Адхам Шодмонов

Сана: 24.04.2017 11:44

Лавозим: 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Хусусийлаштириш соҳасида сифат жиҳатидан янги ўзгаришлар
Муносабат: 

Бугунги кунда жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш вазифалари белгиланган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришдаги муҳим вазифа сифатида белгиланган хусусий мулкнинг устувор ролини кучайтириш ва хусусийлаштирилган объектлар негизида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Биз, O‘zLiDeP фракцияси депутатлари, мазкур қарорни ҳар томонлама, шу жумладан сайловчиларимиз манфаатлари ва эҳтиёжлари нуқтаи назаридан чуқур ўрганиб чиқдик. Амалга оширилган таҳлил давлатимиз раҳбарининг қарори мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга экани, ушбу ҳужжатнинг сўзсиз ижросини таъминлашда қатъий парламент назоратини ўрнатиш зарурлигини кўрсатди. Қарор талабларининг ижро этилиши хусусийлаштирилган корхоналарни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортни жадаллаштириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш ҳисобига иқтисодий ўсишнинг локомотивига айлантириш имконини беради.

Шу тарзда хусусийлаштирилган корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш яқин йилларда республика ҳудудлари ва бутун мамлакатимизни ривожлантиришда кучли омил бўлиб хизмат қилади. Хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш республика Ҳукумати ва ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ғоят муҳим вазифаларидан бири этиб белгилангани бу борадаги стратегик режаларга нақадар жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

321