ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ – ЗАМОН ТАЛАБИ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши томонидан “Фермер хўжаликлари моддий базаси ва техник жиҳозланганлик даражасини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. 

O‘zLiDeP ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ўртасида имзоланган Бош битим доирасида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, экспорт қилишни кўпайтириш ва турларини кенгайтиришга қаратилган мақсадли дастурлар бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу галги тадбир мазкур дастурларни ҳаётга татбиқ этишда энг муҳим ўрин тутадиган фермер хўжаликларининг моддий базаси ва техник жиҳозланишини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев бугунги кунда аграр соҳага самарали технологик ва агротехник тадбирлар чуқур кириб келаётгани, тармоқнинг моддий базаси ва техник жиҳозланишига катта эътибор қаратилаётгани унинг жадал ривожланишига хизмат қилаётганини таъкидлади. 

“Фермерларга давлатимиз томонидан етарли шарт-шароитлар яратилиб берилмоқда. Фермер хўжаликларини моддий-техник таъминлаш ва молиялаш бўйича (кредитлаш, солиқ, суғурта ва лизинг) бозор иқтисодиёти тамойилларига тўла жавоб берадиган ишончли тизим ва кўплаб имтиёзлар яратилган”, - деди С.Турдиев.

Бунинг натижасида сўнгги 10 йил давомида қишлоқ хўжалиги корхоналарига 35 мингдан зиёд қишлоқ хўжалиги техникаси ва ихчам ускуналар етказиб берилди. 2003-2012 йиллар мобайнида машина-трактор паркларини янгилаш даражаси қарийб 40%ни ташкил этди.

Фермер хўжаликларини ихтисослаштирилган техника, минитракторлар, боғлар ва узумзорларга ишлов бериш техникаси билан таъминлаш агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига имкон беради. Бу масаланинг самарали ҳал этилиши давлатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, ички ва ташқи бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари, авваламбор, мева-сабзавотлар ва узум, чуқур  ишлов берилган маҳсулотлар билан тўлдиришга кўмаклашади. 

Давра суҳбати иштирокчиси, Янгийўл туманидаги “Каримжон ўғлонлари” фермер хўжалиги раҳбари Аваз Мараимов O‘zLiDeP ва Фермерлар кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар қишлоқ хўжалиги соҳаларини диверсификациялаш, соҳага замонавий техника ва технологиялар кириб келишини тезлаштиришга хизмат қилаётганини билдирди. 

- Фермер хўжалигимиз ташкил этилган 2004 йилда фақат пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган эдик, - дейди А.Мараимов. – Мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар йўналишидан келиб чиқиб, 2012 йилдан ғаллачилик ва мева-сабзавот етиштиришга ўтдик. 13 гектар ерга мева кўчатлари ва узум экдик. Энди балиқчилик ва чорвачилик йўналишларида ҳам иш бошлашни режалаштиряпмиз. 

O‘zLiDeP фаоллари қайд этганидек, Президентимизнинг 2012 йил 21 майдаги “2012-2016 йилларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган тизимли чора-тадбирлар мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш имконини бермоқда.

- Бугунги тадбирда давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ижросининг ҳолати ҳақидаги ахборотни ҳам тингладик, - дейди Юқоричирчиқ тумани Фермерлар кенгаши раиси Шерзод Жўраев. - Жумладан, ушбу дастур доирасида мева-сабзавот соҳаси учун янги 9 турдаги ихтисослаштирилган техникани ўзлаштириш ва 6 турдагисини тиклаш бўйича комплекс ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишларнинг натижаси туманимизда ҳам сезилаётир. Қувонарлиси, туманимизда мавжуд ҳайдов ва чопиқ тракторларининг 95 фоизи тўлиқ таъмирланиб, мавсумга шайлаб қўйилди. Тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмада биз 10 та ҳайдов, 15 та чопиқ трактори харид қилишни мўлжаллаяпмиз. Фермерларимизга уларни лизингга олишга Фермерлар кенгаши яқиндан ёрдам бермоқда. 

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, мазкур дастур қишлоқ хўжалиги ва қайта ишловчи саноат тармоқларини юқори самарали, жаҳон талаблари ва стандартларига жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологик ускуналар билан жиҳозлаш даражасини тубдан ошириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, соҳага чет эл, аввало, етакчи хорижий компанияларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади.  

Буларнинг барчаси охир-оқибат фермер хўжаликларини тракторлар, боғлар ва узумзорларга ишлов бериш техникаси билан жиҳозлаш, агротехник чора-тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш имконини беради. Бу эса озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини оширишнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Тадбир иштирокчилари аграр соҳадаги замонавий техника ва технологиялар кўргазмасида ҳам қатнашди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати