O‘ZLIDEPНИНГ УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИ БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.  

Унда партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги “2014 йил юқори ўсиш суръатлари билан ривожланиш, барча мавжуд имкониятларни сафарбар этиш, ўзини оқлаган ислоҳотлар стратегиясини изчил давом эттириш йили бўлади” номли маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифалари муҳокама этилди. 

Йиғилишда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев сўзга чиқиб, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга йўналтирилган чуқур ўйланган ва узоқни кўзловчи сиёсат туфайли мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8 фоиз ўсгани, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,8 фоиз, қишлоқ хўжалиги - 6,8 фоиз, чакана савдо айланмаси - 14,8 фоиз ошганини алоҳида таъкидлади.

- Сўнгги йилларда экспорт таркибида рақобатдош тайёр маҳсулотлар улуши барқарор суръатлар билан ўсиб бораётгани яққол кўзга ташланмоқда, - деди С.Турдиев.  - 2013 йилда умумий экспорт ҳажмининг 72 фоиздан ортиғи тайёр товарлар ҳиссасига тўғри келди ва шунинг ўзи иқтисодиётимиз диверсификация қилинаётганининг яққол далолатидир. Энг муҳими,  тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш устуворлиги тамойилини жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, рухсат беришга оид 80 дан ортиқ тартиб-таомил, лицензияланадиган фаолият турларининг 15 таси, 65 турдаги статистик ҳисоботлар, 23 турдаги ҳисоботни тақдим этиш муддатлари қисқартирилди, 22 турдаги интерфаол солиқ хизмати жорий  этилди.

Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал суръатлар билан тараққий этди, иқтисодиётимиз таркибида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 55,8 фоизи айни шу соҳада ишлаб чиқарилмоқда. Ваҳоланки, 2000 йилда бу кўрсаткич 31 фоиз эди. 

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати, “Диком сервис” МЧЖ раҳбари Бурхон Аҳмеджонов қўшма йиғилишда Президентимиз маърузасида тилга олинган устувор вазифалардан  келиб чиқиб, партия ва фракция билан биргаликда жойларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама этилгани ва белгилаб олинганини билдирди.

- Фермер хўжаликлари роли ва аҳамиятини қишлоқда хўжалик юритишнинг ҳал қилувчи шакли ва ривожланишининг асоси сифатида кучайтириш масалалари O‘zLiDePнинг муҳим вазифалари қаторидан ўрин олган, - дейди Юқоричирчиқ туманидаги “Барлос плюс” фермер хўжалиги раҳбари, O‘zLiDeP фаоли Шерзод Жўраев. – “Фермерлик ҳаракати – қишлоқдаги ҳақиқий мулкдорлар синфи” лойиҳаси доирасида қишлоқдаги ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинларининг юқори ҳосилдорлигини таъминлаш, энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш, ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида тизимли ишларни амалга ошириш мўлжалланган. 

“Йирик саноат сектори корхоналарининг кичик бизнес билан кооперацияси” лойиҳаси доирасида ҳам фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, харид қилиш ва чуқур ишлов бериш соҳасида амалий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган. 

“Тадбиркорлар ва фермерлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида хусусий тадбиркорлик ва фермерлик секторида шарт-шароитларни, иқтисодий рағбатларни яратиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Қишлоқ оилаларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг моддий базасини мустаҳкамлаш мақсадида касаначиликни ривожлантиришга қаратилган “Мулкдор оила” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Амалий фаолият ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашдаги устуворликлар билан таништириш мақсадида таниқли, тажрибали фермерлар ва мутахассислар иштирокида 150 дан ортиқ коллеж ва лицейда ўқувчилар билан амалий учрашувлар ўтказиляпти. O‘zLiDeP партияси аграр соҳанинг малакали, замонавий фикрлашга лаёқатли мутахассислари ва менежерларини етиштиришга интилаётир. 

Тадбирда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш учун турли рухсатномалар бериш муддатларини янада қисқартириш, уларнинг тартиб-таомилларини соддалаштириш ва арзонлаштириш, тадбиркорлик йўлидаги ортиқча бюрократик ғовларни бартараф этиш ва бундай ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди.

- Йиғилишда партия электорати ўртасида кундалик турмушда ахборот-коммуникация технологияларидан (АКТ), электрон консалтинг хизматларидан фойдаланиш имкониятлари, шунингдек, давлат бошқаруви органлари билан электрон шаклда алоқа ўрнатиш бўйича ахборот-маърифий чора-тадбирларни уюштириш ва ўтказиш муҳимлиги таъкидланди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Барчиной Машарипова. - АКТ ва дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш соҳасидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича назорат-таҳлил ишларини жонлантириш, давлат хизматлари сифатини ошириш ва ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уларни кўрсатиш тартибини соддалаштириш ва муддатини қисқартириш, айни пайтда рухсат берувчи ва лицензиявий жараёнларни, шунингдек, коммунал хизматлар, солиқ ва божхона хизматлари кўрсатилишини расмийлаштиришнинг электрон шаклига ўтиш масалаларини ҳал қилишни тезлаштириш зарур. Электрон тижоратни кенгайтириш масалаларининг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда 2004 йилда қабул қилинган “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш бўйича таклиф ва тавсияларимизни ишлаб чиқамиз.

Тадбир давомида мунозараларда партия фаоллари, тадбиркор ва фермерлар, БПТ раислари, маҳаллий кенгаш депутатлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

“Юртбошимизнинг йил якунлари таҳлиллари, 2014 йилдаги устувор вазифалар белгилаб берилган маърузасини тинглаб, бошқа соҳа ва тизимлар қатори тадбиркорликка ҳам янада қулай шарт-шароит яратилаётганига амин бўлдим. Зеро, мамлакатимизда ишбилармонларга яратилган шарт-шароит, бугунгидек қулай имтиёзлар бошқа бирор давлатда йўқ, десам муболаға қилмаган бўламан. Тадбиркор сифатида эмин-эркин фаолият юритаётганимиз, ҳаётимизнинг янада фаровон бўлаётганига Президентимиз фармонлари, янги қабул қилинаётган қонунлар асос бўлмоқда. Бундай ғамхўрлик замирида эса бизга ишонч мужассам экан, ўз меҳнатимиз билан мамлакатимизнинг янада равнақ топишига ҳисса қўшаверамиз”, - дейди мунозараларда қатнашган Тошкент шаҳридаги “Тех кафолат лукс” МЧЖ раҳбари, БПТ раиси Аҳмеджон Некбоев.

Унинг сўзларига кўра, БПТлар ва депутатлик гуруҳлари ҳамкорликда жойлардаги долзарб масалалар юзасидан ўз таклифларини тақдим этиб бориши партиянинг 2014 йилдаги устувор вазифалари тўла бажарилишига хизмат қилишини қайд этди.

Йиғилиш якунлари бўйича O‘zLiDePнинг 2014 йилга мўлжалланган Амалий ҳаракатлар дастури тасдиқланди.     

Иштирокчилар фикрича, қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилиши бошланган ислоҳотларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётимизни янгилаш ва модернизациялаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ва сифатини оширишга кўмаклашади ва умуман, мамлакатимизга дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш имконини яратади.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати