ТАДБИРКОРЛАР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР ҲАРАКАТИ — ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ V СЪЕЗДИ БЎЛИБ ЎТДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг V съезди бўлиб ўтди.

2009 йилнинг 8 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг V съезди бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари, партиянинг вилоятлардаги депутатлик гуруҳлари вакиллари, вилоят кенгашларининг масъул ходимлари ва барча ҳудудлардан таклиф этилган электорат аъзоларидан иборат 300 нафарга яқин делегат, қатор жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Партиянинг олий форумида асосий эътибор сайлов жараёнлари бошланиши муносабати билан партиянинг ҳудудлардаги ҳар бир бошланғич ташкилотининг ҳар бир аъзоси ушбу сиёсий тадбирда фаол иштирок этиши лозимлигига қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларда партиянинг Сайловолди дастурини тасдиқлаш ва Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш, Тадбиркоролар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал -демократик партиясининг марказий назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботи тўғрисидаги ҳамда партия Сиёсй Кенгаши таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Съездда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Муҳаммадюсуф Тешабоев бу йилги сайловлар жуда ҳам кескин, ўта фаол ўтишини, мамлакатимиздаги мавжуд тўртта сиёсий куч ўртасида муросасиз кураш кечишини таъкидлади. Партия етакчисининг фикрича, Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилигига айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши муносабати билан юзага келган вазият бу йилги сайловларда фақат жамиятга зарур бўлган, унинг тараққиёт суръатини жадаллаштирадиган, аҳоли орзу-интилишларини ўзида мужассам этган ғояларни илгари сурадиган ва бу ғояларни ҳаётга татбиқ эта оладиган, амалий ишлари билан халқнинг ҳурмати ва ишончини қозонган сиёсий партия ва номзодларнинг муваффақият қозониши мумкинлигини тақозо этмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари  сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Концепцияси”да белгиланган тартиб-қоидалар сиёсий партияларнинг яна бир бор мазкур сайловларга бўлган тайёргарлик ишларини тубдан қайта кўриб чиқишга ундайди. Кичик бир техник хатоликнинг оқибати сайловни четдан туриб кузатишимизга ҳам олиб келиши мумкинлигини асло унутмаслигимиз керак.

Съездда таъкидланганидек, 2003 йилда ўз фаолиятини бошлаган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўз олидига Ўзбекистон халқи фаровонлигини оширишнинг ҳал қилувчи шартлари сифатида бозор тамойилларига асосланган ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётни янада ривожлантириш ва мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга барча чоралар билан ёрдам беришни мақсад қилган эди. Бугун партия 160 мингдан зиёд аъзога эга бўлган йирик сиёсий кучга айланди.

Ўтган беш йил мобайнидаги партия фаолияти таҳлил қилинса, ана шундай мақсадлар йўлида у ўзининг жойлардаги 7 мингдан ортиқ бошланғич партия ташкилоти ва қуйи палатадаги 40 та депутатлик ўрни ёрдамида ҳаракат қилганини ҳамда аниқ натижаларга эриша олгани яққол кўринади.

Мажлисда таъкидланганидек, O`zLiDePнинг Сайловолди дастури лойиҳасида кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, ишбилармонлар, фермерлар ҳамда интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ифода этилган бўлиб, O’zLiDeP уларга таянган ҳолда сайловларга киради. Бунда аҳолини ҳар томонлама ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий қўллаб-қувватлаш, Инқирозга қарши чоралар дастури доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга мададкор бўлиш ва шу орқали янги иш ўринлари яратиш, мамлакатни модернизация қилиш, корхоналарни техник ва технологик қайта жиҳозлаш жараёнларига амалий кўмак бериш каби масалалар асосий ўрин тутади.

Мажлисда, шунингдек, партия олдида турган муҳим ва аниқ мақсадлар, сайловолди жараёнларида партиянинг маълум нуқтаи назари, бунда марказий ва ҳудудий сайловолди штабининг самарали фаолияти муҳим ўрин тутиши каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар рўйхати тасдиқланди.

Съездда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати