ТАДБИРКОРЛАР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР ҲАРАКАТИ – ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ СИЁСИЙ КЕНГАШИ ИЖРОИЯ ҚЎМИТАСИ ҲАМДА ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДАГИ ФРАКЦИЯСИНИНГ ҚЎШМА МАЖЛИСИ Б А Ё Н Н О М А С И

Узбекча кирил

Тошкент шаҳри                                                            2016 йил 22 январь

Раислик қилди:

 

Б.Якубов – O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раисининг ўринбосари

 

 

 

Иштирок этдилар:

 

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати масъул ходимлари (рўйхат илова этилади)

 

КУН ТАРТИБИ:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг бирламчи вазифалари тўғрисида

С.Турдиев

2. O’zLiDePнинг 2016 йилга мўлажалланган мақсадли, комплекс амалий ҳаракатлар дастури тўғрисида.

Д. Шоумаров

3. O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) Кенгашларининг штатлар жадвалини тасдиқлаш тўғрисида. 

Б.Якубов

4. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2010 йил 15 декабрдаги 01-03/520-сонли “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимларига кадрлар захирасини шакллантириш тўғрисида”ги қарорини янги таҳрирда қабул қилиш тўғрисида.

5. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2013 йил 15 мартдаги 01-08/11-сонли “O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари бошқарув аппаратининг лавозимларига ходимларни ишга қабул қилиш Тартиби”га ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида.

6. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2014 йил 19 мартдаги “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати, унинг бўлим, бўлинмалари ва масъул ходимларининг хизмат вазифалари тўғрисида”ги Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида.

7. Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-396-сонли Қонунининг 29-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги 617-II-сонли Қонуниниг 6 ва                      10-моддаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан 2016 йилга мўлжалланган молиявий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида.

 

Йиғилиш раиси Б.Якубов йиғилиш ишини очиш тўғрисидаги таклифни овозга қўйди ва ушбу таклиф бир овоздан маъқулланди.

Шундан сўнг йиғилиш қатнашчиларига кун тартиби ўқиб эшиттирилди ва овозга қўйилди.

Йиғилиш кун тартиби бир овоздан қабул қилинди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси раиси С.Турдиевнинг маърузаси Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси  раиси ўринбосари Б.Якубов томонидан ўқиб эшиттирилди (маърузанинг тўлиқ матни илова этилади).

Б.Якубов томонидан жорий йил 15 январь куни Президент Ислом Каримов раислигида бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида ўтган  йилда амалга оширилган кенг кўламли ишлар сарҳисоби ва 2016 йил иқтисодий дастури учун белгилаб берилган устувор йўналишлар юзасидан батафсил ахборот берилди.

Жумладан, Президентимиз маърузаси ҳамда унда устувор йўналиш ва долзарб вазифалар, аниқ амалий тавсия ҳамда кўрсатмалар белгилаб берилганлиги билан том маънода юксак аҳамиятга молик эканлиги ва бу ўз навбатида O‘zLiDeP фаолияти учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

2015 йилда мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳалари жуда аниқ ва равшан сарҳисоб қилиб берилганлиги тарихий аҳамиятга эгадир. Хусусан, ўтган 2015 йил бизнинг бош мақсадимиз бўлмиш асосий вазифа — юртдошларимизнинг муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш ва ривожланган демократик давлатлар қаторида ўрин эгаллаш бўйича, энг аввало, амалга оширилаётган изчил ва истиқболли ислоҳотларни рўёбга чиқариш йўлидаги улкан қадамлардан бири бўлганлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Энг эътиборлиси, хусусийлаштириш дастурида кўзда тутилган, фойдаланилмаётган ва қурилиши тугалланмаган 353 та давлат мулки объекти бузилиб, бунинг натижасида 120 гектар ҳажмидаги ер майдони бўшаганлиги, бу ерларнинг қарийб 80 гектари ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва хизматлар кўрсатиш объектлари қуриш учун тадбиркорлар тасарруфига берилганлиги, Давлат мулки шаклидаги яна 319 та ана шундай объект инвентаризация қилиниб, хусусий мулк шаклига ўтказиш учун савдога қўйилганлиги ва ўтган йили уларнинг 102 таси янги мулкдорларга сотилганлиги эса фикримизнинг яққол далилидир.

Хусусан, янги тартиб бўйича, агар шахс солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бош тортиш билан боғлиқ жиноятни биринчи марта содир этган бўлса ва ҳуқуқбузарлик аниқланганидан сўнг 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қопласа, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилмаслиги ва у жавобгарликка тортилмаслиги билан боғлиқ янгиликларни жамоатчилик ўртасида етарли даражада тарғиб этдикми, ёки қонунчиликадаги бундай ўзгаришлар, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айнан O’zLiDeP электорати манфаатларига хизмат қилаётганини ҳам мулкдорларга тўлиқ етказиб бера олдикми, деган ҳақли саволларни бугун ўзимизга қайта-қайта беришимиз ва унга жавоб топишимиз керак.

Президентимиз маърузасида келтирилган ҳар томонлама чуқур таҳлил этилган ҳаётий мисол, далил ва рақамлар билан танишар эканмиз, мамлакатимизда партиямизнинг электорати бўлган ишбилармон инсонлар учун кенг, истиқболли имкониятлар яратилаётганига гувоҳ бўламиз.

Юртимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили асосида Давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолият бошлаганининг ўзи тадбиркорларнинг ҳам вақтини, ҳам маблағини тежашга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар  халқаро иқтисодий ташкилотларнинг рейтингларида ҳам ўзининг ижобий ифодасини топмоқда.

Жумладан, Жаҳон банки «Бизнес юритиш» рейтингида Ўзбекистон фақат бир йилнинг ўзида 16 поғонага кўтарилиб, 87-ўринни эгаллаганлигини, «янги бизнесни қўллаб-қувватлаш» деб аталадиган мезон бўйича  жаҳонда 42-ўринни, тузилган шартномалар ижросини таъминлаш бўйича 32-ўринни, иқтисодий ночор корхоналарга нисбатан қўлланадиган банкротлик тизимининг самарадорлиги бўйича 75-ўринни «Кичик бизнес субъектларига кредит бериш» деб номланадиган кўрсаткич бўйича Ўзбекистон сўнгги уч йилда 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилганлигини давлатимиз раҳбари фахр билан таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

Тадбиркорлик ва фермерлик соҳасидаги изчил ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулотимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етгани ёки 1,8 баробар ошганини Президентимиз алоҳида таъкидлади. Бу соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилганлиги, иш билан банд жами аҳолимизнинг 77 фоиздан ортиғи  мазкур тармоқда меҳнат қилаётгани аҳамиятга моликдир.

Маърузада айтилганидек, ўтган йили 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилганлигини , биргина ўтган йилнинг ўзида 980 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил қилинган бўлиб, шунинг 60 фоиздан зиёди қишлоқ жойларда яратилганлиги, коллежларни битирган йигит-қизларнинг 480 мингдан ортиғи иш билан таъминланганлиги мақтовга лойиқдир.

Президентимиз маърузасида ўтган йилда эришилган ютуқларимиз эътироф этилиши билан 2016 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган устувор вазифалар ҳам аниқ белгилаб берилди.

Айни пайтда Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ва кўрсатиб ўтилган мавжуд камчиликлар асосида партиянинг аниқ мақсадли вазифаларини белгилаб олиш зарур.

Биринчидан, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, доимий равишда ички имконият ва захираларни излаб топиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилишни изчил давом эттириш борасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб 2015-2019 йилга мўлжалланган ҳаракат дастуримизга ўзгартиш киритиши;

Иккинчидан,  2030 йилга бориб, мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 2 баробар ошириш вазифаси доирасида айнан партиямиз янада фаолроқ бўлиши, бугунги кунда ЯИМда бизнинг электоратимиз улуши 56,7 фоизни ташкил қилар экан, мазкур вазифанинг ижросида партиямиз нафақат фаол балки ўзининг амалий ишлари билан яққол намоён бўлиши керак.

Бу борада партиянинг энг пастки бўғини БПТларимиздан то фракциямизгача амалга ошириладиган ишларимизни жиддий қайта кўриб чиқишимиз зарур.

Бу йўлда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ҳисобидан саноатни жадал ривожлантириш ва ялпи ички маҳсулотда унинг улушини 2015 йилдаги 33,5 фоиздан 40 фоизга етказиш, қишлоқ хўжалиги улушини эса 16,6 фоиздан 8-10 фоизга камайтириш, энергияни тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий этиш эвазига ялпи ички маҳсулот учун сарфланадиган энергия ҳажмини тахминан 2 баробар қисқартиришга эришиш борасида вазифалар белгиланди.

Учинчидан, иқтисодиётимизда, авваламбор, саноат ва қишлоқ хўжалигида туб таркибий ўзгаришларни сўзсиз давом эттириш, хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш ва бу соҳа вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз керак.

Бу борада партиямизнинг депутатлик корпуси зиммасига катта масъулият юкланади. Фракциямиз ўзининг қонун ижодкорлиги йўналишидан мукаммал фойдаланиб, хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш ва бу соҳа вакиллари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиши, мавжуд қонунларни янада такомиллаштириб бориши талаб этилади.

Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз эса қабул қилинаётган ҳар бир қонун ва қонуности ҳужжатларининг жойларда тўла таъминланиши устида фаол жамоатчилик назоратини ўрнатиши, бу йўлда партиянинг барча воситаларидан фойдаланиши керак бўлади.

Тўртинчидан, партия фракциясига мазкур соҳадаги қонунларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича жавобгарлигини кучайтириш, бунда қонунни бажармаслик билан боғлиқ ҳар бир конкрет ҳолат бўйича ҳуқуқий таъсир чораларини кўзда тутиш билан боғлиқ, қолаверса, қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказишни, шунингдек  қонун ижодкорлиги фаолиятини прогноз қилиш ва режалаштириш бўйича самарали тизим яратиш, яъни иқтисодий тадрижий ривожланишни таъминлайдиган қонунларни ишлаб чиқиш тизимини яратиш вазифаси партиямиздан сайланган депутатлик корпусидан ғайрат ва шижоатни талаб қилади.

Бешинчидан, Иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш соҳасининг юқори суръатлар билан барқарор ўсиши биз учун энг муҳим устувор йўналиш бўлган – аҳоли бандлигини таъминлаш, авваламбор, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш  борасидаги устувор вазифаларни партиянинг тегишли бўлимлари янада кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратиши, бу масалада ҳам партиямиз ўз фаоллигини кўрсатиши лозим.

Олтинчидан, бугунги кунда хомашёни тўлиқ қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларга қўшимча имтиёзлар яратиш борасида аниқ таклифлар ва янги ташаббусларни ишлаб чиқиш кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади. Бунда ишчи кучини кўп талаб этадиган пахта толасини ва мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, жумладан, тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналарига алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади.

Маълумки навбатдаги энг муҳим устувор йўналиш -  қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш; 

Фермер хўжаликлари томонидан тўпланган ривожланиш тажрибаси, унинг самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда, уларни қулай миқдордаги ер участкалари билан таъминлаш, пахта хомашёсини етиштириш ҳажмини 3 миллион 350 минг тоннадан 3 миллион тоннага босқичма-босқич қисқартириш, пахтадан бўшаган экин майдонларида, аввало, сабзавот ва картошка, шулар қаторида озуқа экинлари, ёғ-мой олинадиган ва бошқа ўсимликлар экиш, боғ ва узумзорлар барпо этиш каби масъулиятли вазифалар ижросини таъминлашда O’zLiDeP фракцияси, Фермерлар Кенгаши ва жамоатчилик ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш, маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз имкониятларидан кенг фойдаланиши, депутатларимизнинг депутатлик сўровлари, депутатлик назорати ва эшитувлари йўналишларини жонлантириши зарур.

Саккизинчидан, 2016 йил – “Соғлом она ва бола йили” йили муносабати билан қабул қилинадиган Давлат дастурига партия дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, шунингдек, соғлом турмуш тарзига ҳисса қўшаётган тадбиркорлар фаолиятини тарғиб қилиш, хусусий клиникалар ва фармацевтика воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналари томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, витаминлар билан бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ривожлантириш, спорт товарлари ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш жараёнларини янада кенгайтиришга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқиш:

партия “Ёшлар қаноти” ўз фаолиятига тегишли қўшимчалар киритиши:

-ўз бизнесини ташкил этишга интилаётган ёшларимизга имтиёзли банк кредитларидан самарали фойдаланишга қаратилган бизнес семинарлар, тадбиркорлик форумлари ва доимий учрашувларни тижорат банклари ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириб бориш;

-келгуси йил иш фаолиятимизда қишлоқ ёшларини иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ва фермерликка жалб этишга қаратилган “Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган эзгу ғоянинг мазмун-моҳиятини ёшларга таниқли тадбиркорлар, фермерлар, нуронийлар, меҳнат фахрийлари иштирокида етказиш ва “Диплом билан бизнесга”, “Ёш фермер”, “Келажак фермери” каби лойиҳаларни туман босқичларини янада юқори савияда ташкил этиш;

  • “Аёллар қаноти”нинг “Оилавий тадбиркорликдан-мустаҳкам оилага” номли лойиҳаси доирасида ўқув-семинарлари, маҳорат дарслари, меҳнат ярмаркалари ҳамда кўргазмалар ташкил этиш, шунингдек, ўзининг кичик бир хусусий ишини, ўз бизнесини ташкил этишга интилаётган қизларга хусусан коллеж битирувчиларига ҳамкор тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашиш.

аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини янада кучайтириш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, умр узоқлигини  таъминлаш, соғлом миллат генофондини асрашга кўмаклашиш, хотин-қизларнинг тиббий саводхонлигини ошириш мақсадида  “Соғлом оила-мустаҳкам оила”  партиявий лойиҳасини янада юқори савияда давом эттиришдан иборатдир деб белгиланди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан мунозараларда
Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмита аъзоси М.Акрамова, O’zLiDeP Фракцияси аъзолари Б.Ниёзматов, М.Абдуллаев, Т.Эшназаровлар  иштирок этди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан билдирилган фикр, мулоҳаза ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма мажлиси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги “Бош мақсадимиз – мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, олиб бораётган ислоҳотларни, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш, хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш ҳисобидан олдинга юришдир” номли маърузаси дастуриламал сифатида ижро учун қабул қилинсин.

2. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси C.Турдиевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг бирламчи вазифалари тўғрисида”ги маърузаси маълумот учун қабул қилинсин.

3. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосарлари
Д.Шоумаров, Б.Якубов, М.Акрамова ҳамда Партиянинг дастурий кўрсатмаларини ишлаб чиқиш ва чуқурлаштириш ва мафкуравий ишлар бўлими (Б.Очилов)га:

- бир хафта муддатда ҳудудий партия кенгашларининг кенгайтирилган йиғилишларини ўтказиш;

-  ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур маърузасини O’zLiDePнинг барча бўғиндаги марказий ва ҳудудий тузилмалари ходимлари, Сиёсий таълим маркази, депутатлик гуруҳлари ва бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари иштирокида чуқур ва батафсил ўрганишга қаратилган ўқув-семинарлари ўтказилишини ташкиллаштириш;

- Президент маърузасини кенг аҳоли қатламлари, ёшлар, аёллар ҳамда партия электорати вакиллари орасида тарғибот тушунтиришга қаратилган махсус партиявий тадбирлар ташкил этиш вазифалари юклансин.

3.1. Шунингдек, Президент маърузасида бевосита ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, доимий равишда ички имконият ва захираларни излаб топиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилишни изчил давом эттириш борасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб партиянинг жорий ва истиқболдаги ҳаракат дастурлари, ҳудудий партия ташкилотлари иш режаларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш. Бунда:

-аҳоли бандлигини таъминлаш, авваламбор, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш  борасидаги устувор вазифаларни амалга оширишда самарадорликка эришга алоҳида аҳамият қаратишиш;

-хомашёни тўлиқ қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларга қўшимча имтиёзлар яратиш борасида электорат вакилларининг аниқ таклифлар ва янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;

-мамлакатда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантиришда O’zLiDeP депутатлик корпуси, Фермерлар кенгаши ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш, хусусан, маҳаллий кенгашлардаги депутатлар фаолиятини янада жонлантириш;

-2016 йил – “Соғлом она ва бола йили” йили муносабати билан соғлом турмуш тарзига ҳисса қўшаётган тадбиркорлар фаолиятини тарғиб қилиш, хусусий клиникалар ва фармацевтика воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, витаминлар билан бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ривожлантириш, спорт товарлари ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш жараёнларини янада кенгайтиришга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилсин.

5. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига:

-Президент маърузасида чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг қонуний, меъёрий-ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан устувор ролини таъминлаш, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ишларида фаоллик ва ташаббускорликни кучайтириш;

-кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги қонунларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича жавобгарлигини кучайтириш, бунда қонунни бажармаслик билан боғлиқ ҳар бир конкрет ҳолат бўйича ҳуқуқий таъсир чораларини кўзда тутиш билан боғлиқ, қолаверса, қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказишни, шунингдек  қонун ижодкорлиги фаолиятини прогноз қилиш ва режалаштириш бўйича самарали тизим яратиш, яъни иқтисодий тадрижий ривожланишни таъминлайдиган қонунларни ишлаб чиқиш тизимини яратиш вазифасини амалга оширишда амалий натижага эришишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш тавсия этилсин.

6. Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ҳамда қабул қилинаётган ҳар бир қонун ва қонуности ҳужжатларининг тўла ижросини таъминлашда “Жамоатчилик назорати”, “Депутатлик назорати” ва “Депутатлик сўрови” ваколатларидан самарали фойдаланиш тавсия этилсин.

7. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Матбуот хизмати (Э.Панжиев) ва “XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси (Н.Жалилов)га:

- партия веб-сайти ва “XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетасида O‘zLiDePнинг марказ ва жойлардаги фаоллари, фракция аъзоларининг маъруза юзасидан муносабатларини акс эттириш;

- Президент маърузаси юзасидан Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан амалга оширилган ишларни маҳаллий ва марказий ОАВларда ҳамда партия нашрида мунтазам ёритиб бориш вазифалари юклатилсин.

8. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси раиси ўринбосарлари Д.Шоумаров, Б.Якубов, М.Акрамова зиммаларига юклансин.

Мажлис раиси томонидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси мажлисининг мазкур қарори овозга қўйилди ва бир овоздан маъқулланди.

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмита раиси ўринбосари Д.Шоумаров эшитилди.

Маърузачи, Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 2015 йил январь ойида парламент палаталарининг қўшма мажлисида, O`zLiDePнинг 2015 йил 6 февралдаги VII съездидаги нутқлари, Сайловолди дастурлари, партиямизнинг Сайловолди Дастури, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси, Вазирлар маҳкамасининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган дастури асосида партиямизнинг 2016 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган 5 йўналиш, 70 банддан иборат комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилганини айтиб ўтди. 2016 йил давомида O’zLiDePнинг амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида тўхталиб  ўтди.

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан билдирилган фикр, мулоҳаза ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма мажлиси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Д.Шоумаровнинг

2016 йил давомида O’zLiDePнинг амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим устувор вазифалар тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. O’zLiDePнинг 2016 йилга мўлажалланган амалий ҳаракатлар комплекс мақсадли дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Мазкур Ҳаракат дастурининг барча ҳудудий партия ташкилотлари томонидан бажарилиши Ижроия қўмита аппаратининг тегишли бўлим ва бўлинмалари томонидан назоратга олинсин.

4. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Котибияти
(С. Қулмирзаев)га мазкур амалий ҳаракатлар комплекс мақсадли дастурининг ижроси тўғрисида Ижроия қўмитага ойлик ахборотлар тақдим этиб бориш вазифаси юклатилсин.

5. Партиянинг Матбуот хизмати (Э.Панжиев) ва “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси (Н.Жалилов)га:

- O’zLiDePнинг 2016 йилга мўлажалланган амалий ҳаракатлар комплекс мақсадли дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида партия нашри ва бошқа ОАВлар орқали кенг ахборот ва маълумотларни ёритиб бориш ҳамда махсус мақолалар чоп этиш вазифалари юклатилсин.   

6. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси раиси С.Турдиев зиммасига юклатилсин.

Мажлис раиси томонидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси мажлисининг мазкур қарори овозга қўйилди ва бир овоздан маъқулланди.

Кун тартибидаги учинчи масала юзасидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмита раиси ўринбосари Б.Якубов эшитилди.

Маърузачи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппаратининг штатлар жадвалига, ҳудудий партия ташкилотлари ва улар таркибидаги туман (шаҳар) бўлимлари учун штатлар жадвалига ўзгартириш киритилаётгани ва ушбу штатлар жадвали жорий йилдан амалга киритилиши тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтди.

Кун тартибидаги учинчи масала юзасидан билдирилган фикр, мулоҳаза ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма мажлиси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппаратининг штатлар жадвали 1-иловага, ҳудудий партия ташкилотлари ва улар таркибидаги туман (шаҳар) бўлимлари учун штатлар жадвали 2-15-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

2. 2016 йил учун тасдиқланган штатлар жадвали 2016 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин.

3. Мазкур қарорнинг Ижросини назорат қилиш партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўммитаси раисининг ўринбосари Б.Якубов зиммасига юклатилсин.

Мажлис раиси томонидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси мажлисининг мазкур қарори овозга қўйилди ва бир овоздан маъқулланди.

Кун тартибидаги тўртинчи масала юзасидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмита раиси ўринбосари Б.Якубов эшитилди.

Маърузачи, Партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимларига тавсия этиш учун Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг амалдаги ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш  тўғрисида таъкидлаб ўтди. Нотиқ партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимларига тавсия этиш учун O’zLiDePнинг амалдаги ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш дастури тўғрисида ҳамда партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимларига амалдаги ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш бўйича Махсус комиссиялари тўғрисида Низоми доирасида йиғилиш иштирокчиларига батафсил ахборот берди. 

Кун тартибидаги тўртинчи масала юзасидан билдирилган фикр, мулоҳаза ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма мажлиси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимларига тавсия этиш учун Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг амалдаги ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш Дастурининг янги таҳрири 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасидаги партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимларига амалдаги ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш бўйича Махсус комиссиянинг янги таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимларига амалдаги ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш бўйича Махсус комиссиялари тўғрисида”ги Низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Махсус комиссиялар ўз фаолиятини мазкур низом талаблари асосида ташкиллаштиришлари белгилаб қўйилсин.

4. Партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимлари кадрлар захирасига номзодларни  танлашнинг асосий мезонлари 4-иловага асосан тасдиқлансин. 

5. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал- демократик партиясининг партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимлари кадрлар захирасига киритилаётган номзоднинг суҳбат варақаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Махсус комиссиялар томонидан амалдаги ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш борасида амалга оширилган ишларнинг мониторингини олиб бориш ва захирага олинган кадрларнинг сифат таркибини таҳлил қилиш юзасидан ярим йиллик статистик маълумотлар шакллари АК-1, АК-2, АК-3, ИК-1 ва ИК-2 иловаларга мувофиқ тасдиқлансин. Мазкур ҳисобот шаклларини юритиш мажбурийлиги белгилаб қўйилсин.

7. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси аппаратининг Ташкилий-партиявий ишлар бўлими (Ж.Раҳмонов)га:

- партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимларига тавсия этиш учун Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг амалдаги ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш Дастурига мувофиқ кадрлар захирасини шакллантириш ишларини ташкил этиш;

- партия ташкилотларида фаолият юритаётган кадрларнинг ҳужжатларини бир тизимга келтириш, ҳужжатларни тўлиқ ва сифатли юритилишини таъминлаш вазифалари юклатилсин.  

8. O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашлари раисларига:

- ҳудудий ва туман (шаҳар) Кенгашларидаги партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимларига амалдаги ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш бўйича махсус комиссиялар фаолиятини таҳлил қилиш, комиссия таркибини қайта кўриб чиқиш, комиссия ишига совуққонлик билан муносабатда бўлаётган аъзолар ўрнига янгиларини киритиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш;

- ҳудудий ва туман (шаҳар) Кенгашлари Ижроия қўмиталарининг махсус комиссиялари ишини “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги бошқарув лавозимларига амалдаги ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш бўйича Махсус комиссиялари тўғрисида”ги Низом талаблари асосида ташкиллаштириш вазифалари юклатилсин.

9. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг 2010 йил 15 декабрдаги 01-03/520-сонли “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг партия тузилмаси, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органларидаги лавозимларига кадрлар захирасини шакллантириш тўғрисида”ги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Мазкур қарорнинг Ижросини назорат қилиш партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўммитаси раисининг ўринбосари Б.Якубов зиммасига юклатилсин.

Мажлис раиси томонидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси мажлисининг мазкур қарори овозга қўйилди ва бир овоздан маъқулланди.

Кун тартибидаги бешинчи масала юзасидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмита раиси ўринбосари Б.Якубов эшитилди.

Маърузачи, “O`zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари ижроия аппаратининг лавозимларига ходимларни ишга қабул қилиш Тартиби”нинг янги таҳрири ишлаб чиқилганлиги ҳамда номзод томонидан тўлдириладиган саволнома варақаси ва суҳбат варақасига ўзгартиришлар киритилганлиги тўғрисида таъкидлаб ўтди.

Кун тартибидаги бешинчи масала юзасидан билдирилган фикр, мулоҳаза ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма мажлиси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. “O`zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари ижроия аппаратининг лавозимларига ходимларни ишга қабул қилиш Тартиби”нинг янги таҳрири 1-иловага, номзод томонидан тўлдириладиган саволнома варақаси 2-иловага ва суҳбат варақаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. O`zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари ижроия аппаратининг барча лавозимларига ходимлар ушбу тартиб асосида ишга қабул қилиниши белгилаб қўйилсин.

3. O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари аппарати лавозимларига ишга қабул қилинаётган ходимлар “Ички меҳнат тартиби қоидалари” ҳамда хизмат вазифалари билан таништириб борилиши ва уларга риоя қилиниши назоратга олинсин.

4. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси аппарати Ташкилий-партиявий ишлар бўлими (Ж.Раҳмонов)га партия тузилмаларида кадрлар билан ишлаш аҳволини доимий тахлил қилиб бориш ва ҳар чорак якунлари бўйича партия Ижроия қўмитасига маълумот киритиш вазифаси юклансин.

5. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2013 йил 15 мартдаги 01-08/11-сонли “O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари бошқарув аппаратининг лавозимларига ходимларни ишга қабул қилиш Тартиби” тўғрисидаги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Мазкур қарорнинг Ижросини назорат қилиш партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўммитаси раисининг ўринбосари Б.Якубов зиммасига юклатилсин.

Мажлис раиси томонидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси мажлисининг мазкур қарори овозга қўйилди ва бир овоздан маъқулланди.

Кун тартибидаги олтинчи масала юзасидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмита раиси ўринбосари Б.Якубов эшитилди.

Маърузачи, “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати, унинг бўлим, бўлинмалари ва масъул ходимларининг хизмат вазифалари тўғрисидаги Низом”нинг янги таҳрири тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Кун тартибидаги олтинчи масала юзасидан билдирилган фикр, мулоҳаза ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма мажлиси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати, унинг бўлим, бўлинмалари ва масъул ходимларининг хизмат вазифалари тўғрисидаги Низом”нинг янги таҳрири 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши раисларига:

- бир ой муддатда ҳудудий ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари ижроия аппаратларининг барча лавозимларига мазкур Низомдан келиб чиқиб, Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси Ходимлар билан ишлаш гуруҳи билан келишилган ҳолда хизмат вазифалари тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклансин.

3. Ходимлар билан ишлаш гуруҳи (Ш.Салимова)га:

- Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси аппаратининг барча ходимларини мазкур Низом билан таништириш;

- ҳудудий ва туман (шаҳар) кенгашлари ижроия аппаратларининг хизмат вазифалари тўғрисидаги Низомларнинг бир хил андозада ишлаб чиқилишини назоратга олиш вазифалари юклансин.

4. O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2014 йил 19 мартдаги йиғилиш қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси  Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати, унинг бўлим, бўлинмалари ва масъул ходимларининг хизмат вазифалари тўғрисидаги Низом” ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Кун тартибидаги еттинчи масала юзасидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмита раиси ўринбосари Б.Якубов эшитилди.

Маърузачи Ўзбекситон Республикасининг 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-396-сонли Қонунининг 29-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги 617-II-сонли Қонуниниг                   6 ва 10-моддаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида ахборот бериб унга мувофиқ, сиёсий партиялар битта банкда биттадан сақланган депозит ҳисоб варағига эга бўлиши мункинлиги ушбу ҳисоб рақамлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни ўтказиш ва фойдаланиш, иккита иккиламчи ҳисобварақ аъзолик бадаллари, хайриялар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан келиб тушадиган маблағлардан фойдаланиш тартиби, бундан ташқари Сиёсий партиялар томонидан молия йили мобайнида фойдаланилмаган давлат маблағларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилмаслиги ва бу маблағларни келгуси йилларда партиянинг Уставида назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун фойдаланиши белгилаб қўйилган тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Кун тартибидаги еттинчи масала юзасидан билдирилган фикр, мулоҳаза ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма мажлиси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-396-сонли Қонунининг 29-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги 617-II-сонли Қонуниниг 6 ва 10-моддаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги ахбороти маълумотучун қабул қилинсин.

2. Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бош бухгалтери (П.Надырханова)га Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва унинг ҳудудий ташкилотларига битта банкда қонунда белгиланган тартибда талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисоб варақалардан ташқари ортиқча ҳисобварақларга эга бўлишни тақиқлаш;

3. жорий молия йилда партиянинг устав фаолиятини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг ҳисобини тўғри юритиш, улардан фойдаланиш ва назорат қилиш учун аввалги молия йилида фойдаланилмаган бюджет маблағларини партиянинг иккиламчи хисоб варағига ўтказилишини таъминлаш;

4. аввалги молия йилида фойдаланилмаган ва партиянинг иккиламчи ҳисобварағига ўтказилган бюджет маблағларидан йиллик тасдиқланган смета доирасида (партиянинг моддий техника базасини ривожлантириш ҳамда ҳодимларни моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш) фойдаланиш;

 5. молия-хисоб бўлимига Қонунчиликдаги қўшимча ва ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда 1 С Бухгалтерия дастурига тегишли тузатишлар ва қўшимчалар киритиш бўйича дастур ишлаб чиқиш, худудий Кенгашлар Бош ҳисобчиларига етказиш вазифалари юклатилсин.

6. Мазкур қарорнинг Ижросини назорат қилиш партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўммитаси раисининг ўринбосари Б.Якубов зиммасига юклатилсин.

Мажлис раиси томонидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитанинг
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан биргаликдаги қўшма мажлисининг мазкур қарорлари овозга қўйилди ва бир овоздан маъқулланди.

Мажлис раиси Б.Якубов кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинганлиги ҳамда мажлис ишининг бориши бўйича ҳеч қандай эътирозлар йўқлиги муносабати билан барчага мажлис ишидаги иштирок ва фаоллик учун миннатдорлик билдирди ва Мажлис ўз ишини якунлади деб, эълон қилди.

Дата: 
Tuesday, Июнь 14, 2016 - 16:45