Клара Жумамуратова

Сана: 23.02.2017 15:46

Лавозим: 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Сайловчи ва депутат: амалий ишлар зарур!
Муносабат: 

Сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни юз марта эшитгандан кўра бир марта жойига бориб, ҳақиқий вазиятни ўргандик ва унга холисона ёндашдик.

Қизғин ва масъулиятли жараёнда аҳолининг ҳар бир мурожаати эътиборимиз марказида бўлди. Айтиш жоизки, улар томонидан коммунал, тиббий хизмат, таълим ҳамда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ масалалар кўтарилди. Масалан, Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани аҳолиси томонидан марказлаштирилган табиий газ таъминоти етиб бормайдиган хонадонларга суюлтирилган газ етказиб берувчи ташкилотнинг терминал билан таъминланмаганлиги ўртага ташланди. Буни ижобий ҳал этиш мақсадида “Шимолгазтаъминот” Қўшкўпир туман филиали раҳбарияти билан мулоқотлар олиб борилди. Ҳақиқатан ҳам айни пайтда 8 та терминалга эҳтиёж борлиги аниқланиб, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бу ерга керакли терминал аппаратлари ўрнатилиши таъминланди.

Ўрганишлар жараёнида, шунингдек, Қўшкўпир туманида 61 та кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлиб, уларга хизмат кўрсатиш мақсадида атиги 1 та “Файзли-Қўшкўпир” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ташкил этилганлиги аён бўлди. Табиийки, ушбу ширкат томонидан кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатиш ўз вақтида ва талаб даражасида амалга оширилмаяпти. Чунки битта ширкат шунча кўп қаватли уй-жойга тўлақонли хизмат кўрсата олмайди-да.

Шу билан бирга, ушбу кўп қаватли уйлар марказлашган иситиш тармоғидан узилганлиги, куз-қиш мавсумида айрим уйларнинг том қисмидан чакки ўтиши, марказлашган канализация тизимининг йўқлиги, шунингдек, ҳудудда болалар учун ўйин майдончаси қуриш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда уйларнинг фасадлари, ички йўлакларини таъмирлаш масалалари ҳам эътибордан четда қолаётгани маълум бўлди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда Қўшкўпир тумани ҳокими С. Юсуповга депутатлик сўрови жўнатилди ва ҳозирда унинг ижроси қатъий назоратга олинди.

Мухтасар айтганда, мазкур туманда ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказилган ўрганишлар давомида парламент аъзолари томонидан жами 354 та хонадонга кирилди. Аҳоли билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотлар давомида 123 та аниқ масала кўтарилди. Ушбу масалаларнинг 41 таси депутатлар томонидан ўз жойида ҳал этилди. 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

242