Бизнинг мақсадимиз — эркин ва фаровон, демократик ҳаёт қуриш

2015 йил 6 февраль куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг VII съезди бўлиб ўтди.

***

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом КАРИМОВнинг Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг VII съездидаги маърузаси

Ҳурматли съезд қатнашчилари!

Муҳтарам ватандошлар!

Авваламбор, бугун Ўзбекистон ­либерал-демократик партияси съездининг делегатлари ва фаоллари ­билан учрашиб, сиз, азизларни ­соғ-омон, яхши кайфиятда кўришдан, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва самимий тилакларимни ­билдиришдан хурсандман.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентлигига мени номзод этиб кўрсатганингиз учун сиз, азизларимга, Ўзбекистон либерал-демократик партияси аъзоларига, бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган барча юртдошларимга чин қалбимдан миннатдорлик билдириш мен учун катта ­бахтдир.

Менга билдирилган бундай юксак ишонч ва масъулият, ҳеч шубҳасиз, катта шарафдир.

2003 йилда ташкил этилган бу партия ўзининг олдига қўйган ­мақсад ва дастурлари, амалий ташаббус ва ҳаракатлари билан, доимо халқимиз ғам-ташвишларини, муаммоларини ечишда, эл-юртимиз фаровонлигини янада ошириш йўлида ўзига тобора катта обрў-эътибор қозонмоқда.

Бу ҳақиқатни 2014 йил 21 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий ­кенгашларига бўлиб ўтган сайлов ­натижалари ҳам яққол тасдиқлади. Сайловда партия номзодларидан 52 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланиб, мазкур қонун чиқарувчи органда энг кўп ўринни қўлга киритганининг ўзи, ҳеч шубҳасиз, ушбу партия эришган марраларнинг амалий намоёни, ­десам, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Ҳозирги вақтда партиянинг 240 мингдан зиёд аъзоси бўлиб, улар асосан кичик бизнес, хусусий ­тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракати­ вакиллари, яъни ўрта синф сифатида Ватанимиз куч-қудратига, ­юртимиз тинчлиги ва осойишталигига, халқимиз фаровонлигига катта ҳисса қўшиб, Ўзбекистоннинг ҳал қилувчи кучига айланмоқда, десак, янглишмаган бўламиз.

Бугунги кунда дунёдаги кўпгина ­тараққий топган, барқарор ва бадавлат яшаётган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, аввало ўзининг хусусий мулкига эга бўлган шахс ва бундай шахслардан иборат тоифа қўлга киритган бойликни янада кўпайтиришга интилади. Шу аснода ўзининг, оиласининг турмуш фаровонлигини ошириб бориш билан бирга, давлат ва жамият зиммасидаги кўплаб вазифаларни бажаришда ҳам фаол иштирок этади. Керак бўлса, кўпгина масалаларда бошқаларга ўрнак ва намуна кўрсатади.

 Энг муҳими — буни ҳам такрор ва такрор айтишга тўғри келади — ­мулкдорлар синфи ўз юртида ­тинчлик ва осойишталик, эркин фаолият ­юритиш муҳитини сақлаш ва ­мустаҳкамлаш учун астойдил жон ­куйдиради. Чунки, ҳаммамизга яхши маълум — фақатгина осуда ҳаёт, тинч ва осойишта вазиятдагина ўз ишини бошлаш, тадбиркорлик, хусусий ­бизнесни ривожлантириб, эркин яшаш ва даромад, бойлик топиш мумкин.

Яна бир муҳим масала — халқимизнинг тарихий-маънавий ўзига ­хослиги, азалий қадрият ва анъаналаримиз, эл-юртимиз ҳаётида асрлар давомида шаклланиб келаётган ­ижтимоий адолат тамойилларининг ўзи биз қураётган янги жамиятда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмаслигини тақозо этади.

Бугунги кунда бу талаб миллий давлатчилик барпо этиш борасидаги сиёсатимизнинг муҳим пойдеворига айланганини кўп-кўп мисолларда кўриш мумкин.

Биз ўрта синф деганда, ён-атрофимиздаги айрим давлатлардаги каби турли нопок, коррупция йўллари билан беҳисоб мол-дунё орттирган ўта бойларни эмас, балки ўзининг ҳалол меҳнати, ақл-заковати, куч-ғайрати билан даромад топаётган миллион-миллион тадбиркор ва ишбилармонларни тасаввур қиламиз.

Биз ўрта синф деганда, ўзининг, фарзандларининг тақдири ва ­келажагини шу замин билан узвий боғлаган, шу юртда озод, эркин ва фаровон ҳаёт кечириш, шу юртни равнақ топтириш мақсадида тер тўкиб меҳнат қилаётган инсонларни кўз олдимизга келтирамиз.

Бу инсонлар аввало эл-юртимизнинг куч-қудрати ва бойликларини бунёд этаётган тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлик ҳаракати ва кичик бизнес, хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари, бир сўз билан айтганда, моддий ва интеллектуал мулк эгаларидир.

Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг ташкил қилиниши ва сиёсат майдонида пайдо бўлишидан кўзда тутилган мақсад ҳам, биринчи навбатда, тез ўзгариб бораётган замон талабларини ҳисобга олган ҳолда, ана шундай мулкдорлар, яъни нима учун ва ким учун меҳнат ­қилаётганини чуқур англайдиган ­инсонларни ягона эзгу мақсадни амалга ошириш йўлида бирлаштиришдан иборат эди.

Бу ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан, хаёлимиздан чиқармасдан, мулкдорлар ўртасида шаклланган муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва янги босқичга кўтариш — партиянинг ­кундалик устувор вазифасига ­айланиши даркор.

Азиз дўстлар!

Биз бугун мустақил давлат ва ­жамият қуриш, халқимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида тарихан қисқа даврда ҳақиқатан ҳам ўн йилларга, балки асрларга тенг келадиган йўлни — масофани босиб ўтдик, десак, асло муболаға бўлмайди.

Ўз вақтида, бизнинг тақдиримиз ҳал бўлаётган ўта оғир ва хатарли бир замонда, турли хомхаёллардан воз кечиб, бизга кўрсатилган тазйиқ ва зўравонликларга қарамасдан, ­бугунги кунда дунёда тараққиётнинг «ўзбек модели» деб тан олинган, ­демократик давлат, эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш, халқи­мизнинг ҳаёт даражасини муносиб босқичга кўтариш бўйича чуқур ўйланган ривожланиш йўлимизни қатъий белгилаб олганимиз, ҳеч ­шубҳасиз, том маънода тарихий ютуғимиз бўлди.

Ислоҳотларнинг машҳур беш ­тамойилига асосланган бу тараққиёт модели, аввало биз танлаган ­тадрижий — эволюцион йўл нақадар тўғри ва самарали эканини бугун ҳаётимизнинг ўзи амалда исботлаб бермоқда.

Ўзбекистон тарихан қисқа муддатда бир вақтлар  иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, асосан пахта ­хомашёси етказиб беришга мослашган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, собиқ СССР таркибида аҳолининг ҳаёт даражасини ифодалайдиган кўрсаткичлар бўйича энг орқа ўринда, жар ёқасида турган қашшоқ ўлкадан бугунги кунда тез ва барқарор суръатлар билан, аввало, замонавий тармоқлар ҳисобидан ­ривож топаётган, халқаро майдонда ўзига муносиб ўрин эгаллаётган мамлакатга айланиб бораётгани кўпгина яқин ва узоқ қўшниларимизни ­ҳайратда қолдирмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, бир ўйлаб кўрганда — биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, деган саволни ўзимизга бериб, кечаги ҳаётимизни бугунги ҳаётимиз билан қиёслаганда, содир бўлаётган туб ўзгаришларнинг асл маъно-мазмунига етиб боргандагина кўп нарса бизга яққол аён бўлади.

Ўзлигимизни англаб, юртимизнинг, тақдиримизнинг том маънода эгаси бўлиб, эркин ва озод ҳаёт кечиришнинг ҳақиқий аҳамияти ва моҳиятини чуқур тушуниб олган заҳматкаш, мард ва матонатли халқимизнинг фидокорона меҳнати билан амалга оширилаётган оламшумул ишлар, мамлакатимиз, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тубдан ўзгаргани, ҳаётимиз тобора фаровон бўлиб ­бораётганини сезмаслик, кўрмаслик ва кузатмасликнинг ўзи қийин, деб ўйлайман.

Бундай улкан ютуқ ва марраларнинг асосий омили ва мезонини биз аввало одамларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тобора ўзгариб, уларнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий маданияти, фуқаролик савияси ва бурчи юксалиб бораётганида кўрамиз. Энг муҳими, эски, ўзини оқламаган тизимнинг қолип ва ақидаларидан холи бўлган, мустақил фикрлайдиган, чет мамлакатлардаги тенг­дошлари билан беллашувга тайёр, Ватанимизнинг эртанги куни учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган куч — ёшларимиз майдонга чиқаётганида бу ҳақиқатни яққол англамоқдамиз.  

Айни шулар ҳисобидан биз дуч келган оғир синов ва муаммоларга, жаҳон миқёсидаги глобал иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, дунёнинг саноқли давлатлари қаторида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатлари сўнгги 10 йил давомида 8 фоиздан зиёд бўлиб келмоқда. Жорий ­йилимизда ҳам, иншооло, бундан кам бўлмайди.

Мустақил тараққиёт йилларида Ўзбекистонимизнинг иқтисодиёти 5 каррадан кўпроқ, аҳоли даромадлари жон бошига ўртача 8,7 баробар ўсганини, мамлакатимиз аҳолиси шу даврда 1,5 марта кўпайиб, 2015 йилнинг бошида 31 миллион 500 минг кишини ташкил этганини инобатга оладиган бўлсак, очиғини айтганда, биз эришган ютуқларни баъзан ­одамлар тасаввур қилиши ҳам қийин бўлмоқда.

Мамлакатимизнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 15 фоиздан ошмаслиги, ички ­қарзимиз, яъни аҳолимиз олдида қарзимиз умуман йўқлиги, экспорт ҳажми, олтин-валюта захираларимиз барқарор суръатлар билан кўпайиб бораётгани барчамизни албатта қувонтиради.    

Ҳурматли дўстлар!

Биз ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмаслигини албатта яхши англаймиз. Агарки биз XXI асрда, шиддат билан ўзгариб бораётган ­дунёда, тобора авж олаётган глобаллашув жараёнлари,  Интернет ва интеллектуал тараққиёт ҳал қилувчи роль ўйнаётган бир даврда яшаётганимизни ҳисобга оладиган бўлсак, ҳаёт қандай тез ўзгараётганини ­айниқса чуқур ҳис қиламиз.

Ана шундай шароитда эришган ­натижаларимизга маҳлиё бўлмасдан, ҳаволаниш кайфиятига берилмасдан, шу пайтга қадар босиб ўтган ­йўлимиз — бу олдимизда турган мураккаб ва оғир йўлнинг фақат бир қисми ­эканини ўзимизга аниқ тасаввур ­этишимиз  керак.

Бугунги кунда бизни  ўраб турган дунё қанчалик тез ўзгариб бораётгани, яқин ва узоқ атрофимизда турли можаро ва қон тўкишлар давом ­этаётгани, терроризм, экстремизм ва наркотрафик хавфи ортиб, молиявий-иқтисодий инқироз ва унинг оқибатлари янада чуқурлашиб бораётгани ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Албатта, буларнинг барчаси бизнинг ҳар биримизни ташвишга солмасдан қўймайди ва биздан жаҳонда юзага келаётган ­вазиятни сергаклик билан баҳолашни талаб қилади.

Бу ўринда гап, биринчи навбатда, юртимизда амалга оширилаётган ­ислоҳотларни, мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилишни ­давом эттириш ва чуқурлаштиришга ­қаратилган эътибор ва саъй-ҳаракатларимизни асло камайтирмаслик ҳақида  бормоқда.

Айни шу вазият ва ҳолатларни ­инобатга олиб, олдимизда турган энг долзарб ва устувор вазифалар ҳақида гапирганда: аввало, биз учун 2015 йилда ва ундан кейинги даврда энг устувор вазифа — бу таркибий ўзгаришлар сиёсатини олиб бориш, саноатни диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш, ахборот-коммуникация ­тизимларини кенг жорий этиш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини оширишни таъминлашдан иборатдир.

Ўз олдимизга қўйган бу мақсадга эришиш учун ишлаб чиқариш ­харажатларини қисқартириш, иқтисодиётимизнинг реал секторида эскирган асбоб-ускуналар ва технологик қолоқликка барҳам бериш каби принципиал масалаларни ҳал қилиш, шунингдек, очиқ айтиш керак, ислоҳотларни амалга оширишда, биринчи нав­батда, мулкдорлик масаласида чала-ярим ишларга йўл қўймаслик, иқтисодиётни бошқаришда маъмурий-буйруқбозлик усулларининг қолдиқларини бутунлай бартараф этиш зарур.

Барчамиз бир ҳақиқатни яхши ­тушуниб олишимиз шарт. Яъни, ­таркибий ўзгаришларни амалга оширмасдан, ишлаб чиқаришни ­диверсификация қилмасдан туриб, маҳсулотларимизни ташқи бозорларга олиб чиқиш бўйича экспорт ­дастурини жадал ривожлантириш, ­валюта даромадлари тушумини ­таъминлаш ва мамлакатимизда юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринларини яратиш ҳақида ­гапиришнинг ўзи мумкин эмас.

Биринчи навбатда, жаҳон бозорида юқори даражадаги рақобатга дош бера оладиган ва келгуси даврда мамлакатимизда иқтисодий ­ўсишнинг, иқтисодиётни янада ­модернизация ва диверсификация қилишнинг локомотивига айланиши мумкин бўлган тармоқларни жадал ривожлантириш ва аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлашни ­таъминлаш лозим.

Иқтисодиёти аввало хомашё ва яримтайёр маҳсулотлар ишлаб ­чиқаришга асосланган давлатнинг ­эртанги куни гумон бўлиши ­барчамизга маълум.

Ўзбекистон жаҳон бозорида ­хомашё ресурслари, масалан, пахта ва бошқа хомашё турларининг ­баҳоси кескин тушиб кетган вазиятларни ўз мисолида кўп бор кўрган, бошидан кечирган.

Шу билан бирга, агар ана шу ­пахта хомашёсининг ўзини тўқимачилик ва енгил саноатнинг бошқа тармоқларида янада чуқур қайта ишлашни ­таъминлаб, четга бўялган ип-калава, трикотаж полотно ва матолар ­сотадиган бўлсак, кейинчалик тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб ­чиқариш бўйича замонавий технологиялар ва дизайнни ўзлаштириб ­олсак, катта самарадорликка эришишимиз мумкин.

Ана шу биргина мисол асосида бизда ҳали-бери ишга солинмаган қанча-қанча имкониятлар борлигига ишонч ҳосил қилиш қийин эмас, деб ўйлайман.

Бу ўринда, авваламбор, дастлабки хомашё ва  яримтайёр маҳсулотларни янада чуқур қайта ишлаш ­бўйича замонавий технологияларни жорий қилиш ҳақида сўз бормоқда. Бунинг учун нефть-газ, нефть ­кимёси ва кимё, енгил ва электротехника ­саноати каби тармоқларда ва ­шунингдек, жаҳон бозорида, ички ва минтақавий бозорларда талаб катта бўлган тайёр маҳсулотлар ишлаб ­чиқарадиган тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, электроника ва маиший электр техникаси, маиший кимё  ­товарлари, қурилиш ва пардозлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ­соҳаларида янги мажмуалар, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш долзарб вазифаларимиз қаторига ­киради.  

Иккинчидан. Мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ўсиши ва истиқболи, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини белгилаб беришга кўп ­жиҳатдан боғлиқ бўлган энг муҳим устувор вазифа — бу хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик ривожи йўлидаги барча ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш ва бу соҳага тўлиқ эркинлик беришдан иборат.

Таъкидлаш керакки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда хусусий мулк ва инвестицияларнинг меъёрий-ҳуқуқий асосини яратиш ва уларнинг дахлсизлигини ҳимоя қилиш, хусусий мулкдорлар учун зарур шарт-шароит ва кафолатлар туғдириб бериш ­бўйича кўп иш қилинди.

Қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ­савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш соҳаси каби кўпгина тармоқлар ва уй-жой фонди, истеъмол товарлари ишлаб чиқарадиган соҳалар деярли тўлиқ хусусий мулк шаклига ўтказилди.

Бугунги кунда ҳаётнинг ўзи, ­мамлакатимизда хусусий мулк ва ­хусусий тадбиркорлик фаолиятининг амалиёти айнан мана шундай мулк шаклининг давлат мулкига нисбатан ҳар томонлама устунлигини ишончли тарзда исботлаб бермоқда. Хусусий корхоналарда сидқидилдан меҳнат қилишга ундайдиган омиллар ва ­шахсий манфаатдорлик даражаси ва энг асосийси, ўзининг ишлаб ­чиқариш ва молиявий фаолиятининг якуний натижаси учун масъулият ҳисси бутунлай бошқача экани ­айниқса эътиборлидир.

Хусусий секторда маблағлардан тобора самарали фойдаланилмоқда. Бу соҳада юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлаш, ишлаб чиқариш ­харажатларини камайтириш ва ­меҳнат унумдорлигини оширишни таъминлашга бўлган қизиқиш ва ­интилиш анча кучли бўлиб, ишлаб ­чиқаришнинг имкон қадар кўпроқ ­даромад олиш каби пировард ­молиявий натижалари ҳам сезиларли равишда юқоридир.   

Айнан кичик бизнес, хусусий ­тадбиркорликка хос бўлган ана ­шундай туб ва устун жиҳатлар, ­шунингдек, мустақиллик йилларида яратилган рағбатлантирувчи омиллар, имтиёз ва преференциялар ушбу ­соҳанинг Ўзбекистондаги жадал ­тараққиётини белгилаб бермоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 56 фоизи ана шу соҳага тўғри келаётгани ва иш билан банд аҳолининг 75 фоизи мазкур ­тармоқда меҳнат қилаётгани бу ­фикрни яққол тасдиқлаб турибди.

Минг афсуски, хусусий мулк ва ­хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида ҳали-ҳамон турли ­маъмурий ғов ва тўсиқлар сақланиб қолмоқда. Энг ёмони, мансабдорлар томонидан бу соҳа вакилларининг қонуний манфаат ва ҳуқуқлари ­бузилаётгани билан боғлиқ кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Бундай ҳолатларни таг-туги билан бартараф этиш,  мулк ҳуқуқининг ­кучли юридик норма ва кафолатлари тизимини шакллантиришимиз ва шу асосда давлатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий таянчига айланадиган ­хусусий мулкдорларнинг кенг қатламини яратишга эришмоғимиз зарур.

Хусусий тадбиркорлар учун ресурс­ларни очиқ биржа ва ярмарка ­савдоларида сотиш ҳажмини ­кенгайтириш ҳисобидан хомашё ­ресурсларидан фойдаланиш ­механизмини тубдан қайта кўриб ­чиқиш, уни янада соддалаштириш, очиқ-ошкора бўлишини таъминлаш лозим.

Бу борада  хусусий мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини ошириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахс­ларининг тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва ­молиявий фаолиятларига но­қонуний аралашуви учун жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида амалда ҳанузгача сақланиб қолаётган муаммоларни қайд этган ҳолда, айни вақтда ­кейинги йилларда тадбиркорларимизни ҳар томонлама рағбатлантириш учун етарли даражада кўп иш қилинганини таъкидлаш лозим. Ана шу ишларнинг давоми сифатида ­мамлакатимизда бизнеснинг муваффақиятли фаолият кўрсатиши учун солиқ юкини камайтириш, имкон ­даражасида  барча зарур шароит ва кафолатларни яратиш керак.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида кичик бизнес ва ­хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-­қувватлаш бўйича махсус жамғарма ташкил этилганидан хабарингиз бор, албатта.­

Ушбу жамғарма ёрдамида экспорт­га маҳсулот етказиб бериш бўйича хорижий шериклар билан 1 миллиард 250 миллион доллардан зиёд ҳажмдаги шартномалар имзоланган бўлиб, ўтган йили, биринчи навбатда, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермер хўжаликлари соҳасида 840 миллион доллардан зиёд ­миқдордаги товарлар экспорти ­амалга оширилди.

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг 98 фоизи солиқ ва статистика ҳисоботлари топширишни, божхона декларацияларини ­расмийлаштиришни бевосита ­электрон шаклда амалга оширмоқда. 2014 йилда тижорат банклари ­томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 9 триллион сўмдан ортиқ ёки 2013 йилга нисбатан 1,3 баробар кўп кредитлар ажратилди.

2015 йилнинг 1 январидан ­бошлаб тадбиркорлар учун даромад солиғи ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга, қурилиш соҳасидаги корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга туширилди.

Имтиёз ва преференцияларнинг ушбу рўйхатини яна давом эттириш мумкин.

Учинчидан. Бугун Ўзбекистонда иқтисодиётда ҳам, фаолиятимизнинг бошқа соҳаларида ҳам давлатнинг иштирокини танқидий қайта кўриб чиқадиган вақт келди.

Давлатнинг иштироки, авваламбор, электр энергетикаси, транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси ­сингари давлат иштирокидаги корхоналар иқтисодиётнинг барқарор фао­лият кўрсатишини таъминлаётган, ­табиий монополияларга асосланган соҳаларда сақлаб қолиниши керак.

Бошқача айтганда, давлатнинг иқтисодиётимиздаги улуши иқтисодий ва стратегик асосланган даражага қадар қисқартирилиши ва бу ҳақиқий рақобат муҳитини таъминлаши ҳамда ­тақсимотга асосланган маъмурий-­буйруқбозлик тизимининг ўз умрини ўтаб бўлган иллатларидан халос бўлишга олиб келиши лозим.

Шу муносабат билан хўжалик фаолиятида давлат улушини тубдан қисқартириш бўйича махсус дастурни қабул қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Ушбу дастурда самарасиз давлат корхоналарини тугатиб, уларни, жумладан, очиқ ва ошкора савдолар орқали тегишли инвестиция мажбуриятлари билан «ноль» қийматида сотиш орқали тўлиқ хусусий мулк шаклига ўтказиш даркор.

Корпоратив ёки акциядорлик ­бирлашмаларимизнинг фаолияти ­самарадорлигини танқидий баҳолаш долзарб масала сифатида кун ­тартибига қўйилмоқда.

Бу, биринчи навбатда, акция ­пакетларига давлат эгалик қилаётган акциядорлик жамиятларининг фаолиятига тааллуқлидир. Бундай жамиятларда, акциядорлар, айниқса, миноритарийлар, кам ҳажмдаги акцияларга эгалиги ва акциялар пакетларининг тарқоқлиги туфайли бошқарув ва қарор қабул қилиш жараёнидан амалда четда қолмоқда.

Бугун, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган акциядорлик ком­панияларининг тажрибасидан ­фойдаланган ҳолда, маҳаллий сармоядорлар қаторида хорижий акциядорлар ҳам акция эгалари бўладиган вақт келди.

Ишончим комилки, акциядорлик жамиятларини айни шундай асосда ташкил этиш бизнинг манфаатларимизга кўпроқ мос келади.

Тўртинчидан. Экологик муаммолар чуқурлашиб бораётган, сув ва ер ресурслари чекланган бизнинг ­шароитимизда ирригация ва мели­орация ишларини давом эттириш, ерларнинг унумдорлиги ва ҳосилдорлигини янада ошириш, экин майдонлари таркибини оптималлаштириш, энг янги ­агротехнологияларни жорий этиш — айнан шу йўналишлар қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишнинг ҳал қилувчи масалалари бўлиб, улар доимо бизнинг эътиборимиз ­марказида бўлиб келди ва ­шундай бўлиб қолади.

Ана шундай долзарб вазифаларнинг барчасини комплекс равишда ҳал этиш учун биз қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг келгуси 5 йилга мўлжалланган дастурини ишлаб чиқишга киришдик. Бу ­дастур аграр тармоқдаги таркибий ўзгаришларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва шунингдек, ­мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашни кўзда тутади.

Шу борада олдимизда миқёси ва кўламига кўра қандай улкан ишлар тургани ва бунинг учун қандай катта маблағлар талаб этилишини биз ­ўзимизга яхши тасаввур қиламиз.
Бу масалада ҳаётнинг ўзи бир ҳақиқатни тасдиқлаб, исботлаб бермоқдаки, қишлоқ хўжалиги ҳисобидан маблағларни тежаш мутлақо ярамайди ва биз ҳеч қачон бунга йўл қўймаймиз.  

Агарки биз бундан 5 йил олдин ерларнинг мелиоратив ҳолатини, ­биринчи навбатда, мамлакатимизнинг давлат  бюджети  ҳисобидан тубдан яхшилашга киришмасак — қани, ­айтинглар,  бугунги кунда қишлоқ хўжалиги қандай аҳволга тушиб ­қолган бўларди?

Ҳаммамизга аёнки, барча қишлоқ хўжалиги тармоқларининг самарадорлиги, бизнинг иқтисодий ва озиқ-­овқат хавфсизлигимиз, нафақат қишлоқ аҳли, балки бутун халқимизнинг моддий ­фаровонлиги, охир-оқибатда эса бозорларимизда нон ва озиқ-­овқат маҳсулотларининг нархи қандай бўлиши, авваламбор, бебаҳо бойлигимиз бўлган ерларнинг унумдорлиги, уларнинг ҳолатини ­доимий равишда яхшилаб бориш билан ­чамбарчас боғлиқ.

Бугунги кунда амалга оширган чора-тадбирларимиз натижасида 1 миллион 700 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришдик.

Сизот сувлари энг оғир даражада, яъни 2 метргача юзада жойлашган ерлар қарийб 500 минг гектарга, кучли шўрланган ерлар эса 100 минг ­гектарга қисқарди.

Мелиорация ишлари амалга ­оширилган экин майдонларида ­пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 2-3 центнер, бошоқли дон экинлари бўйича эса 3-4 центнерга ошгани бу борада эришган энг муҳим натижамиздир.

Эътиборингизни яна бир муҳим масалага, яъни ҳозирги кунда пахта экиладиган ерларни оптималлаштириш ва бошоқли дон экинлари, ­сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчилик учун ажратилган майдонларни кенгайтириш ҳисобидан экин майдонлари таркибини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалиги ­ислоҳотларининг самарадорлигига қаратмоқчиман.

Бу ҳақда гапирганда, Андижон, ­Косонсой, Чортоқ, Ўртачирчиқ, Ўзбекистон ва Бувайда туманларида ­пахта экин майдонлари қисқартирилганини, Асака, Янгийўл ва Жомбой туманларида эса пахта экишдан бутунлай воз кечилганини қайд этиш жоиз.  

Пахтадан бўшаган жами 30 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерда боғ ва узумзорлар ташкил этилиб, ­бошоқли дон, сабзавот ва картошкадан мўл ҳосил етиштирилмоқда.

Бунинг натижасида 2012-2014 йилларда пахта хомашёси тайёрлашнинг барқарор ҳажми сақланган ҳолда, ­сабзавот етиштириш — 16,3 фоизга, полиз маҳсулотлари — 16,6 фоизга,  мева етиштириш эса — 21 фоизга кўпайди.

Бешинчидан. Қишлоқ хўжалигимизнинг, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бутун мамлакатимизнинг тараққиётига улкан ҳисса бўлиб кирган фермерлик ҳаракати янги тарихимизда ўчмас из бўлиб қолажак десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Бугунги кунда умумхалқ бойлиги бўлмиш ерни  ижарага олган, бу ерга ўз мулки ва хизматини қўшган, замонавий техникага эга бўлган фермер хўжаликлари — нафақат қишлоқ хўжалигимизнинг асосий маҳсулотини ишлаб чиқарадиган, балки қишлоқнинг келажагини, тарақ­қиётини ўз масъулиятига олган ­ижтимоий-сиёсий ҳаракатдир.

Шуни таъкидлаш зарурки, ҳозирги шароитда замонавий фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан бирга, уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган, катта ­вазифалар ва масъулиятни ўз ­зиммасига олган кўптармоқли ­хўжаликларга айланиб бормоқда.

Эски Деҳқон ва фермерлар уюшмаси Ўзбекистон фермерлар кенгашига, жойларда эса вилоят ва туман  фермерлар кенгашларига айлантирилди. Бу ҳақда сўз борганда, ҳозирги вақтда фермер хўжаликларининг ривожланиши ва уларнинг фаолиятида юзага келадиган муаммоларга тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган бирон-бир масала Фермерлар кенгашининг ­бевосита иштирокисиз амалда ҳал этилмаслигини қайд этиш лозим.  

Фермерлар кенгашлари фермерлик ҳаракати, қишлоқларнинг ривожланиши ва қишлоқ аҳолисининг ­фаровонлиги ўсиши учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган қудратли ижтимоий-сиёсий кучга ­айланиб бориши муқаррар. Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, катта истиқболга эга бўлган, ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизини ишлаб чиқараётган фермер хўжаликлари мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми истиқомат қилаётган қишлоқларимизнинг бугунги ва эртанги фаровонлигини янада оширишни ўз назоратига олиши ­зарур, деб ўйлайман.

Бу соҳада давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар, ­олдимизда турган кенг кўламли ­вазифалар ҳақида барчамиз яхши ­хабардормиз.

Фақат жорий йилнинг ўзида 353 та умумтаълим мактабини қуриш, ­реконструкция қилиш ва капитал ­таъмирлаш, шунингдек, 147 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейда қарийб 400 миллиард сўм ҳажмидаги капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

2020 йилгача эса 500 та умумтаълим мактабини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, жумладан, 101 та янги мактаб барпо этиш ва 810 та касб-ҳунар коллежи ва ­академик лицейларни капитал ­таъмирлаш режалаштирилмоқда.

Тиббиёт соҳасида 2015 йилда 98 миллион доллар ҳажмидаги ­маблағ ҳисобидан 83 та тиббиёт муассасасини,  2020 йилгача эса — 180 миллион доллардан зиёд маблағ эвазига 230 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал ­таъмирлаш назарда тутилмоқда.­

Қишлоқ жойларда намунавий ­лойиҳалар асосида уй-жой қуриш ишларини давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади, 2015-2016 йилларда 2 миллиард 100 миллион доллар қийматидаги 25 мингта уй-жой бунёд­ этиш мўлжалланмоқда. Бунинг учун Осиё тараққиёт банки ҳамда ­Ислом тараққиёт банкининг маблағлари жалб қилиниши белгиланмоқда.­

Қишлоқ инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида фақат ­табиий газ ва электр тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 2020 йилгача 530 миллион доллар, телекоммуникациялар тармоғини ­кенгайтириш учун эса — 136 миллион доллар миқдорида маблағ йўнал­тириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Олтинчидан. Маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш дастурини амалга ошириш — ҳозирги босқичда энг устувор вазифаларимиз қаторида алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ушбу дастурни амалга оширишнинг нақадар улкан самара келтиришига биргина факт мисолида ишонч ҳосил қилиш мумкин. Яъни, биз бу дастурни жорий қилишга киришган 2000 йилнинг ўзидаёқ илгари четдан олиб келинадиган маҳсулотларни Ўзбе­кистонда ишлаб чиқаришни ­бошлаган эдик.

2000 йилдан буён мамлакатимизда импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 220 баробардан зиёд ошгани ҳам маҳаллийлаштириш ва импорт ­ўрнини ­босишга қаратилган ишларимизнинг қандай катта самара бераётганини кўрсатади.

Маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улкан ­имкониятларга эга эканини ­барчамиз яхши биламиз.

Ҳозирги пайтда маҳаллийлаш­тирилган корхоналар нафақат ички ­бозорни тўлдирмоқда, балки улар ­экспорт бозорига ҳам чиқмоқда.
2014 йилда умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ ҳажмда 550 турдаги маҳаллийлаштирилган ­маҳсулот экспорт қилинди.

Юртимизда биз учун бутунлай янги бўлган автомобиль саноатининг ­ташкил этилгани импорт ўрнини ­босиш бўйича олиб борилган ­оқилона сиёсатнинг ёрқин далили ҳисоб­ланади.­

Бугунги кунда Ўзбекистонда 27 та русумдаги юк ва енгил ­автомобиллар, автобуслар, минивэнлар ҳамда 15 турдаги замонавий қишлоқ хўжалик техникалари ишлаб чиқарилмоқда.

Ана шу тармоқларнинг бар­часида ишлаб чиқарилаётган ­маҳсулотлар ҳар йили 4 мил­лиард доллардан зиёд ҳажмдаги импорт товарлар ўрнини босиш имконини бермоқда.  

Ушбу стратегияни янада ривожлантириш мақсадида 2015-2019 йилларга мўлжалланган янги Маҳаллийлаштириш дастури ишлаб чиқилди. ­Мазкур дастурда умумий қиймати
5 миллиард доллардан зиёд 600 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Еттинчидан. Бугунги кунда ­тараққиёт, туб таркибий ўзгаришлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатдошлигини таъминлашнинг муҳим шарти инвестиция жараёнлари билан боғлиқ экани ҳақида ортиқча гапириб ўтиришнинг  ҳожати йўқ, деб ўйлайман.  

Фақат иқтисодиётга инвестиция киритиш жараёни узлуксиз давом этаётган соҳалардагина барқарор иқтисодий юксалиш, иқтисодиётнинг диверсификация қилиниши ва технологик салоҳиятнинг ўсиши кузатилмоқда. Ва аксинча, инвестиция ҳажми камайганда иқтисодий ўсишнинг ­барча кўрсаткичлари пасайиб, ­саноат ва бошқа тармоқларда орқага кетиш бошланади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон тараққиёти учун йўналтирилган ­инвестициялар ҳажми 190 миллиард доллардан ошди ва бу маблағнинг 65 миллиард доллардан зиёдини хорижий инвестициялар ташкил этди.   

Иқтисодиётни таркибий ўзгар­тириш доирасида кенг кўламли ­замонавий, юқори технологияларга асосланган лойиҳалар амалга оширилди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, ўнлаб ­замонавий тўқимачилик комплекс­лари, мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлайдиган ва озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлайдиган юзлаб корхоналар, энг илғор буғ-газ ва газ турбинали технология­ларни жорий этган ҳолда ишлаб ­чиқариш қувватлари модернизация қилингани ана шундай йирик ­лойиҳалар қаторига киради.

Биргина 2014 йилда Инвестиция дастурини амалга ошириш доирасида 14 миллиард 600 миллион доллар миқдоридаги капитал қўйилмалар ўзлаштирилди ва бу борадаги кўрсаткич 2013 йилга нисбатан 11 фоизга ўсди. Ушбу маблағларнинг 3 мил­лиард доллардан ортиғи хорижий инвестициялардир.

Бугун қурилаётган замонавий ­корхоналар қаторида Сурғил кони ­базасида Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион долларга тенг бўлган Устюрт газ-кимё мажмуасининг барпо этилаётгани хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар асосида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа технологик даражаси, жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми ва қурилиш кўлами бўйича ўта ноёб ҳисобланади ва жаҳон газ-кимё ­тармоғидаги энг яхши лойиҳа сифатида ҳақли равишда кўплаб мукофотларга сазовор бўлди.

Туб таркибий ўзгаришлар, стратегик инвестиция лойиҳаларини ­амалга оширишда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби халқаро молия институтлари ­сезиларли равишда ёрдам кўрсатмоқда. Ўзбекистонда ушбу институтлар томонидан йўналтирилган ­кредитлар ҳажми бугунги кунда 8 миллиард доллардан зиёдни ­ташкил этмоқда.

Инвестиция сиёсати ҳақида гапирганда, шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ҳам катта миқдорда инвестиция сарфламоқда. Мисол учун, фақат 2000 йилдан 2014 йилгача бўлган даврда ирригация тизимларини ривожлантириш, йирик ва ўта муҳим сув хўжалиги объектлари ­фаолияти хавфсизлигини ва улардан ишончли тарзда фойдаланиш ­кафолатларини ошириш учун қарийб 1 миллиард 300 миллион доллар ­ҳажмидаги маблағ йўналтирилди. Бу маблағнинг 335 миллион доллари ­Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа ­халқаро молия институтлари ҳисобидан жалб этилди.

2015 йилда ирригация тармоқларини янада ривожлантириш мақсадида 390 миллион 600 минг доллар ҳажмидаги марказлаштирилган ­капитал қўйилмаларни ўзлаштириш кўзда тутилган. Умуман олганда, 2020 йилгача ирригация тармоқларини янада яхшилашга марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобидан 1 миллиард 480 миллион доллар, жумладан, қиймати 1 миллиард 100 миллион долларга тенг имтиёзли чет эл ­кредитларини йўналтириш мўлжалланмоқда.

Инвестиция сиёсатини амалга оширишда инфратузилмани ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда қарийб 2 минг километр автомобиль йўллари, хусусан, Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган 1,5 минг километр узунликдаги йўл тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди.

Темир йўл  соҳасида 342 километр узунликдаги янги Навоий — Учқудуқ — Нукус — Султонувайстоғ ва 223 километрлик Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон тармоқлари барпо этилди, 550 километрдан зиёд темир йўл линиялари электрлаштирилди. Айни пайтда янги Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ва тоғли ҳудудлар орқали ўтадиган 19 километрдан зиёд узунликдаги тоннель қурилиши ниҳоя­сига етказилмоқда.

Саккизинчидан. Аҳоли бандлигини таъминлаш, биринчи нав­батда, касб-ҳунар коллежлари ­битирувчиларини ишга жойлаштириш ижтимоий-иқтисодий тарақ­қиётимизнинг энг муҳим устувор йўналиши бўлиб қолмоқда.

Авваламбор, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик, касаначилик ва хизмат кўрсатиш соҳасини, айниқса, қишлоқ жойларда янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилаш дастурларини амалга ошириш, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобидан кейинги пайтда Ўзбекистонда йилига қарийб 1 миллионта иш ўрни яратилмоқда. Шунинг 60 фоиздан кўпроғи қишлоқ жойларда ташкил этилаётгани айниқса аҳамиятлидир.

Тўққизинчидан. Аҳоли ҳаёт ­даражаси ва сифатини янада ­изчил ошириб бориш масаласи бизнинг доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.

Бу борада шуни қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимиз давлат бюджетининг 59-60 фоизга яқини ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Фақат ўтган 2014 йилнинг ўзида иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар ҳажми 23,2 фоиз, аҳолининг реал даромадлари 10,2 фоизга кўпайди.

Аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши тобора ортиб ­бормоқда.

Бугунги кунда ушбу кўрсаткич ­мустақил тараққиётимизнинг дастлабки йилларидаги 10,6 фоиздан 52 фоизга ошганини таъкидлаш ­лозим ва бундай катта ютуқ албатта барчамизга мамнуният бағишлайди.

Энг кўп ва энг кам даромад ­оладиган аҳоли ўртасидаги фарқ 2000 йилдаги 53,3 баробардан бугунги ­кунда 7,8 баробарга тушди. Яъни, ­бошқача қилиб айтганда, жамиятимизнинг ўта бойлар ва ўта камбағалларга кескин табақаланиб кетишига йўл қўймаслик сиёсатини амалга оширганимиз ўз натижасини бермоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги ҳар иккинчи оила юртимизда ишлаб ­чиқарилган шахсий автомобилга эга. Деярли ҳар бир оилада кундалик ­заруратга айланган мобиль телефон, ноутбук, сунъий йўлдош орқали кўрсатадиган ва кабелли телевидение, ­музлатиш камералари ва замонавий ошхона анжомлари каби янги, юқори технологияларга асосланган жиҳозлар пайдо бўлди.

Мамлакатимизда уй-жой билан ­таъминланиш даражаси, жон бошига ҳисоблаганда, 12,4 квадрат метрдан 15,4 квадрат метрга ошди. Уй-жой фондининг деярли ҳаммаси хусусий мулк шаклига ўтказилди.

Аҳолининг тўлов қобилияти ва ­истеъмол талабининг ортиб бораётгани иш ҳақи ва пенсияларнинг ­истеъмол нархлари ўсишига нисбатан жадал ошишини таъминламоқда.

Масалан, 2000 йилда ўртача иш ҳақига ўртача истеъмол саватининг ярмини, яъни 50 фоизини харид қилиш мумкин бўлган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич тегишли ­истеъмол саватининг 4,26 баробарини ташкил қилгани, яъни 2 баробардан кўпроқ ошганининг ўзи кўп ­нарсадан далолат беради.  

Ҳурматли съезд иштирокчилари!

Бугунги кунда дунёда рўй бераётган кескинлик, геосиёсий қарама-­қаршиликлар, ўз таъсир доирасини ­кенгайтиришга қаратилган курашнинг тобора авж олиб бораётгани, ҳамон ­давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз ва унинг оқибатлари, ­радикализм, терроризм ва экстре­мизмнинг янада фаоллашаётгани, ­жаҳон бозорларидаги беқарор ­вазият бизни ташвишга солмасдан ­қўймайди, ­албатта.

Ўзбекистоннинг бу борадаги принцип ва позициялари жаҳон ҳамжамиятига яхши маълум. Хавфсизлигимиз асосини ташкил этадиган мазкур принцип ва позициялар 2012 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги конституциявий қонунда мустаҳкамлаб қўйилган.   

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: биз узоқ ва яқин атрофимиздаги барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро ­манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўзимизнинг ­биринчи даражали вазифамиз деб биламиз. Энг муҳими, ҳеч қандай  ҳарбий блокка қўшилмаймиз, Ўзбекистон ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлашувига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига йўл қўймаслигимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.   

Узоқ ва яқин атрофимизда вужудга келаётган бугунги мураккаб вазиятда айнан шундай йўлни, шундай сиёсатни биз учун энг тўғри ва энг маъқул деб биламиз.

Азиз ватандошларим, қадрдон­ларим!

Биз олдимизга қўйган эзгу мақсадларимиз — демократик ва фуқаролик жамияти, барқарор суръатлар билан тараққий топаётган иқти­содиёт, тинч-осойишта, бадавлат ҳаёт барпо этиш, халқаро майдонда давлатимизга обрў-эътибор ва ҳурмат қозониш — буларнинг барчаси албатта қисқа даврда эришадиган, етиб борадиган қоялар — марралар эмас.

Буни ҳаммамиз чуқур тушунамиз.   

Лекин шу ҳақиқатни тан олган ҳолда, шу билан бирга, таъкидлаш ­керакки, эл-юртимизга инъом этган шундай омил ва мезонлар борки, улар  ўз  таъсири, куч-қувватини мустақиллик йилларида мамлакатимиз қўлга киритган, бошқалар ­асрлар давомида эришадиган, дунё ­ҳамжамиятини ҳайратда қолдираётган ютуқ ва ­марраларда яққол ­намоён этмоқда, десам, айни ҳақиқатни ­айтган ­бўламан.

Яна бир муҳим фикрни билдиришни зарур, деб ҳисоблайман.

Бугун Ўзбекистон деб аталмиш қўрғонимиз тарихан қисқа даврда ­пойдевори мустаҳкам, давр талабига жавоб берадиган замонавий давлатга айланиб бораётгани, энг асосийси, аввало, одамларимизнинг дунёқараши, фикри-зикри, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани бу борада ҳал қилувчи омиллардан бири эканини ҳаммамиз яхши англамоқдамиз.

Такрор-такрор айтишга тўғри ­келади — фақатгина халқимизнинг мардлиги ва матонати, жонкуярлиги ва қатъияти, энг муҳими, келажагимизни қуришда эртанги кунга бўлган юксак ишончи олдимизга қўйган ­мақсадларга эришишда улкан ва ­қудратли замин бўлишига аминман.

Мана шундай олижаноб, бағрикенг халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан, фидойилик билан хизмат қилиш — барчамиз учун энг юксак шараф, олий ­саодатдир.

Муҳтарам дўстлар!  

Сизларга яна бир бор ўзимнинг ­юксак ҳурмат ва эҳтиромимни, ­самимий тилакларимни изҳор этиб, барчангизга соғлик-омонлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, қут-барака тилайман.

Изображение: