Партия Дастури

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар  ҳаракати –
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг
VI Съездида (31.10.2014) киритилган ўзгартиш ва
қўшимчаларни инобатга олган ҳолда
тасдиқланган

ТАДБИРКОРЛАР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР  ҲАРАКАТИ – ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ

Д А С Т У Р И

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 
Ватан тараққиёти, давлат ва жамият 
тизими ривожи ҳамда янгиланишининг 
асосий таянчига айланиши, ижтимоий-
иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг жадал 
суръатлар билан амалга оширилиши учун 
масъулиятни ўз зиммасига олиши зарур.

ХХI аср бўсағасида Ўзбекистон Республикаси сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий соҳаларни ҳамда жамият тараққиётининг бошқа жабҳаларини либераллаштиришга қаратилган стратегик йўлни белгилаб олди. 

Ўзбекистоннинг дунёда тобора ошиб бораётган обрў-эътибори – бу нафақат давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ҳар томонлама ўйланган ва асосланган, қатъий ва мустақил ташқи сиёсатнинг, балки мамлакатда олиб борилаётган бозор иқтисодиёти тамойилларига таянган ислоҳотларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олиниши натижасидир.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2010 йил ноябрда қабул қилинган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, сиёсий тизимни демократлаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини, сўз, ахборот ва сайлов эркинлигини таъминлаш ҳамда сайлов қонунчилигини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, хусусий мулк ва тадбиркорлар, ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалдаги узоқ муддатли дастурига айланди.

Концепциянинг қабул қилиниши ўзаро боғлиқ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш, Ўзбекистонда кўппартиявийлик ва сиёсий фикрлар хилма-хиллигига таянган ҳамда шаклан ва моҳиятан қабул қилинган демократик мезонларга жавоб берадиган вакиллик демократиясининг замонавий тизимини яратиш ишига кучли туртки берди.

Давлат ҳокимиятининг ижроия тизими таркибий тузилишини янада такомиллаштириш, унинг фаолиятида очиқликни, қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда. Суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш, унинг мустақиллигини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини мукаммаллаштириш борасида қатъий қадамлар қўйилмоқда.

Шу билан бирга, янги жамиятни шакллантиришда Америка, Европа ва Осиёдаги ривожланган демократик давлатлар эришган ҳаёт андазаларига эришиш сари қатъий ҳаракатларни амалга оширишда Ўзбекистон эндигина дастлабки босқични босиб ўтди.

Мамлакатни модернизациялаш, фуқаролик жамияти асосларини  шакллантириш, эркин иқтисодиётни қарор топтириш, кишиларимизда ўз қадр-қимматини англаш туйғусини уйғотиш, маънавий қадриятларни қайта тиклаш, келажаги буюк мамлакатни барпо этиш каби йўналишларда белгилаб олинган дастурларни рўёбга чиқариш бўйича олдимизда улкан вазифалар турибди.

Айнан мана шу жиҳатлар Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ижтимоий, сиёсий ва парламент фаолияти соҳасидаги устувор, стратегик ва тактик мақсад ҳамда вазифаларини белгилайди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси умуммиллий сиёсий ташкилот сифатида мулкдорлар қатлами, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси, фермерлик ва деҳқон хўжаликлари вакиллари, ишлаб чиқаришнинг юқори малакали мутахассислари ва бошқарув ходимлари, ишбилармонлар, моддий ва интеллектуал мулк эгалари манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади.

Булар, авваламбор, ўз меҳнати, иродаси ва куч-ғайрати билан фаровонликка эришадиган, ўз келажагини мана шу замин билан боғлаган, ўз тақдири, фарзандлари тақдирини ўз Ватани тақдиридан айри ҳолда тасаввур этолмайдиган, ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал этиш, жамиятда барқарорлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун масъулиятни ҳис этадиган кишилардир. 

Ҳақиқий мулкдорлар ўрта синфи - шаклланаётган фуқаролик жамиятининг таянчи ва асоси, янги иқтисодий тизим ривожланиши, жамият ҳаёти ва давлат тизими демократик янгиланишининг “катализатори”, ислоҳотчилик ғояларини илгари сурувчи ва амалга оширувчисидир. Мамлакатда ривожланган мулкдорлар синфининг мавжудлиги жамиятда барқарорлик ва фаровонликнинг кафолатидир. 

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатимизда тадбиркорлиги, ташаббускорлиги, ўз ишини ташкил қилиш, ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш эвазига шахсий, оилавий фаровонликка ҳамда умуман жамият фаровонлигига интилувчи барча фуқароларни бирлаштиради.

Партия бугунги кунда Ўзбекистоннинг замонавий, ривожланган, демократик давлатлар қаторидан жой олиши, халқимиз учун муносиб турмуш шароитлари ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашини таъминлашдан манфаатдор бўлган кенг ижтимоий қатлам номидан Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши, мамлакатнинг тараққиёт ва фаровонлик сари интилишида учраётган тўсиқларни бартараф этиш ишида масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр эканлигини эълон қилади.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

Биринчи. Сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркор ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар очиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг ушбу ижтимоий қатлами манфаатларини ҳимоялаш баробарида унинг эртанги кунини таъминлаш.

Иккинчи. Партиянинг куч ва имкониятларини бошқа сиёсий партия ва ҳаракатлар билан ҳамкорликда мамлакатнинг миллий манфаатлари ва тараққиётининг стратегик истиқболларига жавоб берадиган бозор иқтисодиётига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат қуриш, фуқаролик институтларининг ривожига кенг йўл очиб бериш ва демократик қадриятларни халқимиз, аввало, ёшлар онги ва ҳаётига сингдиришга қаратилган ҳаракат дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш.

Учинчи. Партиянинг давлат бошқаруви, жамиятда шаклланаётган қарашларга таъсир ўтказиш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги иштирокини таъминлаш. Давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиёти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро обрўйини оширишда, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашда, миллатлараро ва фуқаролараро аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида фаол қатнашиш. Ҳар томонлама ривожланган, соғлом баркамол авлодни шакллантириш, уларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, ўз элим, ўз юртим, жон Ўзбекистоним, дея ғурурланиб яшаш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш, ҳар қандай шароитда мустақиллик йўлимиз, қадриятларимиз, миллий ва диний анъаналаримиз, урф-одатларимизни қадрлаш, шу билан бирга, барча миллат ва элатлар қадриятларини камситишга йўл қўймаслик, бундай хуружларга қарши изчил кураш олиб бориш.

Тўртинчи. Ўзи учун сиёсий платформа, деб танлаб олган либерал-демократик ғоя ва мақсадларни ўз фаолияти орқали кенг омма онгига сингдириш, бу борада сафини кенгайтиришга йўналтирилган ҳар томонлама чуқур ўйланган партия сиёсатини тарғиб қилиш ишларини амалга ошириш. 

Шу ғояларни ҳаётга татбиқ этишда фидойилик кўрсатган фаолларни депутатликка номзод сифатида тавсия этиш ва сайловчилар ишончини қозонган депутатлар зиммасига қонунчилик ва ижро ҳокимиятида вакиллик вазифасини юклаш ҳамда уларнинг фаолиятини бошқариш. 

Партия жамият ва давлат қурилишининг энг муҳим устувор йўналиши — мустақил тараққиёт, Ватанимиз суверенитетини мустаҳкамлаш ишининг изчил ва оғишмасдан амалга оширилиши учун курашади.

Ушбу устувор йўналиш моҳиятига кўра мамлакатнинг ўз тақдирини мустақил белгилаши, келажагини ўзи қуриши, бойликларига халқ манфаатларидан келиб чиқиб эгалик қилиши, бунда халқимизнинг муқаддас маънавий қадриятлари ва анъаналарига таяниш, уларни асраб-авайлаш, шу билан бирга, жаҳон ҳамжамияти тан олган халқаро ҳуқуқ нормалари ва зиммамизга олган халқаро мажбуриятларга риоя этишни тақозо этади. 

Ушбу асосий мақсадлардан келиб чиққан ҳолда партия ўзининг стратегик ва тактик вазифаларини белгилайди.

I. ПАРТИЯНИНГ ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИНИ ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ВА ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ СОҲАСИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ

Партия кучли ва очиқ фуқаролик жамияти негизини ташкил этиши лозим бўлган эркинлик, масъулиятлилик, бағрикенглик, ижтимоий адолат ва имкониятлар тенглиги каби либерал-демократиянинг асосий қадриятларига содиқлигини ифода этади. 

Партия давлат ҳокимиятини қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига ажратиш, уларнинг мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатнинг самарали механизмларини шакллантириш тамойили демократик давлатнинг асосий шарти, деб ҳисоблайди. Мамлакатнинг сиёсий тизими, давлат ва жамият қурилишини либераллаштиришдаги асосий йўналиш — қонун устуворлигини таъминлаш, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг вазифа, ваколат ва ҳуқуқларини аниқ белгилаш, ҳар бирининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашдан иборат бўлиши лозим.

Партия бунга ҳокимиятнинг нафақат марказий органларида, балки жойларда — вилоятларда, туманларда ва шаҳарларда ҳам эришишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга, партия вакиллик органларининг давлат ва жамият қурилиши жараёнидаги ролини ошириш, ижро этувчи ҳокимият, жумладан, ҳарбийлашган тузилмалар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг самарали тизимини яратиш тарафдоридир.

Давлат ҳокимияти халқ манфаатларига хизмат қилиши, унинг сиёсий иродасини ифода этиши даркор. Шу боис ҳокимият органларини шакллантиришнинг аниқ механизмларини ҳамда сайлов тизимини такомиллаштириш зарур.

Партиянинг давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасидаги асосий устуворликлари бу:

- ҳокимият бўғинлари бўлинишининг конституциявий тамойилини изчил амалга ошириш, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини яратиш, парламентаризмни ҳар томонлама ривожлантириш ва кучайтириш, мамлакатнинг сиёсий тузилмасида вакиллик депутатлик органлари роли ва аҳамиятини ошириш, кўппартиявийлик тизими ва партиялараро рақобатни мустаҳкамлаш, суд тизими мустақиллиги ва эркинлигини либераллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

- марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимият роли, ваколатлари ва назорат функцияларини кучайтириш, қонунлар ижроси ва ижро этувчи ҳокимият, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг яхлит тизимини яратиш.

Партия марказий давлат органларидан маҳаллий ҳокимият органлари, жамоат тузилмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қатор ваколат вазифаларини изчил, босқичма-босқич ўтказиш тарафдори.

Партия давлат аппаратининг жамиятдан узилиб қолиш ҳолларини, унинг фаолиятидаги тўрачилик ва бошқа салбий кўринишларни бартараф этиш, хўжалик ва иқтисодий муносабатлар тизимига тўғридан-тўғри аралашувига йўл қўймасликка қаратилган давлат бошқаруви тизимини чуқур ва изчил ислоҳ қилишни амалга ошириш тарафдоридир. 

Партия давлат органлари устидан самарали жамоатчилик назорати тизимини шакллантириш, кўпсонли назорат органларини қисқартириш, мансабдор шахслар орасида коррупция ва лавозимни суистеъмол қилиш ҳолларига қарши изчил чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Ушбу мақсадларга эришиш ва салбий ҳолатларни бартараф этишнинг асосий воситалари сифатида партия ижро органлари ваколатларининг қонуний жиҳатдан аниқ белгиланиши, улар томонидан мажбурий тусдаги қонуности ҳужжатлар сонининг камайтирилишига эришиш, давлат тузилмаларига профессионал кадрлар соҳасининг етук билимдонлари, юқори малакали иш юритувчилар келишини таъминлайдиган тизим яратиш керак, деб ҳисоблайди.

Шу мақсадда партия давлат хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколат доираси ва фаолияти тамойилларини, аниқ белгиланган кадрлар сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга ошириш мезонларини назарда тутган давлат хизмати ҳақидаги қонунчиликни такомиллаштиришни таклиф этади.

II. ПАРТИЯНИНГ ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ,   СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ БОРАСИДАГИ  ВАЗИФАЛАРИ

Партия жамият ҳаётида қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этишнинг ҳуқуқий кафолатларини яратишга ҳар томонлама кўмаклашади.

Партиянинг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасидаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

- ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва жамиятни демократлаштириш, қонун устуворлигига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга эришишнинг энг муҳим шарти сифатида амалда судлар мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш. Ҳақиқатан мустақил ва таъсирчан суд-ҳуқуқ тизимисиз эркин фуқаролик жамиятини барқарор ривожлантириб бўлмайди;

- мулкдорлар, тадбиркорлар, фермер ва ишбилармонлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминловчи қонунчилик меъёрлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари юридик жавобгарлик тизимини либераллаштириш;

- суд жараёнида тарафлар тенглиги ва улар ўртасидаги мусобақа руҳини таъминлаш, судлар фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини қарор топтириш, судьяларнинг одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини бузишга йўл қўйиш ҳолларига нисбатан жавобгарлигини кучайтириш, улар фаолиятига электрон ҳужжат алмашувини кенг жорий этиш, суд тизими фаолияти билан боғлиқ ахборотни олиш механизмларини аниқ белгилаш;

- фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятларини, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят ёки ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий шартлари ва кафолатларини янада ривожлантириш;

- хўжалик, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш, ҳуқуқий низоларни тартибга солишнинг муқобил, суддан ташқари шакллари, шу жумладан, яраштирув технологияларини ҳар томонлама ривожлантириш, судгача тартибга солиш мажбурий бўлган ишлар тоифасини кенгайтириш;

- суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширишда суд назоратини кучайтириш, жиноят жараёнида «хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида умумэътироф этилган тамойиллари ва меъёрлар амалга оширилишини таъминлаш.

Партия жазо тизимида қораловчи, репрессив функцияларнинг қисқартирилиши ҳисобига қонунчиликда адолат ва инсонпарварлик тамойилларини янада чуқурроқ ҳаётга татбиқ этиш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тарафдоридир. Шахс жиноий ва фуқаролик суд тизимида қонуний манфаатларини ҳимоя қила олиши учун етарли даражада кафолатланган ҳуқуқларга эга бўлиши лозим.

Партия суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш доирасида жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашни таъминловчи, қонунни муҳофаза қилувчи идоралар учун шундай ваколатлар миқдори сақланиб қолиши тарафдорики, токи бунда фуқаронинг ҳуқуқлари, манфаатлари ва қадр-қиммати сақланиб қолиши, унинг айбсизлик презумпцияси тамойилини амалда қўллаш, шу билан бирга, жиноят ҳам жазосиз қолмаслиги зарур, деб ҳисоблайди. 

Партия фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари, ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, уларнинг қонун лойиҳалари муҳокамаларида ва инсон ҳуқуқлари мониторингини амалга оширишда фаол иштирок этишини таъминлашни ҳам муҳим вазифалардан бири, деб ҳисоблайди.

Партия жамоат хавфсизлигини таъминлашга, ҳуқуқни мухофаза қилиш идораларини изчил ислоҳ этишга, уларнинг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва аҳолининг жиноятчиликка, маънавиятсизликка, турли кўринишдаги экстремизм ва гиёҳвандликка қарши курашга, мамлакатда барқарорликни таъминлаш ишига фаол жалб қилинишига ҳар томонлама кўмак беради.

III. ПАРТИЯНИНГ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ СОҲАСИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ

Партия “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини босқичма-босқич амалга оширишга, фуқаролик жамиятининг турли хил  институтларини шакллантириш ва тараққий эттиришга, давлат ҳокимияти ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ўзаро алоқалар тизимини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга қатъий ҳаракат қилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ислоҳ қилиш – фуқаролик жамияти шароитида бевосита демократияни амалга оширишнинг асосий йўлидир. Партия маҳалланинг шахс, давлат ва жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, гуманитар муаммоларини самарали ҳал этишга қодир бўлган фуқаролик жамиятининг етук тизими эканини ҳисобга олган ҳолда, унинг ҳуқуқи, мақоми ва моддий асосини мустаҳкамлаш тарафдоридир.

Партия ҳақиқий демократиянинг олий мазмуни – бу шахслараро, миллатлараро, давлат ва ижтимоий-сиёсий муносабатлар уйғунлиги бўлиб, унда инсон ва жамият, жамият ва давлат ҳокимияти тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшаш, деб ҳисоблайди. Демократик фуқаролик жамиятини барпо этишда, авваламбор, жамиятнинг ўзи бунинг бошида бўлиши керак.

Партия фуқароларга ўз ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ манфаатларига мос келадиган, жамият ҳаёти ва давлатни бошқаришда масъулият билан қатнашишга имкон берадиган нодавлат ташкилотлар кенг тармоқли тизимини яратишни стратегик вазифаларидан бири, деб ҳисоблайди.

Партия энг муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, турли аҳоли қатламлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтлари ва давлат тузилмалари ўртасида ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг самарали ҳуқуқий механизмларини яратиш борасидаги қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришни қўллаб-қувватлайди.  

Партия фуқаролик жамияти институтларининг салоҳияти ва имкониятларини, ўрта синф мулкдорлари манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид муҳим муаммоларни ҳал этиш, қишлоқ ҳаёти сифати ва қиёфасини тубдан яхшилашга қаратилган узоқ муддатли, ўзаро боғлиқ дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга алоҳида аҳамият беради.

IV. ПАРТИЯНИНГ АХБОРОТ СОҲАСИНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ, АХБОРОТ ВА СЎЗ ЭРКИНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ СОҲАСИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ

Партия фуқароларнинг ахборот соҳасидаги, шу жумладан, ахборот олиш, тарқатиш ва ўз ғояларини илгари суриш эркинлиги ва ҳуқуқини амалга оширишга доир эркинликлари ва ҳуқуқларини таъминлаш фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг тамал тоши, деб ҳисоблайди.  Демократик жамиятни матбуот эркинлиги, ўз ҳоҳиш-иродасини эркин ифода этмасдан туриб тасаввур этиб бўлмайди. Ахборот эркинлигини таъминламасдан, ОАВни одамлар ўз фикр ва ғояларини, юз бераётган воқеаларга муносабати ва нуқтаи назарини эркин ифода этадиган минбарга айлантирмасдан туриб, демократияни аҳоли сиёсий фаоллигини чуқурлаштириш ҳамда унинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги реал иштироки ҳақида гапириб бўлмайди.

Партия фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги, шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган демократик тамойилларни ҳаётга янада чуқурроқ татбиқ этиш фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Оммавий ахборот воситалари тўртинчи ҳокимият сифатида фуқаролик жамиятининг негизига айланмоғи даркор. Партия улар орқали ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг муҳим муаммоларини кўтариб чиқишни, кишиларни ўйлантираётган барча муаммоларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этишни, ҳокимият ва бошқарув тизими фаолияти ҳамда қабул қилаётган қарорларига танқидий ва холисона баҳо беришни кўзда тутади.

Партия ахборот майдонида шакли, адади, кўлами, мавзу йўналишидан қатъи назар, барча иштирокчилар учун бозор муносабатлари ва адолатли рақобат муҳитини яратиш тарафдоридир. Партия медиа-соҳада йирик, рақобатбардош, молиявий барқарор медиа тузилмалар ҳамда миллий даражада фаолият юритувчи нодавлат медиа гуруҳлар юзага келиши учун шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилинишида ташаббус кўрсатмоқда. Ва буни жамиятни ҳақиқий демократлаштириш гарови, деб билади.

Бундан ташқари, партия жамиятнинг маънавий ва ахлоқий негизларига путур етказиш ва ўзбек халқининг авлодлараро азалий тарихий ва маданий алоқаларини узиш каби мақсадларга қаратилган ҳар қандай салбий ахборот таъсиридан жамиятни, авваламбор, ёшларни самарали ҳимоялаш жараёнида иштирок этишни ўзининг устувор йўналишларидан бири, деб ҳисоблайди. 

V. ПАРТИЯНИНГ ИҚТИСОДИЁТНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ ВА БОЗОР ИСЛОҲОТЛАРИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ СОҲАСИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ

Партиянинг фикрича, мулк – бу эркинликнинг энг муҳим кафолати, инсоннинг бошқа барча ҳуқуқларининг манбаи, фуқаролар ҳимояланганлигининг асоси. Либерал, адолатли ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш бевосита бозор иқтисодиёти билан боғлиқ. Сиёсий, ижтимоий, маданий эркинлик иқтисодий эркинликсиз мавжуд бўла олмайди. 

Мулк ва мулкий муносабатлар ҳақидаги масала янги ижтимоий-иқтисодий тизимни барпо этишда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу вазифани белгилаш ва уни ҳал этиш оқибатда давлатнинг сиёсий, ижтимоий тузумига таъсир қилади. Давлат хусусий мулкдорнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, ҳар бир инсон ўз мулкини кўпайтириши учун ишлаш шароитларини яратиши керак. 

Хусусий мулк ҳимоя қилиниши, хусусий ташаббуслар қўллаб-қувватланиши, рақобат, ғоялар ва янгиликлар бозори ривожланиши, энг яхши ечим учун кураш туфайли бозор иқтисодиёти жадал тараққиётни, мустақил ҳаёт учун энг мақбул имкониятни таъминламоқда.

Партиянинг ушбу соҳасидаги устувор вазифаси — хусусий мулкчилик етакчи ўрин тутган мамлакатнинг кўп қиррали иқтисодиётини янада ривожлантириш бўлиб қолмоқда. 

Партия тадбиркорлар эркинликларини таъминлаш учун иқтисодий, ташкилий, ҳуқуқий шароит ва кафолатлар яратилиши, мазкур қатлам фаолиятининг ҳар томонлама рағбатлантирилиши, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий мустақил бўлиши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги мавжуд тўсиқларнинг бартараф этилиши тарафдоридир.

Мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини таъминлаш партиянинг биринчи даражали вазифаси бўлиб қолмоқда. Партия мамлакатдаги кенг қамровли демократик ўзгаришлар мантиғи ва изчиллиги, уларнинг энг замонавий бозор меъёрларига мослигининг баҳоси иқтисодиётни бошқариш тизимини янада чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш зарурлигини талаб этади, деб ҳисоблайди. Давлатнинг бошқарув функциялари ва рухсат берувчи меъёрларни янада қисқартириш, бозор инструментлари ва механизмларини жорий этиш, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, кичик бизнес субъектларининг кредит-молия ва хомашё ресурслардан, ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларга давлат буюртмаларидан кенг фойдаланишни таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни давом эттириш зарур.  

Тақдим этилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш, давлат органларининг максимал қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш мақсадидаги фаолиятини такрорлашга йўл қўймаслик борасидаги ишларни давом эттириш лозим.  Давлат хизматлари иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилиши, бизнесни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиши, мамлакат аҳолисининг кундалик эҳтиёжларини ҳал этишга кўмаклашиши керак.

Партия кучли иқтисодиёт – бу аҳоли фаровонлиги ўсишининг асоси ва миллий хавфсизликнинг кафолати, деб ҳисоблайди. Иқтисодиёт рақобатбардошлигини янада оширишнинг энг муҳим вазифаси сифатида уни тузилмавий ўзгартириш ва диверсификациялаш жараёнини давом эттириш зарур.

Иқтисодиётда тугалланган технологик ишлаб чиқариш циклига эга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган, минерал ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини тўлиқ қайта ишлайдиган корхоналар катта улушга эга бўлиши керак. Бунда асосий эътибор маҳаллий хомашёни қайта ишлаш асосида ҳамда илғор замонавий технологияларни қўллаган ҳолда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилиши керак.

Мазкур масала ечимини партия рақобатни ҳар томонлама рағбатлантириш ва ривожлантириш, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида монополия юзага келишига йўл қўймаслик ва уни максимал тарзда қисқартириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун максимал қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, уни тегишли индикаторлар асосида кузатиш ва уни яхшилаш борасида тизимли чораларни кўриш билан боғлайди.  

Хусусий инвесторларни жалб этиш ва хусусий мулкнинг иқтисодиёт реал секторида, авваламбор, саноатда ва унинг етакчи тармоқларида хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳисобига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқариши қўшимча қийматини ва соф фойдасини максималлаштириш мақсадида етакчи роль эгаллашини рағбатлантириш масалалари алоҳида эътиборни талаб этмоқда.  Ҳудудлар инвестицион жозибадорлигини ошириш, йирик ишлаб чиқаришлар атрофида саноат-ишлаб чиқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини фаол жалб қилиш билан қўшимча қиймат занжирини шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.  

Тадбиркор ва ишбилармонлар фаолияти ялпи ички маҳсулотнинг яратилишида етакчи ўрин эгаллаши ҳамда фуқаролар фаровонлигини оширишда асосий омил бўлиши керак.

Мамлакат ЯИМда кичик бизнес улушини изчил ошириш партиянинг энг муҳим вазифаси бўлиб қолмоқда. 

Партия давлатнинг аграр соҳадаги муносабатларни такомиллаштириш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг ривожлантирилишини қўллаб-қувватлайди ва бу ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этади. Партия қишлоқ хўжалигидаги муаммоларни ҳал этмасдан туриб, иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли давом эттириб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

Қишлоқ хўжалигида иқтисодий муносабатлар тизимини ўзгартириш – аграр ислоҳотлар амалга оширилиши, мамлакатнинг озиқ-овқат мустақиллиги ва хавфсизлигини таъминлаш устувор йўналишдир. Қишлоқда ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш; чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш; қишлоқ хўжалигига замонавий агротехнологиялар, селекция ва уруғчилик усулларини жорий этиш; ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш соҳаларида ривожланган мамлакатлар даражасига изчил эришиш муҳим аҳамиятга эга. Бу қуйидагиларни назарда тутади: хўжалик юритиш амалиётида маъмурий-буйруқбозлик усулига тўлиқ барҳам бериш; ердан фойдаланиш тизимини ўзгартириш ва такомиллаштириш; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йирик корхоналарини изчил акционерлаштириш; деҳқон ва фермерларнинг ўз меҳнатлари натижаларига бўлган қизиқишини кучайтириш мақсадида улар учун зарур моддий-техникавий шароит яратиш ва иқтисодий манфаатдорлигини ошириш.

Партия учун янги иш ўринларини яратиш, ишсизликка қарши курашиш, авваламбор, ёшларни иш билан таъминлаш ниҳоятда зарур ва кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Бу масалани ечишнинг асосий йўналишлари сифатида партия инвестицион муҳитни яхшилаш орқали саноатнинг кўп меҳнат талаб қилинадиган қайта ишловчи тармоқларига инвестициялар киритиш, аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда меҳнатга бўлган иқтисодий манфаатдорликни ошириш, ўзгарувчан бозор конъюктурасига мослаштирилган малака ошириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш, шунингдек қўшимча таълим олиш ва касб ўрганиш соҳасини тубдан яхшилаш керак, деб ҳисоблайди.

Партия Ўзбекистоннинг жаҳон меҳнат бозорига тартибли (цивилизациялашган) тарзда кириши ҳал этилиши лозим бўлган долзарб муаммолардан, деб билади.

Партиянинг устувор вазифаси – амалда аҳоли даромадларини ошириш, шунингдек, фуқаро ва корхоналарни солиққа тортиш тизимини такомиллаштиришдан иборатдир. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг рағбатлантирувчи усулларини кенгроқ жорий этиш орқали ёлланма ишчиларнинг  меҳнат самарадорлигини оширишга бўлган манфаатларини янада кучайтириш кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифадир.

Партия янги иш ўринларини, авваламбор, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, шахсий ташаббусларни амалга ошириш  учун қулай бизнес муҳитни шакллантириш ҳисобига яратиш тарафдори.

Партия аҳолининг банк тизимига ишончини ошириш ва омонатларни рағбатлантириш ва уларни инвестицияларни трансформациялаш учун банк секторида ислоҳотларни чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлайди.

Партия банкларнинг инвестицион жараёндаги асосий бўғини бўлиши,  корхоналар ва тадбиркорлик тузилмалари ривожланишидан манфаатдор бўлган содиқ ҳамкорга айланишига жиддий эътибор қаратади. Маҳаллий тижорат банклари инвестициявий имкониятларини мустаҳкамлаш, уларнинг инвестицион лойиҳаларга маблағ киритишларига қизиқишини кучайтиришнинг таъсирчан механизмларини амалиётга жорий этишни давом эттириш зарур.

Банклар қаторида тадбиркорликка хизмат қилувчи ва у билан бевосита боғлиқ бўлган бозор иқтисодиёти инфратузилмасини ташкил этувчи консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг, суғурта ва бошқа институтлар ҳам тезда ривожланиши керак.

Инновациялар модернизациянинг бош омилидир. ХХI асрда жамиятнинг иқтисодий тараққиёти асосан инновациялар асосида таъминланади. Бугун барчага аён бўлиши керакки, ким технологияларга эга бўлса, у рақобат курашида ғолиб бўлади. Партия юқори технологияларни ўзлаштириш зоналарини яратиш орқали иқтисодиётнинг инновацион турига ўтиш учун асосларни шакллантириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини, илмий-тадқиқот ва инновацион ишларни рағбатлантиришни давом эттириш тарафдори. 

Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларини жорий этиш ва янада самарали қўллашга эътиборни кучайтириш зарур.

Партия хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга ва унинг иқтисодиётдаги ўрнини оширишга алоҳида эътибор беради. Бу соҳа фақат иш ўринлари яратибгина қолмай, айниқса қишлоқ жойларда аҳоли даромадларининг ўсиши ва турмуш даражасининг яхшиланишига хизмат қилмоғи лозим.

Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида партия халқаро иқтисодий интеграциялашув ва жаҳон бозорларида маҳаллий маҳсулотлар улушини  кенгайтириш учун мақбул шароитларни яратишга интилади. Экспортни ошириш ва миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини таъминлаш иқтисодий соҳадаги дастуримизнинг энг муҳим қисми ҳисобланади.

Партия анъанавий бозорларни сақлаш ва янгиларини ўзлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермерлар ва ишбилармонларнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни минтақавий ва жаҳон бозорларига олиб чиқишга қаратилган ҳар томонлама ўйланган ва фаол экспорт сиёсатини юритиш тарафдори. Иқтисодий сиёсатнинг устувор вазифаси — миллий ишлаб чиқарувчилар экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг халқаро транспорт йўлаклари, замонавий техника ва технологиялар бозорларига чиқишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий, иқтисодий механизмларни янада ривожлантириш бўлиши керак. 

Партия савдо-иқтисодий алоқалар ва экспортни диверсификациялаш, тегишли экспорт инфратузилмасини ривожлантириш, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш учун мавжуд тузилмаларни такомиллаштириш ва янгиларини, шу жумладан, молиявий, ахборот, транспорт, коммуникацияга доирларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. 

Фаол инвестицион сиёсат юритиш, солиқ юкини енгиллаштириш, юқори технологик тармоқлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шароитларни яратиш масалалари келгусида ҳам партия диққат марказида туради.

Мамлакат иқтисодиётининг тез орада модернизациялашуви ҳамда сифат жиҳатдан янгиланишини амалга ошириш учун хорижий инвестиция ва илғор технологиялар жалб қилинишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш партиянинг энг муҳим вазифаси бўлиб қолмоқда. Партия инвестициялар оқимини таъминловчи, уларнинг оқилона тақсимоти ва фойдаланилишини амалга оширувчи самарали иқтисодий тизим яратилишига кўмаклашади.

Инвестицияларни жалб этиш сиёсати юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш соҳалари ривожига бевосита таъсир кўрсатувчи лойиҳаларни молиялаштириш, давлатнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, ички бозорни аҳоли учун арзон, маҳаллий, рақобатбардош маҳсулот ва хизматлар билан тўлдириш каби йўналишлардан таркиб топган бўлиши лозим.

Партия мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини оширишнинг энг муҳим вазифаси бу — йўл-транспорт ва коммуникациявий инфратузилмани жадал ривожлантириш, деб ҳисоблайди. Янги энергетика қувватлари, электрэнергияни узатиш тармоқларини барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш; муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш; республика барча ҳудудларини ягона транспорт тармоғини ва ташқи транспорт йўлларига мақбул чиқишни таъминловчи автомобил йўллар ва темир йўлларни барпо этиш ва реконструкция қилиш борасидаги тизимли ва комплекс ишларни давом эттириш зарур.  

VI. ПАРТИЯНИНГ  ИЖТИМОИЙ,  ГУМАНИТАР,  МАЪНАВИЙ СОҲАЛАР  ВА  ЖАМИЯТ  АҚЛИЙ  САЛОҲИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ  БОРАСИДАГИ  ВАЗИФАЛАРИ

Инсон Ўзбекистонда демократик ўзгаришларнинг бош мақсади ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Партия унинг уйғун ривожланиши, манфаатларини рўёбга чиқаришнинг амалий тизимини яратиш, жамиятнинг ўзаги бўлган оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бир қолипдаги эскирган фикрлаш тарзи ва ижтимоий феъл-атворни ўзгартириш тарафдоридир.

Партия давлатнинг ижтимоий соҳага оид сиёсатидаги стратегик устувор йўналиш — инсонга бўлган эътибор ташкил этиши лозим, деб ҳисоблайди. Партия ислоҳотларнинг барча босқичларида эришилган натижаларни аҳоли фаровонлигининг ўсиши билан баҳолайди.

Партия жамиятнинг зиёлилашуви тарафдори, зеро, давлатнинг иқтисодий тараққиёти фақат фан ва техниканинг янги ютуқларига таяниши мумкин. 

XXI аср – бу интеллектуал қадриятлар ҳукм сурадиган асрдир. Партия фуқаролар, айниқса, ёшлар ва аёлларнинг интеллектуал капиталга интилишини қўллаб-қувватлаш, ёш аёллар ва қизларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши ва меҳнатини енгиллаштириш учун зарур шароитларни яратиш, фуқаролик институтларининг улар томонидан янги билимларни ўзлаштириш ҳамда уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасидаги фаолиятини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.  

Мамлакатни модернизация қилиш ва замонавий жамиятни барпо этиш билан боғлиқ мураккаб вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш масаласи келгусида ҳам партия фаолиятининг энг муҳим йўналиши бўлиб қолади.

Партия таълим тизимида ислоҳотларни чуқурлаштириш, унинг юқори халқаро мезонлар ва стандартларга мослигини таъминлаш, иқтисодиёт, фан ва таълим эҳтиёжларининг яқин алоқасини таъминлашни кўзда тутувчи замонавий илмий билимлар билан қуролланган ва баркамол инсонни шакллантиришга хизмат қиладиган миллий таълим моделини янада ривожлантириш тарафдори. Чунки юксак илмий салоҳиятга эга бўлган кишилар, давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган тараққийпарвар ва обрўли илмий мактабларгина жамиятнинг гуллаб-яшнашини таъминлаши мумкин.

Партия инсон маънавий салоҳиятининг узлуксиз ўсишини таъминлашга интилади. Фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқиш, уларни миллий менталитетимизга ёт бўлган зарарли таъсир ва оқимлардан ҳимоя қилиш, жамиятимиз ҳаётида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашга қодир бўлган замонавий билимларга эга, мустақил фикрловчи фуқароларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу йўналишда партия асосий эътиборни ўрта таълим соҳасидаги муаммоларга, биринчи галда, ўқитиш сифати, кутубхоналар, инновацион ғоя ва билимлар марказлари тизими ривожи, ўқувчиларнинг замонавий адабиётлар билан таъминланиши, мактабларнинг асбоб-ускуна, компьютер техникаси, анжомлар билан жиҳозланиши ва мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантиришга қаратади. Иқтисодий имкониятлар ортиб бориши билан партия академик лицей ва коллеж ўқувчилари учун стипендиялар жорий этишга ҳаракат қилади.

Партия инсон саломатлиги, ҳозирги давр тиббиётининг янги ютуқларига таянган ҳолда дунёда илғор ўринларга интилаётган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ривожи ва хусусий капитални жалб қилган ҳолда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, умр узоқлигини таъминлаш йўлида курашади.

Партия, шунингдек тиббиёт сифатини давлат ва хусусий ҳамкорлик тамойиллари асосида тубдан яхшилаш тарафдори, хусусий тиббиётни сифатли тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжни қондириш, соғлиқни сақлаш соҳасида янада самарали ва замонавий технологиялар ва инновацияларни жорий этишнинг гарови сифатида қабул қилади.

Партия аёлларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва тадбиркорлик фаолиятидаги ўрнини оширишга алоҳида эътиборни қаратади. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилаларда соғлом муҳитни кучайтириш, уларнинг иқтисодий ва маънавий-аҳлоқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда болаларда, айниқса қизларда жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш партиянинг устувор вазифалари қаторида қолмоқда. Партия «Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур» тамойилини ҳаётга тадбиқ этиш тарафдори.

Партия аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, нафақахўрлар, айниқса ногиронларни аниқ йўналтирилган ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг амалий тизимини шакллантиришни сиёсий фаолиятининг бош вазифаларидан бири, деб ҳисоблайди. Партия ногиронлар ўзларини жамиятнинг тўлақонли фуқаролари, деб ҳисоблайдиган зарур шарт-шароитлар яратишга интилади.

Ижтимоий-гуманитар соҳанинг муҳим вазифаларидан бири – бу коммунал ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, ишлаб чиқариш инфратузилмаси оммабоплиги ва ишончлилигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий-маиший яшаш шароитларини яхшилаш. Шу муносабат билан, партия қуйидаги зарур чораларни амалга оширади:

- уй-жой, коммунал хўжалиги ва инфратузилмасини рақобат бозори, хусусий капитал учун жозибали соҳага айлантириш; 

- коммунал хўжалик соҳасида инновациялар ва технологиялар маҳаллий кластерларини (ускуна ихтирочилари, ишлаб чиқарувчилари, бошқарув компаниялари) шакллантириш;

- аҳолини ичимлик сув ва табиий газ билан таъминлашни яхшилашга қаратилган давлат қарорларининг бажарилиши учун зарур бўлган чора-тадбирларни амалга ошириш.

Янги, барча қулайликларга, зарур инфратузилмаларга эга бўлган турар-жой массивларини, айниқса, қишлоқ жойларда барпо этиш, уй-жой бозорини кенгайтириш, аҳоли, шу жумладан, ёш оилалар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда уй-жой олиш имкониятини таъминлаш учун ушбу соҳада рақобатни ошириш партиянинг устувор вазифалари бўлиб қолади. 

Уй-жой таклифини кенгайтириш ва унинг нархи (шу жумладан, ижара)ни пасайтириш, бошқа тарафдан – уй-жой қурилиши билан боғлиқ тадбиркорлик субъектлари ҳамда замонавий бозорни шакллантириш учун риэлторлик агентликлари фаолиятини рағбатлантириш  мақсадида уй-жой соҳасида шартнома ва ҳуқуқий муносабатлар тизимини либераллаштириш зарур.

Партия жамиятнинг ҳаддан ташқари ижтимоий ва иқтисодий қутблашувига йўл қўймаслик учун курашади.

Партия энг кам ойлик иш ҳақи ва пенсиялар миқдорини кескин кўтаришга ҳамда аҳолининг кам таъминланган қатламини ҳимоялашнинг самарали механизмини яратишга интилади. Партия ушбу масалани ҳал этишга қаратилган мақсадли давлат дастурлари лойиҳаларини таклиф қилади, шунингдек нодавлат жамғармаларни йўналтириш ва кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишда фаол қатнашади.

Партия давлатнинг яхлит ва талабга жавоб берадиган ёшлар сиёсатини амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратади. Партиянинг саъй-ҳаракатлари ҳар томонлама ривожланган ва соғлом ёш авлодни, Ватанга содиқ, ривожланган бозор муносабатлари ва фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнларида фаол иштирок этишга тайёр йигит ва қизларни тарбиялашга йўналтирилади. Партия ёшлар учун сабот билан, босқичма-босқич ижтимоий кўтаринкилик муҳитини яратишга ва уларнинг ижтимоий-сиёсий истиқболини белгилаб беришга ўз кучини сарф этади.

Аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширмасдан туриб фуқаролик жамиятини қуриб бўлмайди. Онгли ва фаол инсонгина барча қийинчиликларни енгиб, мустақил Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашига ва халқаро ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Партия ўз фаолиятидаги муҳим йўналишлардан бирини Ўзбекистонда яшовчи миллат ва халқларнинг тили, маданияти, урф-одати ва анъаналари ривожига кўмаклашиш, жамиятда фуқаровий, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, эътиқод эркинлигини ҳимоя қилишда, деб ҳисоблайди. Партия диний экстремизм ва фанатизмни кескин қоралайди ва уларнинг барча кўринишларига қарши кураш олиб боради. Халқнинг маънавий-ахлоқий юксалишига интилган ҳолда партия тараққийпарвар миллий анъаналарни ривожлантириш билан бирга жаҳон маданиятининг яратувчан салоҳиятидан, умуминсоний қадриятлардан фойдаланиш тарафдоридир.

Партия ўзининг экологик сиёсатини инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, маънан ва жисмонан соғлом авлодни шакллантириш ҳамда миллат генофондини асраш мақсадида зарур бўлган барча шарт-шароитни яратиш асосида фаолият юритади. Партия табиий захиралардан оқилона фойдаланиш ва атроф муҳитни ҳимоялашда иқтисодий манфаатдорлик тизимини яратишга, экологик муаммоларни ҳал этиш учун республиканинг халқаро тизимларга узвий киришишини таъминлашга интилади.

VII. ПАРТИЯНИНГ ТАШҚИ СИЁСАТ ВА МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ  СОҲАСИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ

Партия демократик ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, халқимизнинг маънавий тараққиёти, шунингдек Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувини мамлакат хавфсизлиги, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаровий тотувликни таъминлашдек фундаментал вазифаларни ҳал қилмасдан тасаввур этиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

Партия давлатнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга, унинг мамлакат хавфсизлиги, минтақада ва умуман жаҳонда барқарорлик, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлар ва жаҳон хўжалиги алоқалари тизимига жадал интеграциялашувини таъминлашга қаратилган ташқи сиёсатини амалга оширишда ҳар томонлама кўмак беради.

Партия миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, очиқ демократик давлатни барпо этиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш вазифаларини ҳал этиш, тегишли максимал мақбул ташқи шароитларни таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик ҳудудини яратиш масалалари билан чамбарчас боғлиқ, деб ҳисоблайди. 

У қуйидаги фундаментал тамойилларга асосланган мамлакатнинг ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди: 

- умумэътироф этилган халқаро меъёрлар ва тамойилларга содиқлик, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик;

- тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаат, давлатлар суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, чегаралари дахлсизлигини ҳурмат қилиш, уларнинг ички ишларига аралашмаслик, низоларни тинчлик йўли билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ёки куч ишлатиш таҳдидига йўл қўймаслик.

Партия:

- мамлакатнинг миллий манфаатлари ва мустақил ривожланиши устуворликларидан келиб чиқиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳаларда халқаро ҳамкорликни изчил ривожлантириш;

- дунё ҳамжамияти билан халқаро терроризм, диний экстремизм, наркотрафик, ноқонуний қурол савдоси, уюшган жиноятчилик ва бошқа турдаги трансмиллий таҳдидларга қарши яқиндан ҳамкорлик қилиш;

- жаҳоннинг етакчи давлатлари (АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Япония, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва бошқалар) билан, энг аввало, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш;

- халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги урушдан кейинги ҳаётни изга солиш, бу мамлакатни минтақавий лойиҳаларга жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларига кўмаклашиш;

- Марказий Осиё минтақасида, энг аввало, табиий ресурслардан фойдаланиш, энергетика, трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ва экология соҳаларида, транспорт-коммуникация  инфратузилмаларини, жумладан, газ ва нефть қувурларини қуриш борасида ўзаро фойдали иқтисодий ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш;

- мамлакатнинг ишончли, масъулиятли сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкор сифатидаги халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг хориждаги инвестицион, туристик, маданий-тарихий жозибадорлигини кучайтириш, миллий иқтисодиётнинг устувор тармоқларига тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ва илғор технологияларни жалб қилиш жараёнини жадаллаштириш учун икки томонлама ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик механизмларини ишга солиш;

- ҳудудлар географик чекланганлигини бартараф этиш, йирик жаҳон бозорларига чиқишни таъминловчи кўп вариантли транспорт-коммуникация йўлаклари тизимини шакллантириш учун истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

- мамлакатимиз фуқаролари ва юридик шахсларининг хорижда ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаш тарафдори.

Минтақада ва умуман дунёда юзага келган вазият чегараларимизнинг дахлсизлигини, мамлакатимиз яхлитлигини таъминлайдиган, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётини кафолатлайдиган миллий хавфсизлик тизимининг шакллантирилишини тақозо этади.

Шу муносабат билан, Қуролли Кучларимизни ислоҳ қилиш борасида бошланган ишлар ниҳоясига етказилиши зарур. Давлатимизнинг Қуролли Кучлари замонавий талабларга жавоб бериши, мамлакат хавфсизлигига таҳдидларни инобатга олган ҳолда тузилган бўлиши лозим.

Партия Ўзбекистон Республикаси Президентининг профессионал, ҳар томонлама таъминланган, ҳаракатчан, ҳар қандай ташқи тажовузни қайтаришга тайёр ва мамлакат мудофаасини самарали ҳимоя қилишга қодир бўлган армияни тузишга қаратилган сиёсатини қўллаб-қувватлайди ва уни амалга оширишда фаол иштирок этади.

Қуролли Кучлар давлат ва жамиятнинг доимий эътиборида, ҳарбий хизмат эса етарли даражада моддий жиҳатдан таъминланиши ҳамда халқ орасида алоҳида ҳурматга сазовор бўлиши лозим. Партия ҳарбий қурилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мазмуни ва моҳиятини шунда, деб билади.

Партия ушбу вазифаларнинг амалга оширилишини ҳар бир фуқаронинг, қолаверса, бутун жамиятнинг иши, деб билади.

Ҳарбий хизматга чақирув, ҳарбий таълим, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш жараёнида иштирок этиш партиянинг мудофаа сиёсати йўналишидаги устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.

Армияда хизмат қилиш ҳар бир йигит учун, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун обрўли фаолиятга, жамият ва ҳаётдаги ўрнини онгли равишда танлаш, жасорат ва ватанпарварлик мактабига айланиши лозим.

Партия ўз саъй-ҳаракатларини ҳарбий хизматчининг ақлий ва ижтимоий-маънавий жиҳатдан камолга етган, жамиятдаги ўрни ва мавқеини англайдиган, жамият олдида жавобгарликни ҳис этадиган шахс сифатида шаклланиши учун зарур бўлган ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, психологик ва бошқа шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган дастурларни амалга оширишга сафарбар этади.

***

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳақида баёнот бериб, юқорида зикр этилган сиёсий платформага таянган ҳолда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштиришга қаратилган кенг сиёсий ва фуқаролик ҳаракати партияси бўлишга интилади.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг муҳим вазифаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва давлат ҳокимиятининг жойлардаги вакиллик органларига кўппартиявийлик тамойилига  асосланган демократик парламент сайловларида сиёсий платформасида акс эттирилган асосий йўналишларни амалга ошириш имкониятини яратадиган қонунлар ва давлат қарорларини қабул қилишда етарли таъсирга эга бўладиган ўринларни қўлга киритиш ҳисобланади.

Шу мақсадда партия Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари доирасида фаолият юритиб, қуйидаги асосий масалалар ечимига ўз диққатини қаратади:

партия сиёсатининг устувор йўналишларини тарғиб қилиш;

аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини шакллантиришда ҳамда сайловчиларда кўппартиявийлик асосида ўтказиладиган демократик сайловларда овоз бериш ҳуқуқидан онгли ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда фойдаланишга интилиш кўникмаларини тарбиялашда иштирок этиш;      муҳим ижтимоий муаммоларга жамият эътиборини жалб этиш ҳамда уларнинг партия сиёсий платформасида илгари сурилган ҳал этиш йўллари ҳақида ижобий ижтимоий фикрни шакллантириш;

партия келгусида навбатдаги парламент сайловларида давлатнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятининг барча бўғинларига депутатликка номзод сифатида кўрсатиладиган юқори малакали, ҳуқуқий маълумотга эга ҳамда сиёсий фаол аъзолар ва партия тарафдорлари сиймосида сиёсий элитани (арбобларни) шакллантириш ва тарбиялаш;

демократик кўппартиявийликка асосланган сайловларда — халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидан тортиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасигача тузиладиган барча даражадаги сайлов округлари бўйича партия номзодларини илгари суриш орқали ўзининг тўлақонли иштирокини таъминлаш;

тегишли ваколатли ҳокимият органлари фаолиятига партиянинг белгиланган таъсирини имконият даражасида таъминлаш мақсадида партия томонидан илгари сурилган номзодларнинг фаол сайловолди тарғиботини олиб бориш ҳамда сайловчилар билан ишлашда қонунда белгиланган тартибда ҳаракат қилиш;

сайлов натижалари асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва давлат хокимиятининг жойлардаги вакиллик органларида партия фракцияларини шакллантириш ҳамда улар орқали қонунда белгиланган тартибда партиянинг ижтимоий таянчи бўлмиш мулкдорлар қатлами ва партияни қўллаб-қувватловчи сайловчилар манфаатларини ифода этувчи қонунлар ва ҳукумат қарорларини қабул қилишга қаратилган сиёсий ташаббуслар билан чиқиш.

Ҳокимиятнинг вакиллик органларида кўпчиликка эга бўлиш Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг асосий мақсади эмас, балки амалий устувор йўналишлари, дастури ҳамда сиёсий платформасида акс эттирилган стратегик ва тактик мақсадларига эришиш воситасидир.

Партия жамият диққат-эътиборида турган муаммоларни аҳолининг аксарият қисми, биринчи навбатда, тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя этадиган, мустақил Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши, қадимий диёримизда истиқомат қиладиган ҳар бир инсон фаровонлигининг муттасил ўсиб боришига қаратилган қарорлар қабул қилиш жараёнида изчил фаолият юритади.