ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жак-Анри Ольсни қабул қилди. Учрашув давомида меҳмонлар Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимининг ривожи, бу жараёнларда O‘zLiDePнинг роли ва ўрни, партия электорати ҳисобланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти вакиллари ва фермерларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, кўп укладли иқтисодиётни мустаҳкамлаш йўлидаги фаолияти билан таништирилди.

Мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, O‘zLiDePнинг сиёсий майдонга чиқиши, унинг тарихи ва ривожи, партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари, ўз электорати манфаатларини таъминлаш, бўлажак парламент сайловларига тайёргарлик кўриш каби масалалар бўйича мулоқот бўлиб ўтди. 

Жак-Анри Ольснинг айтишича, Францияда Ўзбекистондаги бўлаётган ўзгаришлар ва чуқур ўйланган ислоҳотлар стратегиясининг амалга оширилиши қизиқиш билан кузатиб борилмоқда. Шунингдек у жамият ҳаёти ва давлат аҳамиятига молик муҳим масалаларни ҳал этишда сиёсий партияларнинг роли ва таъсирини сезиларли кучайтирадиган конституциявий ўзгартишларни алоҳида тилга олди.

Учрашув доирасида Франциянинг улкан салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон билан ҳар томонлама, жумладан, савдо ва иқтисодий муносабатларни янада ривожлантиришдан манфаатдор экани қайд этилди.

 O‘zLiDeP Матбуот хизмати