Асосий мақсад – сайловда муносиб иштирок этиш

Шу йилнинг 7 октябрь куни O’zLiDeP Сиёсий Кенгашининг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди. Унда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловда муносиб иштирок этишини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
 
Маълумки, Марказий сайлов комиссияси мамлакатимизда 15 сентябрдан сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилди. O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг шу муносабат билан ўтказилган йиғилишида партиянинг мазкур сайловда иштирок этиши тўҚрисида қарор қабул қилинган эди. 

Алоҳида таъкидланганидек, сайлов фуқароларнинг давлат ҳокимияти органлари бошқарувида ўз вакиллари орқали иштирок этишдек Конституциявий ҳуқуқидан фойдаланишидир. Муҳим сиёсий аҳамиятга эга бўлган ана шу масъулиятли давр – сайлов кампаниясида муносиб иштирок этиш O`zLiDePнинг асосий мақсади ҳисобланади. 

— Парламент қуйи палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилади, — деди O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Cодиқжон Турдиев. — Чунки бугунги сайловчининг сиёсий даражаси, онгу тафаккури юксалди. Айниқса, ёшларимизнинг дунёқараши кенгайиб, халқимизнинг эртанги кунга ишончи, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайди. Сайлов эса ана шу ўзгаришлар натижасини амалда кўрсатувчи сиёсий тадбирдир. Шунинг учун ҳам дунё ҳамжамияти мазкур жараённи катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда. 

Дарҳақиқат, партия Сиёсий Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган VIII мажлисида O`zLiDePнинг янги Сайловолди платформаси лойиҳасини тайёрлаш жараёни қизғин давом этаётгани алоҳида таъкидланганди. Эндиги асосий вазифа партия съездигача бўлган даврда мазкур дастур лойиҳасини ҳудудларда аҳоли кенг қатламлари ўртасида муҳокамадан ўтказишдир. Айниқса, тадбиркор ва фермерлар орасида шундай муҳокамаларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш зарур. Токи ҳар бир мулкдор шу дастурда ўзини ўйлантирадиган масалаларнинг ечимини топиш бўйича ўз фикрларини билдириш имкониятига эга бўлсин. Ҳақиқатан ҳам аҳоли қатламларини қизиқтирган, электорат кўнглида бўлган интилишларга жавобларни ўзида мужассам этган Сайловолди платформаси билангина сайловчиларнинг ишончини қозониш мумкин.

Сиёсий Кенгаш мажлисида муҳокама этилган масалалар кўлами сиёсий жараён арафасида партиямизнинг олдида нақадар катта ишлар турганлигини кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, фаолларимиздан ўз фаолиятини янада кучайтириш, янги талаблар даражасида ишлашни талаб қилади. Зеро, тадбиркорлик «қозон»ида қайнаган, ишбилармонлик сир-асрорларини яхши биладиган, бу борадаги илғор хорижий тажрибаларни чуқур ўрганган кишиларнинг партия томонидан мафкуравий йўналишда олиб бориладиган ишларга етакчилик қилиши, ташаббускорликни намоён этишини бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда. 

Мажлисда ташкилий масала кўриб чиқилди. Партиянинг Учтепа туман кенгаши раиси вазифасида ишлаб келган Дилшод Шоумаров O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг мафкуравий масалалар бўйича ўринбосари этиб сайланди.

«ХХI asr» ижтимоий-сиёсий газетаси 2014 йил 9 октябрь, 40 (568)