МАНЗИЛЛИ ДАСТУРЛАР ИЖРОСИ – ДИҚҚАТ МАРКАЗДА

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ўртасида имзоланган бош битим доирасида Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси билан ҳамкорликда “Мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ҳамда турларини кенгайтириш бўйича манзилли дастурларнинг ижроси: эришилган натижалар ва навбатдаги вазифалар” мавзуидаги амалий семинар ташкил этилди. 

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар кенгашларидаги депутатлик гуруҳи аъзолари, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Марказий банк ва тижорат банклари, Тошкент вилояти ва шаҳри ҳокимликлари, суғурта компаниялари вакиллари, соҳа мутахассислари ва экспертлари, партия фаоллари – тадбиркор ва фермерлар иштирок этди. 

Тадбирни кириш сўзи билан очган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев ҳудудларни ривожлантириш, айниқса, мамлакатимиз ғалла мустақиллиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга доир энг муҳим вазифаларни ҳал этишда фермерлик ҳаракатининг роли ва мавқеини ошириш масалалари партиянинг доимий эътиборида эканини таъкидлади. 

“Тадбирнинг мақсади мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кенгайтириш бўйича мақсадли лойиҳалар ижроси ҳамда мазкур соҳадаги навбатдаги вазифаларни кўриб чиқишдан иборат”, - деди С.Турдиев.

Амалий мулоқот мавзуси озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига бағишланди. Зеро, ўз аҳолисини сифатли ва миқдор жиҳатидан етарли озиқ-овқат билан таъминлаш дунёнинг исталган давлати учун мураккаб масала ҳисобланади. Партиянинг иқтисодиётни либераллаштириш ва бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш соҳасидаги вазифалари бу масала билан тўла ҳамоҳанглиги, ушбу вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш партия электорати ҳисобланган тадбиркор ва фермерлар фаолияти билан боғлиқлиги O‘zLiDeP Дастурида ҳам белгилаб берилган.

Тадбирда Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси раиси Асатилла Салимов сўзга чиқиб, мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтиришнинг 2013 йилга мўлжалланган ҳудудий дастурлари ижросини тўлақонли таъминлаш ҳамда лойиҳа ташаббускорларига амалий ёрдам кўрсатиш ва бу борадаги жамоатчилик назорати якунлари тўғрисида тўхталиб ўтди.  

- Жаҳонда давом этаётган молиявий инқироз аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш соҳасини энг долзарб масалага айлантирмоқда, - деди А.Салимов. -  Баъзи ривожланган давлатларда озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоси йилига ўртача 25-30 фоиз ортиб бормоқда. Республикамизда тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, хорижий инвесторлар учун белгиланган имтиёзлар туфайли озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги ишларни кенг кўламда ташкил этиш ҳамда нархнинг барқарор бўлиши таъминламоқда.

Паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик каби йўналишларда амалга оширилган ишлар натижасида халқимизга етарли миқдорда ва паст нархларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериляпти. Юртимизда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш борасида яратилган имкониятлар туфайли озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш кундан-кунга ортиб бораётир.

Тадбир давомида соҳани изчил ривожлантириш учун бир қатор мақсадли лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётган жорий этилаётгани ўз самарасини бераётганлиги қайд этилди.  

- Мазкур лойиҳалар муҳим аҳамиятга эга, – дейди O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоси Эсонбой Яхшибоев. – Негаки, аҳолининг мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун 2025 йилгача ҳосилдорликни 47 фоиз, экин майдонларини 20 фоизгача ошириш зарур бўлади. Биз эса экспорт салоҳиятини оширишни ҳам ўйламоқдамиз. Зеро, партиянинг ушбу соҳадаги стратегик вазифаларидан бири озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини 2 баравар ошириш, унга чуқур ишлов бериш ва экспортини юксалтиришни таъминлашга кўмаклашишдир. 

Жиззах вилоятида шу мақсадларни рўёбга чиқариш мақсадида 2013 йилда озиқ-овқат йўналишида лойиҳа қиймати 10,4 млн. доллар бўлган 88 та лойиҳа амалга оширилиб, 1243 та иш ўрни яратилди.

Бу лойиҳаларнинг 25 тасига партия депуталик гуруҳлари бош-қош бўлди. Натижада 22 та лойиҳа ўз вақтида амалга оширилди. 3 таси эса ташаббускорлар томонидан рад этилгани учун бошқасига алмаштирилди. 

Тадбирда қайд этилганидек, 2013 йилда жами 1545 та лойиҳа бажарилди, улар доирасида 17463 та иш ўрни яратилди, 307 млн. 918 АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ўзлаштирилди. 

389 та кўп тармоқли фермер хўжалиги негизида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватлари яратилди. 

Гўшт-сут ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида 310 та янги корхона ташкил этилди, 235 та корхонада модернизация ва техник қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. 

- Лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан назоратни таъминлаш мақсадида O‘zLiDeP депутатлари жойларда 115 маротаба ижро этувчи ҳокимият органлари масъул ходимлари ахборотлари эшитувини ташкил этди, 265 депутатлик сўровини юборди, улар ижросига амалий кўмаклашди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Ориф Шарипов. - Қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари харидлари ва етиштирилиши, тақсимланиши, қайта ишланиши ва сотуви тизимини яратиш ва такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. 

Фермер хўжаликларига йил давомида маҳсулотларни етказиш, мавсумий нарх ўзгаришини пасайтириш аҳолининг йил мобайнида озиқ-овқат маҳсулотларини барқарор нархларда сотиб олиш имконини оширишга хизмат қилади. Умуман олганда, маҳсулотларни харид қилиш, етиштириш, қайта ишлаш ва сотишга доир самарали тизимнинг йўлга қўйилиши салмоқли иқтисодий манфаат олиб келади ва озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга кўмаклашади.

Тадбир якунлари бўйича иштирокчилар қайта ишлаш саноатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улушини ошириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларида ишлаб чиқариш инфратузилмаси яратилишини рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини уларни экспортга чиқариш учун чуқур қайта ишлаш бўйича қатор амалий таклифларни ишлаб чиқди. 

Семинар давомида фермерлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан инновацион технологиялар, энергия тежовчи манбалар қўлланилиши даражасини ошириш зарурлиги таъкидланди. 

O‘zLiDeP Матбуот хизмати