Партияга қандай аъзо бўлиш мумкин?

I. ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИГА АЪЗОЛИК

1.1. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясида чегараланган аъзолик тартиби ўрнатилади. Партияга 18 ёшга тўлган, партия Дастурини тан оладиган ва унинг Устави талабларини бажарадиган, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, жамиятда эгаллаган мавкеидан қатьий назар, Ўзбекистоннинг ҳар бир лаёқатли фуқароси аъзо бўлиши мумкин.
1.2. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига аъзолик якка тартибда бўлади. Партияга қабул қилиш яшаш ёки иш жойидаги партия ташкилотига ёки Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашига ариза бериш асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига аъзо бўлган шахсларга уларнинг турар жойи ёки иш жойидаги партия ташкилоти томонидан ўрнатилган намунадаги партия аъзоси гувоҳномаси берилади.
1.3. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзолари ҳисобланган шахслар бошланғич партия ташкилотига ёзма равишда маълум қилиш орқали партиядан ихтиёрий равишда чиқишлари мумкин.
1.4. Партия аъзоси партия Уставини бузгани, Устав талабларини бажармагани, партия шаънига доғ туширгани ёки унга зиён етказадиган хатти-ҳаракатлари учун интизомий жавобгарликка тортилиши ёки партия сафидан чиқарилиши мумкин. Партия сафидан чиқариш ҳақидаги қарор партиянинг туман(шаҳар) бўлими томонидан қабул қилинади ва ҳудудий партия ташкилоти томонига тасдиқ учун тақдим этилади.
Ҳудудий партия ташкилоти ва партиянинг туман(шаҳар) бўлимлари Кенгашлари аъзоларини партиядан чиқариш тўғрисидаги қарор тегишли ҳудудий партия ташкилоти томонидан қабул қилинади ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг Ижроия қўмитасида тасдиқланади.
1.5. Партия сафидан чиқариш ҳақидаги қарор устидан партиянинг юқори турувчи органларига шикоят қилиниши мумкин.
1.6. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси бир вақтнинг ўзида ўзга партияларга ёки сиёсий мақсадларга эришиш йўлида тузилган жамоат бирлашмаларига (ҳаракатларига) аъзо бўлишга ҳакли эмас.
1.7. Партия аъзолиги қонунда белгиланган тартибда тўхтатиб турилиши ёки умуман тўхтатилиши мумкин. Қонунга биноан аъзолиги тўхтатиб турилган шахс Партия тарафдори мақомига тенглаштирилади. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тарафдорлари унинг аъзолари ҳисобланмайдилар.
1.8. Партия Дастури, Устави ва амалий ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган ҳар бир лаёқатли фуқароси Партия тарафдори бўлиши мумкин.

II. ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ АЪЗОСИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

2.1. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– партиянинг турли бўғиндаги ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш, ўз қарашларини эркин баён этиш ва партия фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;
– партиянинг раҳбар органларига сайлаш ва сайланиш, уларга ариза ва таклифлар билан мурожаат этиш;
– давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларига партия номидан номзод сифатида тавсия этилиш;
– Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ фаолият юритаётган жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамғармаларга Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакили сифатида тавсия этилиш.
 2.2. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзосининг мажбуриятлари:
- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, ахлоқ тамойиллари ва жамиятнинг маънавий мезонларига риоя қилиш;
- партия Дастури ва Устави талабларини бажариш, партиявий интизомга қатъий риоя қилиш;
- партия раҳбар органлари қарорларини бажариш;
- ўз фаолияти билан партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларига эришишда кўмаклашиш;
- партия манфаатларини ҳимоя этиш, унинг ғоя, мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этишда фаол қатнашиш;
- аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлаб бориш.