Партия Сайловолди Дастури

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – 
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг
VI Съездида (2014 йил 31 октябрь куни) тасдиқланган


ТАДБИРКОРЛАР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР ҲАРАКАТИ – ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ 
САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ (платформаси) 

КУЧЛИ ЎРТА СИНФ – МУСТАҲКАМ, РАҚОБАТДОШ ИҚТИСОДИЁТ – МАМЛАКАТ РАВНАҚИ ДЕМАК

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўтган йиллар давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол қатнашчисига айланган ҳолда навбатдаги сайловда иштирок этмоқда. 

2009 йилдаги сайловдан кейин O‘zLiDeP мулк эгалари бўлган ўрта синф вакиллари – тадбиркорлар ва ишбилармонлар, фермерлар, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш борасида сезиларли сиёсий тажриба тўплади. 

Партия бундан буён ҳам айнан ана шу ижтимоий гуруҳлар манфаатларини ифода этади. Чунки бу қатлам – мамлакатимизнинг моддий ва маънавий бойликларини яратиш ва кўпайтиришда улкан роль ўйнайдиган, фуқаролик жамиятининг таянчи ва суянчи, ислоҳот ғояларини тарғиб этиш ва амалга оширишда асосий куч бўлган, ижтимоий жиҳатдан энг фаол, иқтисодий мустақил одамлар тоифасини ташкил этади. Улар – амалий ташкилотчилик тажрибасига эга, ҳар томонлама чуқур ўйлаб қарор қабул қиладиган, ўз ишининг оқибати учун жавоб берадиган инсонлардир. Улар, авваламбор, ўз меҳнати, иродаси ва куч-ғайрати билан фаровонликка эришадиган, ўз келажагини шу замин билан боғлаган, ўзининг ҳамда фарзандларининг тақдирини Ватан тақдиридан айри тасаввур этолмайдиган, ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал этиш, жамиятда барқарорлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун масъулиятни ҳис этадиган кишилар. 

Партия 2014 йилдаги сайловолди кампаниясига киришар экан, мустақил, замонавий, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, либерал иқтисодиёт ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик, халқ фаровонлиги, Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторидан жой эгаллаб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олишини таъминлаш борасидаги мақсадларга содиқ эканини баён қилади. 

Партия ушбу мақсадларга эришиш учун ўз ғояларига чин дилдан ишонадиган номзодларни ҳокимиятнинг вакиллик органларига илгари суради, уларнинг давлат бошқарувида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги ислоҳотларни амалга оширишда самарали иштирок этишини таъминлашни кўзлайди. Биз ўзимизнинг саъй-ҳаракатларимизни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўладиган сайловда ғалаба қозонишга қаратамиз. 

Тўпланган тажриба, мамлакатимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг чуқур таҳлили бизга ўз дастурий устувор вазифаларимизни, тегишли сайловолди сиёсий позициямизни ишлаб чиқиш имконини берди. 

I. Партиянинг бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва рақобатдошлигини ошириш борасидаги устувор вазифалари

Партия мамлакатимиз иқтисодиёти рақобатдошлигини янада ошириш борасида қуйидагиларни энг муҳим, деб ҳисоблайди: 

Биринчи. Макроиқтисодий барқарорликни қўллаб-қувватлаш ва барқарор юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш.

Партия қуйидаги мақсадларга қаратилган макроиқтисодий сиёсатни давом эттириш учун ҳаракат қилади:

- барқарор юқори иқтисодий ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий барқарорликни қуйидаги воситалар билан таъминлашга: Давлат бюджети мутаносиблигини таъминлаш; иқтисодиёт ва хўжалик субъектлари учун солиқ юкини янада камайтириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, солиқ маъмурий бошқарувини яхшилаш, молия бозори барқарорлигини таъминлашга қаратилган мўътадил қатъий пул-кредит сиёсатини амалга ошириш; 

- маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлаш, бутун солиқ тизимини соддалаштириш ва унинг аниқ-равшан, тушунарли бўлишини таъминлаш;

- саноат соҳасида иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни давом эттириш, уни диверсификация қилиш, юқори қўшимча қийматга эга бўлган, фан-техника ютуқларига асосланган рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган, юксак технологиялар билан қуролланган корхоналар улушини оширишни назарда тутадиган сиёсатни олиб бориш;

- янада қулай инвестицион муҳитни шакллантириш орқали иқтисодиётга киритиладиган хусусий инвестициялар ҳажмининг жадал ўсишини таъминлаш; 

- иқтисодиёт тармоқларининг экспортга йўналтирилишини кучайтириш, экспортни рағбатлантириш, унинг номенклатураси ва географик майдонини қулай молиявий-иқтисодий ва божхона шароитларини қўллаб-қувватлаш ва яратиш, янги транспорт йўлакларини шакллантириш орқали кенгайтириш.

Партия иқтисодиётнинг рақобатдошлигини оширишга, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлигини таъминлашга, яширин иқтисодиётга пул маблағларининг банкдан ташқари айланишига барҳам беришга қаратилган солиқ-бюджет сиёсатини амалга ошириш учун ҳаракат қилади. 

Иккинчи. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, шахсий ташаббусларни амалга ошириш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш.

Партиянинг фикрича, мулк – бу эркинликнинг энг муҳим кафолати, инсоннинг бошқа барча ҳуқуқларининг манбаи, фуқаролар ҳимояланганлигининг асоси. Сиёсий, ижтимоий, маданий эркинликни иқтисодий эркинликсиз  тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис партия ўзининг кундалик ва парламент фаолиятида хусусий мулкнинг дахлсизлиги ҳақидаги конституциявий тамойилни ҳимоя қилади ва ҳаётга изчил татбиқ этади ҳамда иқтисодиётни бошқариш тизимини янада чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш, хусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш, уни ишончли ҳимоя қилиш тизимини яратиш учун ҳаракат қилади. 

Партия хусусий мулкнинг ривожланиши йўлидаги барча ғовларни бартараф этиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни йўқ қилиш, иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва улушини оширишни муҳим, деб ҳисоблайди ҳамда юртимизда бизнес юритиш билан боғлиқ барча тартиб-таомилларни янада либераллаштириш, соддалаштириш, арзонлаштириш ва уларнинг очиқлигини таъминлаш учун ҳаракат қилади.

Партия давлат ва назорат идораларининг тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашуви билан боғлиқ фактларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратади.

Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаши мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)да кичик бизнес улушини изчил ошириш борасидаги стратегик вазифа билан бевосита боғлиқ. Биз Ўзбекистоннинг етакчи ва нуфузли халқаро молия институтлари томонидан белгиланадиган рейтинглардаги кўрсаткичларини сезиларли даражада яхшилашга қаратилган мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилашнинг комплекс дастурини ишлаб чиқиш учун ҳаракат қиламиз. 

Партия кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантиришни, улар фаолияти учун янада эркинлик беришни қуйидаги йўллар билан давом эттириш зарур, деб ҳисоблайди:

- бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва тадбиркорлик эркинлиги, хусусий мулк устуворлиги ва ҳимоясини таъминлаш, бозор инструментлари ва бошқарув механизмларини ривожлантириш, рақобат  муҳитини яратишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш; 

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка имтиёз ва преференциялар бериш, тижорат банклари, лизинг компаниялари ва бошқа молиявий ташкилотлар томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиялаштирилишини кенгайтириш, гаров таъминотини расмийлаштириш билан боғлиқ банк кредитлари бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, гаров айланмасига кўчар мулкни жалб этиш ҳисобидан молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш сиёсатини давом эттириш;

- барча тадбиркорлик субъектларига, мулк шаклидан қатъи назар, хомашё манбалари ва моддий ресурслардан фойдаланиш учун тенг шароитлар яратиш, улар бўйича бозор нархларини шакллантириш механизмини такомиллаштириш;

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қурилиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишга рухсат олиш муддатлари ва нархини янада қисқартириш, шунингдек, ушбу жараёнларни соддалаштириш;

- ривожланган ва замонавий транспорт-коммуникация ва логистика тармоқларини ташкил этиш, ташқи савдо юкларини ташишни оптималлаштириш, янги транспорт йўналишларини синовдан ўтказиш, транспорт харажатларини қисқартириш ва шунга мос равишда экспорт-импорт тартиб-таомилларини янада соддалаштириш;

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бўйича давлат харидларини кенгайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва тақдим этилаётган хизматлар экспортини рағбатлантириш.

Партия кичик бизнеснинг саноат ишлаб чиқаришидаги улушини ошириш учун қулай шароитлар яратиш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.  Бунинг учун партия кооперация, давлат мулкини ва хусусийлаштириш жараёнларини бошқариш, шунингдек, хўжалик жамиятлари устав фондидаги давлат улушини ҳамда давлат корхоналарининг кўчмас мулк объектларини биржа ва биржадан ташқари савдоларда сотиш механизмини соддалаштиришга оид қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни таклиф этади. 

Партия кичик бизнес ва фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини пасайтириш сиёсатини давом эттириш зарур, деб ҳисоблайди. Чунки бу - хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида айланма маблағларни тўлдириш ва инвестицияларни амалга ошириш учун қўшимча маблағлар қолдириш имконини беради ҳамда ўз даромадларининг ҳақиқий даражасини камайтириб кўрсатадиган корхоналар сонининг қисқаришини таъминлайди.  

Партия рақобатни ҳар томонлама рағбатлантириш ва ривожлантириш, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида монополия вужудга келишига йўл қўймаслик ва улар сонини максимал даражада қисқартириш учун ҳаракат қилади. Биз қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва бу соҳадаги энг муҳим вазифаларни ҳал этишга қаратилган қонунларнинг сўзсиз ижроси устидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтиришни истаймиз.

Учинчи. Иқтисодий ўсиш суръатлар изчиллигини таъминлаш, таркибий ўзгаришлар жараёнини  чуқурлаштириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, жаҳон бозорларида унинг рақобатдошлигини оширишнинг энг муҳим ва зарур шарти сифатида Ўзбекистон иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш. 

Партия иқтисодиётнинг барча тармоқларига хусусий инвесторларни жалб этиш, реал иқтисодиёт соҳасида, биринчи навбатда, саноатда ва унинг етакчи тармоқларида хусусий мулкнинг етакчи ўрин эгаллаши учун ҳаракат қилади.

Партия амалиётга татбиқ этилаётган, шунингдек, янги инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, материаллар ва бутловчи қисмлар импортини солиқ ва божхона тизимида яратилган имтиёзлар эвазига қўллаб-қувватлаш ҳисобига саноатда ишлаб чиқариш суръати жадал ўсишини таъминлашни бу соҳадаги энг муҳим вазифа, деб ҳисоблайди. 

Шу мақсадда партия амалдаги қонунчиликка қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни таклиф этади:

- аввало, Ўзбекистон Республикаси билан инвестицион шартнома имзолаган чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар учун солиқ қонунчилигининг ишончли ва барқарор бўлишини таъминлаш;

- тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини, айниқса, саноатнинг юқори технологияларга асосланган ва қайта ишлайдиган тармоқларига жалб этишни рағбатлантириш, хорижий инвестициялар иштирокидаги компанияларнинг ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятини енгиллаштириш, корхоналарнинг хорижлик таъсисчилари, раҳбар ва муҳандислик таркиби учун виза олиш шартларини соддалаштириш;

- иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича инвестицион лойиҳаларни банклар томонидан кредитлашни кенгайтириш.

Биз инвестицион муҳитни яхшилаш (минтақаларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш) бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш, мамлакатимиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолиятига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини фаол жалб этишни таклиф қиламиз. 

Тўртинчи. Мамлакатимиз саноатининг барқарор, жадал ва мутаносиб ривожланишини таъминлаш мақсадида унинг асосий тармоқларида таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, экспорт салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш асосида корхоналар самарадорлиги ҳамда рақобатдошлигини янада ошириш.

Партия қуйидаги масалаларни саноатни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари, деб ҳисоблайди:

- авваламбор, энергетика, нефть-газ, кимё, фармацевтика, тўқимачилик ва енгил саноат, рангли металлургия, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари саноатида қайта ишлайдиган ва юқори технологияларга асосланган корхоналар ва ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришга қаратилган таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, шунингдек, жойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли ҳамда чуқур қайта ишлашга қаратилган саноат ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш;

- ишлаб чиқаришни кенг миқёсда модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, уларни замонавий, юқори технологик ускуналар билан жиҳозлаш, мамлакатимизда янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш;  

- маҳсулот ишлаб чиқаришда хомашё ва энергия сарфини камайтириш, ноёб, қайта тикланмайдиган ресурсларни асраб-авайлаш, муқобил энергия ресурсларини излаш ва жорий этиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Бешинчи. Тадбиркорлик, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқда реал мулкдорлар синфини шакллантириш асосида қишлоқ хўжалигини янада диверсификация қилиш ва ривожлантириш. 

Партия қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги, чорва маҳсулдорлигини ошириш, қишлоқ жойларда қайта ишлаш саноатини жадал ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради. Бу ички бозорни махсулотлар билан тўлдириш, аграр секторнинг экспорт салоҳияти ўсишига хизмат қилади, қишлоқ аҳолисининг катта қисми бандлиги ва даромадларининг ошишига олиб келади.

Партия бу борада қуйидагиларни назарда тутадиган комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф этади: 

- экин майдонлари таркибини янада юқори даромад келтирадиган озиқ-овқат экинлари майдонларини кенгайтириш ҳисобидан такомиллаштириш,  ҳосилдорлиги паст, рентабелликни таъминламайдиган ерларда пахта экинларини босқичма-босқич камайтириб бориш; 

- аҳолининг харид қобилияти юқори бўлган йирик ва ўртача шаҳарлар атрофида мева-сабзавот, полиз экинлари етиштириладиган майдонларни кенгайтириш; 

- мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш соҳасида хизмат кўрсатадиган фермерлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари, маркетинг ва бошқа инфратузилма ташкилотлари ўртасида кооперацияни рағбатлантиришнинг иқтисодий механизмларини шакллантириш;

- қишлоқда саноатни янада ривожлантириш, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини кескин ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш.

Партия фермер ва деҳқон хўжаликларини молиявий ресурс ва хизматлар билан таъминлашда фойдаланилмаётган ва янги ерларни ўзлаштириш ҳисобидан уларга ер майдонлари ажратиш учун тенг шароитлар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилишни таклиф этади.

Олтинчи. Ҳудудларнинг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш.

Партия маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини такомиллаштириш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, ҳудудларни барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш истиқболларини белгилашда уларнинг ролини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш учун ҳаракат қилади.

Партия бу борада халқаро стандартларга жавоб берадиган хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш, унинг мамлакатимиз ЯИМдаги улушини ошириш, алоқа ва ахборотлаштириш, (шу жумладан, компьютер дастурлаш, электрон таълим) асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш каби янги замонавий хизматларни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш ўта муҳим, деб ҳисоблайди. 

Еттинчи. Мамлакатимиз иқтисодиёти рақобатдошлигини оширишнинг энг муҳим вазифаси сифатида энергетика, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмаларини жадал ривожлантириш. 

Партия янги энергетика қувватлари, электр энергияси ўтказувчи тармоқларни яратиш, мавжудларини реконструкция қилиш, мамлакатимизнинг барча минтақаларини ягона транспорт тизимига уланиши, ташқи транспорт йўналишларига қулай тарзда чиқишни таъминлайдиган автомобиль йўллари ва темир йўл тармоқларини қуриш, шунингдек, уларни реконструкция қилиш бўйича тизимли ва комплекс ишларни давом эттириш учун ҳаракат қилади. 

Саккизинчи. Анъанавий бозорларни сақлаш ва янгиларини ўзлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермерлар ва ишбилармонларнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни минтақа ва жаҳон бозорларига чиқаришга қаратилган оқилона ва фаол экспорт сиёсатини олиб бориш. 

Партия бу борада қуйидаги масалаларга устувор аҳамият беради:

- маҳаллий маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга ҳисса қўшаётган мамлакатимиз корхоналари фаолиятини рағбатлантириш, Ўзбекистондаги экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг институционал чора-тадбирларни амалга ошириш, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш учун бу борадаги мавжуд тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш ва янгиларини ташкил этиш;

- хусусий компаниялар учун экспорт операциялари ва ўз маҳсулотини экспорт қилиш соҳасидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича ишларни давом эттириш; 

- экспорт қилиш тартиб-таомилларини янада либераллаштириш орқали мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фермерлар манфаатини ҳимоя қилиш.

II. Партиянинг ижтимоий-сиёсий соҳадаги устувор вазифалари

Партиянинг ижтимоий-сиёсий соҳадаги ҳамда Ўзбекистон ўз олдига қўйган узоқ муддатли мақсадларга – замонавий ривожланган, демократик давлатлар қаторидан жой олиш, ўз халқига муносиб турмуш шароитларини яратиш ва жаҳон ҳамжамиятидан мустаҳкам ўрин эгаллашга эришишдаги энг муҳим устувор вазифалари қуйидагилардан иборат:

Биринчи. Парламентаризмни янада ривожлантириш, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг, мамлакатимизни модернизация қилишнинг энг муҳим масалаларини ҳал қилишда ҳокимият вакиллик органлари ролини кучайтириш, парламентни демократик ва либерал ислоҳотларнинг ҳақиқий етакчи кучига айлантириш.

Партия қатор функция ва ваколатларни марказий давлат органларидан маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоат тузилмаларига изчил, босқичма-босқич ўтказиб бориш учун ҳаракат қилади. Давлат бошқарув органлари фаолиятини янада демократлаштириш, уларнинг самарадорлиги ва масъулиятини ошириш партиянинг устувор вазифаси бўлиб қолади. 

Партия давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, иқтисодиётни бошқариш тизимини либераллаштириш борасидаги ислоҳотларни амалга оширишга қодир бўлган малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор беради.

Иккинчи. Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишининг асосий тамойили бўлган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” принципини амалга оширишни давом эттириш.

Фуқаролик жамияти институтларининг қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этиши, ижро ҳокимияти фаолиятининг очиқлиги ва унинг фуқаролар олдида ҳисоб бериб боришини кучайтириш дунёдаги ривожланган демократик мамлакатлар қаторига кириш бўйича қўйилган мақсадга эришишнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам фуқаролик институтларининг ўрта синф мулкдорлари манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалаларини ҳал этишга қаратилган фаолиятини ҳар томонлама фаоллаштириш партиянинг стратегик вазифаси бўлиб қолмоқда. 

Партия қабул қилинаётган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси устидан амалга оширилаётган назоратнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини таъминлаш зарур, деб ҳисоблайди.

Партия, шунингдек, жойлардаги Фермерлар кенгашларини давлат ва жамоат тузилмалари билан барқарор амалий алоқалар, аниқ-равшан белгилаб олинган узоқ муддатли мақсад ва вазифаларга эга бўлган ҳақиқий ижтимоий кучга айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш учун ҳаракат қилади. 

Учинчи. Партия демократик жамиятни матбуот эркинлигисиз, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, сайлов эркинлиги ҳуқуқисиз тасаввур этиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

Бу соҳадаги энг муҳим вазифа – бу оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий мустақиллиги, эркинлигини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолиятига рақамли технологияларни янада кенг жорий этиш, журналистларнинг профессионал тайёргарлик даражасини оширишдан иборат. 

Партия нодавлат босма нашрлар, теле-радио каналлар фаолиятини кучайтириш, уларнинг интернет глобал тармоғига кириши учун ҳаракат қилади. Бу мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар сиёсатининг очиқ ва ошкоралигини янада таъминлашга, кучли фуқаролик жамиятини изчил шакллантириб боришга хизмат қилади.

Партия босма ОАВ маҳсулотларини тарқатиш соҳасида рақобатни ривожлантиришга, даврий матбуот маҳсулотларининг чакана савдо тармоқларини кенгайтиришга алоҳида аҳамият беради. Босма ОАВни тарқатиш жараёнига чакана савдо, хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш соҳаси корхоналарини жалб этиш, шу мақсадда солиқ имтиёзларларни қўллаш, бу масала бўйича ахборот кампанияларини ўтказиш кўзда тутилмоқда.

III. Партиянинг қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш соҳасидаги устувор вазифалари 

Биринчи. Ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва жамиятни демократлаштириш, қонун устуворлигига эришиш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг энг муҳим шарти бўлган судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини амалда таъминлаш. 

Суд тизимини янада ривожлантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлаш мақсадида партия қуйидагиларни таклиф этади:

- процессуал ҳаракатларни мақбуллаштириш, хўжалик низоси томонларнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш ҳамда суд қарорларининг барқарорлигини таъминлайдиган хўжалик процессуал қонунчилигини янада такомиллаштириш;

- хўжалик судлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни кенгайтириш, хўжалик ишларини кўриш жараёнини аудио ва видео воситалар билан қайд қилиб бориш, суд қарорларини уларнинг расмий веб-сайтларида электрон шаклда эълон қилиш тизимини йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектлари учун виртуал инфо-киосклар очиш.

Иккинчи. Жиноят, маъмурий қонунчиликни либераллаштириш жараёнларини давом эттириш, иқтисодий жиноятларнинг баъзи турларини декриминаллаштириш.

Партия жамият учун хавфи катта бўлмаган ва жиддий оқибатларга олиб келмайдиган айрим иқтисодий жиноятлар бўйича жиноий жавобгарликни либераллаштириш зарур, деб ҳисоблайди. Хусусан, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган, жумладан, муддати ўтиб кетган товарларни сақлагани ва сотгани учун жиноий жавобгарликни, агар улар истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлигига зиён етказмаган бўлса, декриминаллаштириш, ўз навбатида бундай ҳуқуқбузарликни содир этгани учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилади. 

Партия, шунингдек, рақобатчини обрўсизлантириш жиноятини бекор қилиб, мазкур соҳада юзага келадиган низоларни хўжалик судлари юрисдикциясига ҳавола қилишни таклиф этади. 

Учинчи. Мулкдорлар, тадбиркорлар, фермерлар ва ишбилармонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган қонунчилик меъёрлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш.

Партия ҳакамлик судлари институтини мустаҳкамлаш, хўжалик низоларини ҳал қилишнинг муқобил, суддан ташқари шаклларини ривожлантириш, жумладан, яраштирув институтини янада такомиллаштириш, судгача талабнома юбориш орқали низони ҳал қилиш мажбурий бўлган ишлар тоифасини кенгайтиришни таклиф этади.

Корпоратив низолар бўйича самарали одил судловни юксак жаҳон стандартлари даражасига кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш партиянинг доимий диққат марказида бўлади.

Партия коррупцияга қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор беради. Партия мансабдор шахслар томонидан иқтисодий ислоҳотларни олиб бориш, давлат ҳокимияти ва бошқарув тизимида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш бўйича қонунда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишда қонунчилик талаблари бузилгани учун жавобгарликни ошириш ҳамда уларнинг фаолиятида бюрократизм, расмиятчилик ва коррупция кўринишларининг олдини олиш учун тегишли чораларни кўриш зарур, деб ҳисоблайди.

IV. Партиянинг ижтимоий, гуманитар, маънавий соҳалардаги, жамиятни интеллектуал ривожлантириш борасидаги устувор вазифалари

Партиянинг мазкур соҳадаги устувор вазифалари қуйидагилардир:

Биринчи. Фуқаролар, энг аввало, ёшлар ва аёлларнинг интеллектуал меҳнат соҳасида ўз қобилият ва истеъдодини намоён этишлари учун зарур шароитлар яратиш, бу борада фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш.

Иккинчи. Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, замонавий тиббиётнинг энг сўнгги ютуқларини амалиётга татбиқ этиш, мазкур соҳага хусусий капитални жалб қилган ҳолда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратиш.

Учинчи. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ролини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш. 

Тўртинчи. Партия  уй-жой, коммунал хўжалиги ва инфратузилмасини рақобат бозорига, хусусий капитал учун жозибали соҳага айлантириш; коммунал хўжалик соҳасида инновациялар ва технологияларнинг маҳаллий кластерларини (ускуна ихтирочилари, ишлаб чиқарувчилари, бошқарув компаниялари) шакллантириш зарур, деб ҳисоблайди.

Бешинчи. Янги, барча қулайликларга, зарур инфратузилмаларга эга бўлган турар-жой массивларини, айниқса, қишлоқ жойларда барпо этиш, аҳолини сув билан таъминлашни яхшилаш бўйича лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, йўл бўйларидаги инфратузилмаларни ривожлантириш партиянинг устувор вазифалари бўлиб қолади.

Олтинчи. Таълим тизимида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва шу орқали ушбу соҳанинг юқори халқаро мезон ва стандартларга мослигини таъминлаш. Бу мақсадда партия қуйидагиларни қўллаб-қувватлайди:

- мактабгача ва олий таълим тизимида рақобат муҳитини шакллантиришга кўмаклашиш;

- миллий дипломларимизнинг хорижда тан олинишини таъминловчи модул тизимини ўқув жараёнига киритишни жадаллаштириш;

- олий ўқув юртларининг мустақиллигини (ташкилий, институционал ва молиявий мухториятини) ошириш бўйича зарур чораларни амалга ошириш;

- олий ўқув юртларининг тижорат асосида пуллик таълим хизматларини кўрсатиш бўйича ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш ҳисобидан уларнинг давлат томонидан молиялаштиришни босқичма-босқич камайтириш сиёсатини қўллаб-қувватлаш;

- масофадан туриб таълим беришнинг замонавий шаклларини жадал суръатлар билан ривожлантириш чораларини кўриш.

V. Партиянинг ташқи сиёсат соҳасидаги устувор вазифалари

Партия мамлакатимизнинг қуйидаги фундаментал принципларга асосланган ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди:

- умумэътироф этилган халқаро меъёр ва тамойилларга, тинчлик ва барқарорликни сақлаш принципларига содиқлик, ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик;

- тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, чегаралари дахлсизлигини ҳурмат қилиш ва уларнинг ички ишларига аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид солмаслик ва бошқалар.

Партия халқаро либерал-демократик ҳаракатнинг қуйидаги принципларини қўллаб-қувватлайди: 

- тинч-осойишта инсоний ҳамкорликнинг қадри ва аҳамиятини эътироф этиш; 

- мамлакатларнинг сиёсий суверенитети ва уларнинг чегаралари дахлсизлигига қаратилган таҳдидларга, куч ишлатиш ёки куч билан таҳдид қилишга йўл қўймаслик. Дунёнинг айрим минтақаларида қон тўкилаётгани, низо ва адоватлар кучайиб бораётгани, миллатчилик ва шовинизм авж олаётганини, тинчлик ва барқарорликка нисбатан таҳдид ва хавф-хатарлар янада кескинлашаётганини афсус билан таъкидлаган ҳолда, биз БМТ Устави, халқаро ҳуқуқий меъёрларда мустаҳкамлаб қўйилган асосий тамойиллар сўзсиз ижро этилиши учун ҳаракат қиламиз. 

Дунёда ҳақиқий тараққиётга фақат тинчлик ва тартиб ҳукмрон бўлган шароитда эришилади. Шунинг учун «келажак учун бугунги ҳаётни қурбон қиладиган» ҳар қандай инқилобий ғояни рад этамиз. Ўтмишга ёпишиб, тараққиётга тўсқинлик қилаётган ғоя ва мафкураларга қарши чиқамиз. Партия доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга, Ўзбекистондаги тинч ва осуда ҳаётни кўз қорачиғидек асраш, тинчлик ва осойишта ҳаёт учун ҳамиша курашиб яшашга чақиради. 

Партия миллий манфаатларимизни илгари суриш ва ҳимоя қилиш, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини амалга ошириш учун парламент ва депутатлик корпуси, бошқа механизмлар имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратади. 

Биз мамлакатимизнинг халқаро майдондаги масъулиятли сиёсий ва савдо-иқтисодий шерик сифатидаги нуфузи, обрў-эътиборини мустаҳкамлаш, хорижда унинг инвестицион жозибадорлигини кучайтириш, миллий иқтисодиётимизнинг устувор тармоқларига тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ва илғор технологияларни жалб этиш жараёнларини кучайтириш учун икки томонлама ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик механизмларидан фойдаланишда фаол иштирок этамиз.

Партия мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг самарасини ошириш учун қулай ташқи сиёсий шароитлар яратиш, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари, мутаносиб ва барқарор ривожланишини сақлаш учун ҳаракат қилади. 

Биз мамлакатимизнинг географик жиҳатдан халқаро коммуникация тармоқларидан узоқ, ёпиқ минтақада жойлашгани билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳамда жаҳондаги йирик бозорларга ишончли тарзда чиқишни таъминлайдиган транспорт-коммуникация йўлакларининг кўп вариантли тизимини шакллантиришда фаол иштирок этамиз. 

Партия хорижда Ўзбекистоннинг етакчи миллий компаниялари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларининг савдо ваколатхоналарини очиш, иқтисодий уюшмаларда, халқаро корпорация ва консорциумларда иштирок этишга фаол кўмаклашади. 

Партия давлатимизнинг минтақада, бутун дунёда сиёсий, иқтисодий, экологик, гуманитар хавфсизликни сақлаш, хусусан, афғон муаммосини ҳал қилиш борасидаги сиёсатини тўла қўллаб-қувватлайди ва бу мамлакатда ҳарбий йўл билан тинчликка эришиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Ушбу муаммони ечишда кўп миллатли ва кўп конфессияли Афғонистон халқининг миллий урф-одатлари, маданияти ва диний қадриятларини ҳурмат қилишга эришиш зарур. 

* * *

Қайд этилган вазифаларни амалга ошириш партиянинг барча аъзолари, унинг мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватлайдиган инсонлар, барчамиздан самарали ҳамда фидокорона меҳнат қилишни талаб этади.  

Ўз мақсадларимизга эришишнинг самарали йўлларини излаш ва амалга оширишда биз ғоя ва дастурларнинг конструктив, рақобатли курашига тайёрмиз. 

Вакиллик ҳокимияти органларида кўпчилик ўринларни эгаллаш O‘zLiDeP  учун бирдан-бир мақсад эмас, балки халқимизга самарали хизмат қилиш, партиямиз дастури ва сиёсий платформасининг стратегик ва тактик мақсадларини амалга ошириш воситасидир.

Ҳурматли сайловчилар!

Бизнинг партиямиз жамоатчилигимизнинг диққат марказида турган ҳаётий муаммоларни кўпчилик халқимиз, авваламбор, тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатини кўзлаб ҳал этиш, мустақил Ўзбекистонимиз равнақи, мана шу муқаддас заминда яшайдиган ҳар бир инсоннинг фаровонлик даражаси изчил ўсиб бориши учун хизмат қиладиган қарорлар қабул қилишда фаол иштирок этади.

O‘zLiDeP сиёсий куч сифатида кенг кўламли ислоҳотлар тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олиш, ўз сиёсий платформаси қоидаларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда ўз электорати манфаатларини самарали ҳимоя қилишга амалий жиҳатдан тайёрдир.

O‘zLiDeP ислоҳотлар йўлидаги ғов ва тўсиқларни қатъият билан енгиб ўтади, биз яшаётган замоннинг ўзи олдимизга қўяётган вазифаларни сидқидилдан ва масъулият билан адо этади. 

O‘zLiDeP ўз кучига ишонади ва бунёдкорлар партияси эканини амалий ишлари билан исботлашга қодирдир!

Сиз, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодлари учун овоз берар экансиз, ҳар бир фуқаронинг фаровонлигини ошириш ва мустақил Ўзбекистонимизни тараққий топтириш йўлидаги аниқ вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган партияни қўллаб-қувватлаган бўласиз!

Бугунги тўғри танлов бизнинг фаровонлигимиз, фарзандларимиз ва жамиятимизнинг буюк келажагини таъминлайди! 


O‘zLiDePнинг сайловлар давридаги шиорлари:


Бизнинг мақсадимиз – мулкнинг дахлсизлиги, инсон эркинлигига эришиш, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш!

***

Мулк эгаси бўлган ўрта синф – жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорликдан энг кўп манфаатдор бўлган синф!

***

Тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш – энг муҳим вазифамиз!

***

Мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилиш учун масъулмиз!

***

Тадбиркорлик, кичик бизнес ва фермерлик ҳаракати ривожига кўмаклашиш – бош мақсадимиз!

***

Биз қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш тарафдоримиз!

***

Иқтисодий ислоҳотлар изчиллиги учун масъулмиз!

***

Мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш – асосий мақсадимиз!

***

Кучли ўрта синф – мамлакатимиз равнақининг гарови!

***

Биз Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш тарафдоримиз!

***

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – иқтисодий тараққиёт омили!

***

Иқтисодиёт тараққиёти – халқ фаровонлигининг асоси!

***

Тадбиркорлик – аҳоли бандлиги гарови!