Элбек Шукуров

Лавозим: 
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Ёшлар камолоти ҳамиша эътиборда
Муносабат: 

Ёшлар тарбиясига барча даврларда ҳам энг муҳим, инсоният келажагини белгиловчи масала сифатида қаралган. Айниқса, бутун дунёда кечаётган глобаллашув жараёни тараққиётга ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ўзида турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намоён этаётган ҳозирги пайтда бу масала янада долзарблашмоқда. Хўш, ана шундай шиддатли, кескин, ахборот хуружлари яшин тезлигида инсон онгини забт этаётган бир вақтда эртанги кун эгаларини қандай ҳимоя қила оламиз, уларнинг келажагини қандай таъминлаймиз?

Худди шу каби саволларга жавобни Президентимиз яқиндагина юксак минбардан – БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида баралла айтди: “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир!”.

Шу муносабат билан, деди давлатимиз раҳбари сўзида давом этиб, одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир.

Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда. Таассуфли жиҳати, дунёда экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаганлар томонидан содир этилмоқда...

Ана шулардан келиб чиқиб, Президентимиз ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоялаш баробарида уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, глобаллашув ва ахборот-коммуникация  технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди ва бу ташаббус иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Шу ўринда эътироф этиш жоизки, юртимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга.  Бу Конституциямиз ва кўплаб қонунларимизда ўз ифодасини топган. Айниқса, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжат ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан юртимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилгани ва 30 июнь санаси – Ёшлар куни деб эълон қилиниши ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди. Президентнинг ушбу ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қарори билан тасдиқланган дастурда ёшларни масъулиятли лавозимлар захирасига киритиш, олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш, имконияти чекланган йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби”ни ташкил қилиш сингари ғоят муҳим ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга ошириш белгилангани эътиборга молик.

Мамлакатимизда ёшлар камолоти масаласи ҳамиша диққат марказида бўлиб келади. Зеро, тараққиётимиз ва эртанги кунимиз уларнинг қўлида!

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!