Атабек Анаров

Лавозим: 
Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси
Мавзу: 
Асоссиз, самараси кам идоралараро йиғилишларни ўтказиш қатъий тақиқланди
Муносабат: 

Қисқа муддат ичида мамалакатимизнинг ҳар бир ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, чекка ҳудудларни обод қилиш, саноатни ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Куни кеча матбуотда эълон қилинган Президентимиз “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишларни ташкил этишнинг бутунлай янги тизими жорий этилаётир.

Унга кўра, Қорақалпоғистон, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудлари комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлинди. Секторлар иши “маҳалла – туман(шаҳар) – вилоят – республика” тамойилига кўра амалга оширилиши биз маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳам зиммасига катта масъулият юклайди.

Айниқса, уйма-уй юриш ва аҳоли билан учрашувлар асосида энг қуйи бўғинда –маҳаллада долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни жойида ҳал этиш юзасидан аниқ чоралар кўриш, туман (шаҳар)ни ривожлантириш бўйича дастурларга киритиш учун таклифлар тайёрлаш, шунингдек, туманлар (шаҳарлар)ни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, амалга ошириш, халқ депутатлари туман(шаҳар) Кенгашлари сессияларида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш каби вазифаларнинг белгиланганлиги фаолиятимизга янада чуқурроқ ёндошишни талаб этади.

Шунингдек, жамиятимиз ривожига тўсиқ бўлаётган иллатларни бартараф этишда ҳам бу ҳужжат муҳим аҳамият касб этади. Яъни асоссиз, самараси кам, амалий аҳамиятга эга бўлмаган, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига кераксиз маъмурий иш ҳажмини оширадиган ва юклатилган вазифаларни бажаришдан чалғитадиган идоралараро йиғилишларни ўтказиш қатъий тақиқланди. Бу ўз навбатида кўпроқ эътиборни амалий ишларга қаратишга ҳамда ҳар бир соҳада иш унумдорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Айтиш мумкинки, сифатли фаолият олиб боришимиз учун ғов бўлаётган барча тўсиқлар олиб ташланаётган айни шароитда биз ҳам халқ вакили сифатида аҳоли дарду-ташвишига шерик бўлиб, уларни рози қиладиган амалларимиз билан лаббай, деб жавоб беришимиз даркор.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!