ТАДБИРКОРЛАР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР ҲАРАКАТИ–ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ 1-ТАЪСИС СЪЕЗДИ

Сана: 17.06.2014 20:18

2003 йил 15 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Банклар уюшмасининг мажлислар залида “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг” Таъсис съезди бўлиб ўтди. Съезд ишида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 300 дан ортиқ вакил қатнашди. Улар томонидан партия Дастури ва Низоми лойиҳалари муҳокама қилиниб тасдиқланди, партиянинг Сиёсий Кенгаши ва Марказий назорат-тафтиш комиссияси сайланди. Партиянинг нашриёт органини таъсис этиш хусусида қарор қабул қилинди.

Съездда партияни тузиш буйича Ташкилий қўмита раиси Кобилжон Тошматов сўзга чикди. Партия Дастури ва Низоми лойиҳалари буйича республиканинг барча вилоятларидан келган вакиллар мунозараларда қатнашдилар.

Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий соҳаларини ҳамда жамият тараққиётининг бошқа соҳаларини эркинлаштириш, давлат ва жамиятни демократик асосда янгилаш, бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, инсон хуқуқ ва эркинликларини, хусусий мулк ва тадбиркорлар, ишбилармонлар манфаатларини ҳимоялашга йўналтирилган дастурни ҳаётга тадбиқ қилиш партиянинг асосий вазифаси этиб белгиланди.Ушбу вазифаларнинг бажарилиши партия вакилларининг сайловларда ва давлат ҳокимияти вакиллик органларининг барча бўғинларида катнашиш орқали амалга оширилиши съездда алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар харакати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси жамиятнинг мулкдорлар қатлами - кичик бизнес, фермерлик ва деҳқон хўжаликлари вакиллари, ишлаб чиқаришнинг юқори малакали мутахассислари ва бошқарув ходимлари, ишбилармонлар номидан Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасига чиқмоқда. Айнан шу ижтимоий синф бугунги кунда мамлакатимизнинг ҳар томонлама равнақ топишидан, мамлакатда демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларини чуқурлаштиришдан, фуқароларнинг турмуш даражаси ва давлатимизнинг халқаро обру-эътибори ўсишидан, тинч ва осуда ҳаёт сақланиб турилишидан манфаатдордир.

Жиддий ҳаётий салоҳиятга эга сиёсий куч сифатида янги тузидаётган партия Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши, мамлакатнинг тараққиёт ва фаровонликка томон интилишида учраётган тўсиқларни бартараф этиш ишида масъулиятни ўз зиммасига олишини эълон қилди.Партия интилиш ва қарашларини қўллаб-қувватлайдиган мамлакатнинг ҳамда хорижий давлатларнинг барча сиёсий партиялари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик олиб боришга тайёрлигини маълум қилди.

Съезд ўз ишини тугатгандан сунг партия Сиёсий Кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди. Унда Сиёсий Кенгаш Ижроия кумитасининг раиси ва унинг ўринбосарлари сайландилар.
Съезд ишининг якуни буйича оммавий ахборот воситалари учун матбуот конференцияси ўтказилди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

390