Дилшод Шоумаров

Лавозим: 
O‘zLiDeP Сийёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари
Мавзу: 
Ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган Қарор
Муносабат: 

Хабарингиз бор, куни-кеча муҳтарам Юртбошимиз томонларидан кенг аҳоли қатламларининг манфаатларига мос янгиликлар, имкониятлар ва тартиб-қоидаларни белгилаб бераётган халқчил ҳужжат – “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор эълон қилинди.

Ушбу Қарор шиддат билан кечаётган жараёнларда аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, жойларда ишларнинг ҳақиқий аҳволини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатишнинг сифат жиҳатдан янги ва самарали шаклларини жорий этиш натижасида аҳолини безовта қилаётган ижтимоий соҳа, уй-жой коммунал, йўл хўжалиги, электр энергия, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти, арзон уй-жойлар қуриш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш масалаларини ўз вақтида ҳамда жойида ҳал қилинишига асос бўлади. Чунки Қарорга асосан ҳар бир қишлоқ ва маҳалла аҳолисининг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда мазкур ҳудудни ривожлантириш йўллари ва “йўл хариталари” белгилаб олиниб уларнинг бажарилиши тизимли равишда жавобгар шахслар томонидан назоратга олиниши тартиби жорий этилмоқда.

Қолаверса, бу тартиб шунчаки бир марталик топшириқ сифатида эмас, балки ушбу масалаларга жавобгар бўлган шахсларнинг кенг жамоатчилик ҳамда халқ вакиллари олдида доимий ҳисобдорлигини жорий қилиш билан мустаҳкамланмоқда. Марказдаги ва юқори тизимлардаги масъул мутасадди шахсларнинг кенг жамоатчилик ҳамда халқ вакиллари олдида доимий ҳисобдорлигининг жорий қилиниши жойларда (қишлоқ ва маҳаллаларда) аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва ҳар бир қуйи бўғиннинг, фуқаронинг муаммоларини бевосита ҳал қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Чунки, бугунги кунда республика органларининг туман ва шаҳарлардан (қишлоқ ва маҳаллалардан) узилиб қолганлиги ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича уларнинг ўзига хос хусусиятлари ва ривожланиш даражасини инобатга олган ҳолда манзилли амалий чораларни ишлаб чиқиш имконини бермаётганлиги, республика ва маҳаллий бюджет маблағларини шакллантириш ва тақсимлаш, инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишнинг жорий тартиби, биринчи навбатда, энг устувор лойиҳаларнинг манзилли, ўз вақтида ва мутаносиб равишда молиялаштирилишини таъминлай олмаётганлиги, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир одамнинг ҳаёти сифатини қанчалик яхшилаётгани, алоҳида олганда ҳар бир аҳоли пунктини қанчалик даражада ижтимоий-иқтисодий ривожлантираётгани эътиборга олинмаётгани Қарорда реал танқидий жиҳатдан кўрилиб энг самарали тартиб-қоидалар жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қабул қилинаётган ҳужжатлар ва дастурларнинг, айниқса, қуйи поғонада сўзсиз амалга оширилишини таъминлашга йўналтирилган.

Мазкур ҳужжат ижроия ва вакиллик ҳокимияти органларининг аҳоли дуч келаётган мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ўз вақтида барҳам бериш ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини доимий ва манзилли ўрганиш борасида ҳамкорликда олиб бориладиган тизимли фаолиятини ташкил этишни назарда тутади. Жорий этилаётган янгича тизим – “маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика” тамойилига асосан ишлар энг қуйи бўғин – маҳаллада бажарилиши зарур, яъни ҳар чоракда истисносиз барча уй хўжаликлари ва объектларга бирма-бир кирилиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилинади. Маҳаллада аниқланган муаммолар бевосита жойида бартараф этилади. Жойида ҳал этишнинг иложи бўлмаган камчилик ва муаммолар эса сектор, туман (шаҳар) ва ҳудуд кесимида “йўл хариталари”га киритилади.

Ҳукумат миқёсида давлат, ҳудудий, шу жумладан, инвестиция дастурларини тасдиқлаш ва амалга ошириш, жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича чоралар кўрилади. Бу билан маҳаллалардаги муаммолар ва уларни ҳал этиш механизмлари ўртасида республика даражасигача узлуксиз алоқа ўрнатилади.

Ушбу Қарорда белгиланган халқпарвар вазифалар ва илғор демократик тартиб-тамойилларнинг ишончли ижросини Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чораларнинг амалга оширилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида ҳар чораклик ҳисобот бериш тизими жорий этилаётганида ҳам кўриш мумкин.

Янги тизимни жорий этиш бўйича ишларнинг асосий йўналишлари мазкур ҳужжат билан тасдиқланаётган Низом билан тартибга солинади. Унда янги тизимда ишлашнинг самарали шакл ва услублари, давлат идоралари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, сектор раҳбарларининг ваколатлари, жавобгарлик чоралари, ҳисобдорлиги ва уларнинг фаолиятини баҳолаш тартиби, шунингдек, ҳисобот ҳужжати сифатида марказлаштирилган тартибда тарқатиладиган сектор раҳбарларининг уйма-уй юриш дафтарини юритиши кўзда тутилган. Маҳаллий даражадаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга бўлган ёндашувнинг бутунлай ўзгараётганлигини инобатга олиб, Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилишнинг янгиланган концепцияси жорий этилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ушбу илғор ва халқчил ҳужжат билан мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудлари ва энг қуйи бўғинларигача ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасдан, ҳар бир юртдошимизнинг манфаатини албатта ҳисобга олишдек ўзбекона инсонпарварлик-демократия намунаси жорий этилмоқда.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!