Алишер Курманов

Лавозим: 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижиий инвестициялар ва туризм муносабатлари қўмитаси раиси
Мавзу: 
Халқаро миқёсдаги нуфузимиз ошади
Муносабат: 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи нафақат мамлакатимизда, балки минтақа давлатлари, қолаверса, дунё аҳлини ташвишга солаётган турли глобал муаммолар ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишлангани билан ғоят муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, ҳамжамият олдида турган муаммоларни бартараф этиш учун аниқ ва асосланган стратегик таклифлар берганлиги ҳам халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида бўлди.

 Кўп миллионлик халқимиз билан бирга жаҳон афкор оммаси ҳам давлатимиз раҳбарининг юксак минбардан туриб сўзлаган сермазмун нутқини эътибор билан тинглади. Айниқса, ассамблея иштирокчиларининг хайрихоҳ муносабати, самимий олқишига бевосита гувоҳ бўлиш биз делегация аъзоларига беқиёс ғурур бағишлади. Кўпнинг дилидагини топиб айтиш, барча учун умумий муаммоларга жўяли ечимлар таклиф этиш, муштарак мақсадларга эришиш йўлида дадиллик кўрсатиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга хос фазилатлар эканини бутун дунё кўриб қўйди.  

Давлатимиз раҳбари нутқи аввалида мамлакатимизда аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, қатъий ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Жумладан, умумхалқ муҳокамасидан сўнг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқлангани, шунингдек, 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани ҳақида сўзлаб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган принцип асосида Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилганини юксак минбардан қисқа ва лўнда қилиб айтиб ўтди.

Президентимиз аксарият давлатлар раҳбарлари сингари фақат БМТ сессиясида иштирок этиб қайтгани йўқ, албатта. Ҳар доимгидек фурсатдан унумли фойдаланган ҳолда қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ишбилармонлар билан учрашди. Хусусан, БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан мулоқотни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Учрашув кутилганидек мазмунли ва амалий мулоқотларга бой бўлди. Самимий суҳбат давомида Антониу Гутерриш Президентимизнинг Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги нутқи ниҳоятда мазмундор бўлгани, унда билдирилган ташаббуслар муҳим ва ўз вақтида илгари сурилганини таъкидлади. Ушбу ташаббусларни халқаро майдонда қўллаб-қувватлашини очиқ айтди. Бош котиб Ўзбекистон томонидан минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирларни юқори баҳолаб, Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни илгари суриш, Орол денгизи билан боғлиқ экологик фалокат оқибатларини юмшатишга халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини қаратишини билдирди. 

Бошқа учрашувлар ҳам анча қизғин ва самимий руҳда ўтганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Хусусан, Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард, Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан бўлган учрашувлари, шунингдек, Болгария Республикаси Президенти Румен Радев, Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвили билан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ўтказилган музокараларида яққол сезилиб турдики, жаҳон ҳамжамияти орасида мамлакатимизнинг нуфузи борган сари юксалиб бормоқда. Бугун дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари ҳам юртимиз билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда. Буни учрашувлар белгиланган вақтдан кўра кўпроқ давом этганидан ҳам пайқаш мумкин. 

Президентимиз сафар давомида қанчалик вақти тиғиз бўлишига қарамасдан Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан ҳам учрашиб,  самимий суҳбат қурди. 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Мамлакатимизда илм-фан ва таълимни ривожлантириш, замонавий кадрлар тайёрлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти ҳақида сўз борди. Давлатимиз раҳбари ватандошларимизни Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлиш, замонавий билим ва тажрибаларини юртимиз ривожига йўналтиришга даъват этди. 

Президентимизнинг АҚШга ташрифи ва БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан туриб айтган амалий таклиф ва ташаббуслари мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!