Алишер Мамажонов

Лавозим: 
O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, аппарат раҳбари
Мавзу: 
Қулайликлар халқ фаровонлиги учун
Муносабат: 

Транспорт ҳаракати тараққий топгани сайин автобусларга эҳтиёж ортиб бораверади. Бу оддий ҳақиқатни Президентимизнинг “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мисолида кўриш мумкин. Бу меъёрий ҳужжат кўплаб хайрли ишларга йўл очиб берди.

Вилоятда ҳозирги кунда 200 дан зиёд йўловчи ташиш йўналишларидан фойдаланиляпти. Уларнинг 114 таси қишлоқ жойларни туман марказлари билан боғлайди. 39 та йўналишда туманларда вилоятимиз маркази – Андижон шаҳрига йўловчилар келадилар. Эндиликда мана шу йўналишларга ҳам автобус қатнови қўйлиши керак. Ана шунда халқ хоҳишидаги ишлар рўёбга чиқади.

Бунинг учун ҳозирдан астойдил ҳаракат бошланди. 2017-2021 йилларда вилоят бўйича 46 та йўловчи ташиш йўналишини очиш режалаштирилган. Илгари автобуслар қатнаган, бироқ улар сафдан чиққандан кейин қатнов тўхтаб қолган 32 та йўналиш ҳам қайта тикланади. 319 та йўловчи ташиш автомобили сотиб олиниб, автобус парклари фаолиятини йўлга қўйиш кун тартибига чиқди.

Бугун Андижон шаҳрида 3 та янги намунали ойнаванд бекатлар қурилди. Келгусида мана шундай қишда иссиқ, ёзда салқин бўладиган бекатлар бунёд этилади. Туманларнинг бош меъморлари ҳам бу ҳақда жиддий бош қотирадиган вақт келди.

Аҳолининг талаб-истаклари ўрганилганда, ҳозир йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган автотранспорт воситалари эгаларининг айримларидан одамлар ҳақли равишда норози бўлаётганликларини кўрамиз. Масалан, “Дамас”, “Матиз”, “Нексия” сингари автомобилларда йўловчи ташиш қоидаларини бузиш ҳоллари кўпайиб кетганлиги эътироф этиляпти. Бу ўз-ўзидан йўналишларда автобус ҳаракатини қатъий йўлга қўйиш эҳтиёжини туғдиради. Энг муҳими, юқорида тилга олинган қарорда белгиланганидек, йўл ҳақини банк пластик карточкасида нақд пулсиз тўлаш тизимига ўтиляпти.

Биз ҳайдовчи маданияти ҳақида кўп гапирамиз. Энди йўловчи зиммасидаги бурч ва вазифалар тўғрисида ҳам ўйлаб кўришимиз лозим. Такси йўналишидаги каби тўғри келган жойда автобусни тўхтатиш мумкин эмас. Аввалдан фақат бекатларда чиқиб-тушиш қоидаси мавжуд. Мана шунга амал қилмоғимиз керак. Автобуслар кўпаяр экан, вақт оралиғи масаласи ҳам кўндаланг бўлади. Йўловчи тартибга риоя қилар экан, ҳайдовчидан масъулият талаб қилишга ҳақлимиз.

Ҳар бир соҳада замонавий талаблар даражасида иш ташкил этиш тизими яратилаётган бир вақтда кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган транспорт воситаларидан кенг фойдаланишдаги бундай қулайликлардан оқилона фойдаланайлик.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!