлари;

тарафлар ўз мажбуриятларини бажариш усули, миқдори ва муддатлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг муддати, уни аниқлаш тартиби;

рагбатлантириш тўловларини тўлаш тартиби, шартлари, фойдаланиш учун тўловлар, натижалар учун тўловлар, хусусий шерикнинг давлат шеригига тўлови
ва (ёки) бошқа тўловлар, шу жумладан лойиҳанинг амалга оширилишидан тушган даромадлар тақсимоти;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга ўзгартириш киритиш тартиби;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тўхтатиш асоси, тартиби
ва шартлари, муддатидан олдин тўхтатиладиган битим учун тўлов тартиби
ва миқдори;

давлат шеригининг, кредиторнинг (кредиторларнинг) аралашиш ҳуқуқи;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишни назорат
ва мониторинг қилиш тартиби;

суғурта қилиш бўйича мажбуриятлар;

лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда хусусий шерикнинг мажбуриятлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича мажбуриятларини бузганлик учун тарафларнинг жавобгарлиги;

низоларни ҳал қилиш тартиби;

Ўзбекистон Республикасида меҳнатдан фойдаланиш ва ходимларни ишга олиш шартлари;

кафиллик ва кафолатлар;

хусусий шерик ва у билан аффилланган шахслар мулкига нисбатан ва бошқа мулкий ҳуқуқларга эгалик қилиш талаблари;

маҳфийлик;

атамалар ва уларнинг талқини;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шартлар ва қоидалар.

24-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни ўзгартириш ва тўхтатиш

Агар Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг ўзаро келишувига асосан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим томонлардан бирининг талабига асосан суднинг қарори билан қуйидаги ёки бошқа ҳолатларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:

томонлардан бири давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни қўпол равишда бузса ва ушбу бузилишни давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган муддатда ва шартларда бартараф этмаса;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузишда томонлар назарда тутган ҳолатлар жиддий ўзгарган тақдирда;

қонунчилик ҳужжатларида ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган бошқа ҳолатларда.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда битимни судга мурожаат қилмасдан бир томонлама бекор қилиш мумкин бўлган ҳолатлар назарда тутилиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим унинг амал қилиш муддати тугагач тўхтатилади. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим амал қилишини муддатидан олдин тўхтатишга унда назарда тутилган ҳолатларда йўл қўйилади.

Тарафлар, кредитор (лар) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битими бўйича битим муддатидан олдин тугатилган тақдирда бошқа тарафдан товон олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин, бундай товон миқдорини хисоблаш давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда ва аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

25-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун жалб қилинган мулк

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган мол-мулкни, давлат-хусусий шериклик объектини ташкил қилувчи ва (ёки) бошқа мулкни давлат шериги хусусий шерикка эгалик қилиши ва фойдаланиши учун бериш мажбуриятларини назарда тутиши мумкин, мулкни бундай тартибда ўтказиб бериш давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида амалга оширилади ҳамда мулкни бундай тартибда бериш учун қўшимча битим тузиш талаб қилинмайди.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тарафлари давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган мулкий ҳуқуқларни бир-бирига бериш, шу жумладан ижарага бериш, эгалик қилиш, ер ва бошқа кўчмас ва кўчар мол-мулкдан фойдаланиш ҳамда номоддий актив ва бошқа мулкий ҳуқуқларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим.

26-модда. Ер майдонлари ажратиш

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган давлат-хусусий шериклик объекти жойлашган ва (ёки) давлат-хусусий шериклик фаолиятини амалга ошириш учун лозим бўлган ер майдонлари Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига асосан хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган ва унинг амал қилиш муддатидан ошиб кетмайдиган муддатга берилади.

Ер майдонлари хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун шартнома асосида танловсиз тақдим этилади.

Давлат шеригининг хусусий шерикка ер майдони ёки юқорида кўрсатиб ўтилган ер майдонларига эгалик қилиш ҳуқуқларни тақдим этиш мажбуриятини бажармаслиги, агар хусусий шерикнинг ушбу давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган муддат мобайнида ўз мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қиладиган бўлса, хусусий шерик томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бир томонлама бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тўхташи давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун тақдим қилинган ер майдонига нисбатан шартномавий муносабатларни тугатишга асос бўлади.

27-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тарафларининг жавобгарлиги

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тарафлари ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки тегишли тартибда бажармаганликлари учун қонунчилик ҳужжатларига асосан мулкий жавобгар бўлади.

Бир тараф ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки тегишли тартибда бажармаганлиги учун бошқа тараф томонидан етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

28-модда. Аралашиш ҳуқуқи

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда муайян ҳолатларда
ва аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ, давлат шериги ёки кредиторлар аралашиш ҳуқуқини қўллаши назарда тутилиши мумкин.

Аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битим, давлат шериги хусусий шерик ўрнига кредиторларга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим юзасидан вужудга келган тўловларни аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битимда назарда тутилган муяйян ҳолатларда амалга ошириш бўйича мажбуриятларни кўзда тутиши мумкин.

Аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битим қуйидагиларни назарда тутади:

аралашиш ҳуқуқи;

тарафларнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга доир ахборот алмашинуви бўйича мажбуриятлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда кредиторларга тўланадиган компенсациялар тўғрисидаги низомлар;

тарафлар келишган бошқа келишувлар.

Аралашиш ҳуқуқи амалга оширилганда давлат шериги ёки кредитор давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга ва (ёки) аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битимга асосан хусусий шерикни давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда ва (ёки) аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битимда назарда тутилган муддатга четлатишга ва унинг раҳбариятини ўзгартиришга ёки ўзини янги хусусий шерикка алмаштириш ҳуқуқига эга.

Янги хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга асосан ишларни охирига етказиш ва (ёки) хизматлар кўрсатиш учун зарур талабларга жавоб бериши керак. Хусусий шерикни янги хусусий шерикка алмаштиришда тендер ўтказилмайди.

29-модда. Жамоат инфратузилмасига нисбатан мулк ҳуқуқини ўтказиш тартиби

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида лойиҳалаштирилган, яратилган, тикланган, реконструкция қилинган, бошқарилаётган ва хизмат кўрсатадиган жамоат инфратузилмасини давлат шеригига ёки Ўзбекистон Республикасининг давлат активларини бошқариш органига ўтказиш тартибини белгилайди.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда жамоат инфратузилмасига бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш қайси муддатда амалга оширилиши белгиланган бўлиши лозим:

фойдаланишга топширилганидан сўнг;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати охирида;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўрсатилган бошқа вақтда.

8-БОБ. ХУСУСИЙ ШЕРИК ВА КРЕДИТОРНИНГ
МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

 30-модда. Хусусий шерикнинг манфаатларини ҳимоя қилиш

Агар хусусий шерик тартибга солинадиган нархларда, тарифларда товарларни сотса, ишларни бажарса ёки хизмат кўрсатса, лекин тарифларни тартибга солувчи органлар товарлар, ишлар ёки хусусий шерикнинг хизматлари учун давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган даражадан паст нархларни белгиласа, бундай ҳолда давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ белгиланган нархлар фарқини хусусий шерикка тўлаб беради.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиши давомида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий хужжатлари натижасида хусусий шерикнинг ҳолати ўзгариб, ўз улушидан маҳрум бўлса, хусусий шерикнинг мулкий манфаатларини таъминлайдиган, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ тўланадиган тўлов, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддати, давлат шериги томонидан ўз зиммасига олган харажатлар ва тўловлар ҳажми бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда шартлар белгиланади.

31-модда. Кредитор манфаатларини ҳимоя қилиш

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ҳамда аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битим кредиторларнинг ҳуқуқ ва кафолатларини назарда тутиши мумкин. Бундай ҳуқуқ ва кафолатлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.

Хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик объектига бўлган ҳуқуқлари,  давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича хусусий шерикнинг ҳуқуқлари, ер майдонининг ижара шартномаси, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни амалга ошириш мақсадида тузилган бошқа шартномалар хусусий шерикнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш воситаси сифатида ишлатилиши мумкин.

Хусусий шерик ўз кредиторларига ҳар қандай турдаги ёки шаклдаги кафолат, жумладан, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва битим ижросини таъминлаш бўйича тузилган бошқа битимлар бўйича ҳуқуқларини,  эгалигида бўлган мол-мулк гаровини, давлат-хусусий шериклик лойиҳасига кирувчи активларга нисбатан ҳуқуқларини ёки акциялар гаровини, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ даромадлари ва фойдасини гаровга қўйиши мумкин.

32-модда. Тенг ҳуқуқлик кафолатлари

Давлат шериги, хусусий шерик, аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битимни имзолаган ҳолатларда кредитор ҳам давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига асосан ўзаро тенг ҳуқуқли томонлар ҳисобланадилар.

Хусусий ташаббускорлар, хусусий шериклар, шу жумладан хорижийларга Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида назарда тутилган тенг ҳуқуқлилик, фаолиятини ҳуқуқий олиб бориш, камситувчи характердаги чоралар қўлланилмаслиги кафолатланади.

9-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ

 33-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш

Ваколатли орган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилиши давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда мониторинг қилади. Хусусий шерик ваколатли органга мониторингни амалга ошириш учун жамоат инфратузилмасига кириш ҳуқуқи ва тегишли ҳужжатлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаши шарт.

34-модда. Давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш бўйича ҳисобот

Ҳар олти ойда давлат шериги ваколатли органга давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботни давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг ва аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битимнинг барча томонлари имзолаган ҳолда тақдим этади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширилиши бўйича ҳисобот шакли ва уни тақдим этиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

10-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИКНИ МОЛИЯВИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ МЕХАНИЗМЛАРИ

 35-модда. Давлат-хусусий шерикликни молиявий қўллаб-қувватлаш турлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хусусий шерикларга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида тақдим этилиши мумкин бўлган, қуйида назарда тутилган молиявий қўллаб-қувватлаш шакллари ва воситаларини белгилайди:

субсидиялар, шу жумладан, хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳасидан оладиган кафолатланган энг кам даромадини таъминлашга йўналтирилган;

давлат-хусусий шериклик учун зарур бўлган актив ва мулк тарзидаги қўйилмалар;

давлат шеригининг давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш жараёнида ишлаб чиқарилган ёки етказиб бериладиган товарлар, ишлар ёки хизматларнинг муайян миқдори ёки қисмини истеъмол қилиш ёки ундан фойдаланишга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси бюджет тизимининг бюджет маблағлари;

Бюджет ссудаси, кредит линиялари ва молиялаштиришнинг бошқа турлари;

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари;

солиқ ва бошқа имтиёзлар;

бошқа кафолатлар ва (ёки) компенсациялар.

 36-модда.  Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича тўловлар

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда якуний фойдаланувчилар тўлови, натижалар бўйича тўловлар, давлат шериги хусусий шерикка тўлайдиган фойдаланганлик учун тўловлар ва бошқа тўловларни назарда тутади.

Фойдаланганлик учун тўлов, натижалар бўйича тўлов, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўрсатилган бошқа тўловлар шаклида ажратиладиган бюджет маблағлари белгиланган тартибда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўрсатилган давр давомида  ҳар йили тегишли бюджетнинг харажатлар қисмида назарда тутилади.

Хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат шеригига тўловларни амалга ошириши мумкин, шу жумладан:

даврий асосда тўланадиган белгилаб қўйилган сумма тарзида;

бир йўла тўлов тарзида;

хусусий шерикнинг фаолиятидан ўзига тегишли бўлган исталган даромадларнинг муайян қисми тарзида;

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда тўловларни амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, хусусий шерик ўзига тегишли мулкни давлат мулкига бериши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим хусусий шерикнинг турли тўловларининг бирга қўшиб борилишини назарда тутиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган мусодара қилиш ва/ёки мулк мажбурий равишда олиб қўйилган ҳолатларда хусусий шерик давлат шеригининг, унинг органлари ва мансабдор шахсларининг қонуний ҳаракатлари натижасида юзага келадиган зарарларни қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

 37-модда. Қўлланиладиган ҳуқуқ

Агар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Хусусий шерик давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш лойиҳаси асосида тузилган бошқа битимларга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқни, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битимни эркин танлаш ҳуқуқига эга.

38-модда. Низоларни ҳал қилиш

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим, аралашиш тўғрисидаги битим ёки давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ ҳар қандай бошқа битим ёки шартномадан келиб чиқадиган ҳар қандай келишмовчиликлар тегишли битим тарафлари келишган низоларни ҳал қилиш жараёни орқали ҳал этилади.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари қўлланиладиган ҳуқуққа мувофиқ низоларни ҳал қилиш механизмини, шунингдек, низони ҳал этиш учун тартиб-таомил қоидаларни эркин танлаши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим, аралашиш тўғрисидаги битимлар ва бошқа шартномалар бўйича тарафлар ўртасидаги низоларни Ўзбекистон Республикасидан фарқ қилувчи юрисдикцияда ҳал этилишини ўз хоҳишларига кўра ҳал қилишлари мумкин.

39-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

40-модда. Қонун ҳужжатлари ва ўтувчи қоидаларни ўз кучини йўқотган деб топиш

Ўзбекистон Республикасининг «Концессиялар тўғрисида» 1995 йил 30 августдаги 110-I-сонли Қонунини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси, 1995 й. № 9, 185 - модда).

Бунда, ушбу Қонун кучга киргунга қадар тузилган концессия битимлари қонунчиликда қўлланилади ва ушбу қонун кучга киргунга қадар амал қилади.

41-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ваколатли орган ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

42-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

43-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ўтгач кучга киради.

       Ўзбекистон
     Республикаси Президенти                                                      Ш. Мирзиёев

 

  • Кўрилди
    2869
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Жамолиддин2019-04-25 09:24:19

Яхши. Тезрок кабул килиш керак


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+