Лола Муротова

Лавозим: 
“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси
Мавзу: 
Бошимиз осмонга етди
Муносабат: 

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармон ва унда белгилаб қўйилган долзарб вазифалар кўпчиликнинг дилидаги, юрагидаги орзу-ниятларини рўёбга чиқариш йўлида ташланган муҳим қадам бўлди. Ўзбекона айтганда, бизлар учун ўзига хос байрам туҳфаси бўлди, десам янглишмайман. Нега десангиз, ёши улуғ одамларнинг аксарияти эътибор, бир оғиз ширин сўзга муҳтож бўлади.

Ўзимдан қиёс: мен ҳам пенсия ёшига етдим, энди оёқни узатиб дам олсам бўлади, десам, кимга оғирим тушарди? Йўқ, муштдайлигимдан далада катта бўлганман, ҳалол ризқ билан рўзғор тебратган одамларнинг фарзандиман ахир. Бир кун уйда ўтирсам, дунё қоронғу бўлиб кетади. Қадрдон даламга, меҳнаткаш ишчиларим даврасига шошаман. Уларсиз бир куним ҳам ўтмайди.

Президентимиз фармонини синчиклаб ўқиб чиқиб, бошим осмонга етди. Биз ҳам кўрганмиз, ёши бир жойга етиб қолган, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларни бир пайтлар ҳеч ким йўқламасди. Барака топгур, соғ-омон, белида, билагида куч-қуввати бор даврида жамиятга керак эди, энди пенсияга чиққанидан кейин  унутиш керакми, дейдиган азамат топилмасди. Ҳаммамиз ҳам қариймиз, лекин нуронийларнинг тажрибаси, ҳаёт илмини ҳеч ким беролмайди-ку! Бежиз халқимиз “Қари билганни пари билмас” деб айтмаган. Шунинг учун куни кеча эълон қилинган бу ҳужжат, ўйлайманки, юртимизда яшаётган барча дуогўй кексаларимизни руҳлантириб юборди. Бевосита давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик, эҳтиромга яраша биз ҳам ўзимизнинг меҳнатимиз, йўл-йўриқларимиз билан жавоб қайтарайлик. Фариштасифат, кекса инсонларини улуғлаган юртнинг эса эртаси албатта буюк бўлади.

Ўзимдан қиёс: фермер хўжалигимиз 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, экин майдонимиз аҳоли яшаш пунктидан 50 километр узоқликда, боз устига ери бўз тупроқ. Ирригация ва мелиорация мутахассислари яхши билишади – бундай тупроқда экин ундириш йўқни бор қилиш билан баробар. Аммо инсон кошиф. У шу иқтидори билан табиат гултожига айланган. Менга шу ҳис далда берди, енг шимариб, ишга тушиб кетдим. Ўтган 12 йил мобайнидаги фаолиятимни бугун Янги йил остонасида сарҳисоб қиларканман, йиллар чизгилари худди эртакка ўхшайди. Тўғри, бошида кўп қийинчиликлар бўлди, бироқ уларни тажриба ва матонат эвазига енгиб ўтдик.  Эндиликда замонамизнинг илғор фермери даражасига кўтарилдим. Ҳозирда фермер хўжалигимизда 188 нафар ишчи меҳнат қилади. Уларнинг оиласи менинг оиламга айланган. Бундан ташқари мўъжазгина тикувчилик цехимизда 12 нафар қиз доимий иш ўрнига эга.

Эришаётган ютуқларим чегара эмас – ҳали олдинда режаларим бир дунё. Гарчи ёшим олтмишга яқинлашган бўлса-да, бардам-тетикман. Ишонинг, мен ўзимни ҳечам қариб қолган сезмайман. Ўз тажрибамни ёшларга улашгим, маслаҳатгўй бўлиб ишларда бош-қош бўлгим келаверади. 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!