Ҳабибулло Ёрматов

Лавозим: 
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси
Мавзу: 
Имкониятларимиз янада кенгаяди
Муносабат: 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 февралда имзолаган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонни ўқиб, тўлқинланиб кетдим. Айниқса, унинг иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида кўзда тутилган вазифалар биз тадбиркорларга қанот бағишлаб, келгуси фаолиятимизга кенг йўл очади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар қандай тадбиркор ўз фаолиятини йўлга қўяр экан, биринчи галда кўпроқ даромад олиш ва шу орқали эл-юрт фаровонлигига ҳисса қўшишни дилига тугади. Айни эзгу мақсад йўлида кунни тунга, тунни кунга улаб меҳнат қилади. Шу маънода Ҳаракатлар стратегиясининг юқорида тилга олинган йўналишидаги миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш вазифалари бизни янада улкан муваффақиятлар сари руҳлантирди. Энди тадбиркордан фақат ва фақат меҳнат, интилиш, ғайрат-шижоат талаб қилинади холос.

Шу ўринда юқоридаги фикрларимни ўз туманимиз ва фаолиятимиз мисолида давом эттирмоқчиман. Ҳукуматимиз томонидан яратилган кенг имкониятлар самараси ўлароқ, бизнинг олис Сўх туманида 132 та деҳқон ва 303 та фермер хўжаликлари, 859 та якка тартибдаги тадбиркорлар, 1 минг 168 та кичик корхона ҳамда бошқа тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Фермер хўжаликларининг 80 таси кўп тармоқлиликка асосланган. Айни пайтда иш билан банд бўлган аҳолининг 22 минг 200 нафари ёки 81,2 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида меҳнат қилаётир. Ўтган  йилда туманимизда 14 минг 957 тонна мева, 7 минг 336 тонна сабзавот, 25 минг 721 тонна картошка етиштирилиб, шундан 304 тоннаси экспортга йўналтирилди.

Келгуси беш йилда Сўхда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, айниқса, кўп тармоқли фермер хўжаликларини кўпайтириш, иқлим шароитига мос янги боғларни барпо этиш, замонавий технология ва ускуналар билан жиҳозланган мева-сабзавотларни қайта ишловчи корхоналар қуриш ва шу орқали янги иш ўринлари яратиш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтириш режалаштирилмоқда. Қолаверса, 2017-2021 йилларда 350 та 53 миллиард сўмлик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Бизнинг “Сўх – Чашма” ишлаб чиқариш корхонамиз ҳам юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитидан баҳра олган ҳолда фаолият юритмоқда. Корхонамиз ташкил этилган – мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида аввалига қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашни, сўнг банкнинг молиявий кўмаги туфайли инсон саломатлигига фойдали ҳамда таркибининг тозалиги жиҳатидан жаҳонда иккинчи ўринда турадиган “Чашма” булоқ сувини қадоқлашни йўлга қўйгандик. Кейинчалик корхонамиз таъсисчилигида “Сўх – Дон” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Бугунги кунда ҳар иккала субъектда кўплаб қишлоқ ёшлари, хусусан, коллеж битирувчилари доимий иш билан таъминланган. Жорий йилдаги энг муҳим режамиз эса яна янги иш ўринлари яратиш ва маҳсулотларимизни экспортга йўналтиришдир. Натижада валюта тушуми кўпайиб, маҳаллий бюджет даромадларига, иқтисодиётимиз равнақига қўшадиган улушимиз ортиши шубҳасиз.

Бундан ташқари, ҳам партия Сиёсий Кенгаши аъзоси, ҳам туман Кенгаши раиси ва депутат сифатида зиммамизда Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини, унинг биз учун нақадар қулай имкониятлар яратишини юртдошларимизга, шу жумладан, тадбиркорларга тушунтириш ва тарғиб қилиш масъулияти ҳам бор. Бинобарин, туман ҳокимлиги, прокуратура, солиқ инспекцияси, молия, тижорат банклари, партиямиз фаоллари ва бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда  кенг кўламдаги тарғибот тадбирларини ташкил этаяпмиз. Зеро, ҳукуматимиз яратаётган бундай бемисл шарт-шароитлар ютуқларимизга бош омил бўлиб хизмат қилади.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!