Мавлуда Хўжаева

Сана: 03.01.2017 16:39

Лавозим: 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Инсон қадри улуғланар бу юртда!
Муносабат: 

Поёнига етаётган йил Ватанимиз, юртдошларимиз учун меҳнат ва матонат йили бўлди. Деҳқонларимиз табиат инжиқликлари ва турфа машаққатлардан чўчимай, ғалла ва пахтадан юқори ҳосил олишди. Уларнинг йил бўйи қилган ҳалол меҳнати эвазига дастурхонимиз тўкин бўлди. Бунёдкорлик, ободончиликка катта куч сарфланди, йўллар қурилди, шаҳару қишлоқларимиз чирой очди.

Айниқса, мамлакатимизда соғлом болани вояга етказишнинг муҳим шарти бўлган репродуктив саломатликни яхшилаш, туғма нуқсон билан туғилишнинг олдини олиш, тиббиёт масканларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун жорий йилда 80 миллион АҚШ доллари қийматидаги кредит ва грант маблағлари йўналтирилди.

Дастурда белгиланган тадбирлар бўйича 9 миллионга яқин фарзанд кўриш ёшидаги аёллар ва 10 миллионга яқин бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилди. Жумладан, Респуб­лика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эшитиш бўйича нуқсони бўлган 350 дан ортиқ болаларда кохлеар имплантация операциялари амалга оширилди. Бунинг учун 21 миллиард сўм маблағ сарфланди. 700 минг нафар бола пневмококк инфекцияси ва бошқа юқумли касалликларга қарши эмланди. Ёш оилалар, тадбиркор аёллар, коллеж битирувчилари, оилавий бизнес ва ҳунармандликни қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан йил давомида 2 триллион сўмдан ортиқ кредит ажратилди. Давлат дастури ижросини таъминлашга барча манбалар ҳисобидан 7 триллион 480 миллиард сўм ва 190 миллион доллардан зиёд маблағ сарфланди.

Бу муваффақиятларга юртимизда ҳукм сураётган тинч-осойишта ҳаёт туфайли эришаётганимиз кундай равшан. Ўзбекистонда 2016 йилда кўтаринки руҳда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент саммити ва бошқа халқаро анжуманлардаги йирик сиёсий арбоблар эътирофлари ҳам бу фикримизни тасдиқлайди. Чунки дунёнинг айрим нуқталарида турли манфаатлар тўқнашуви инсониятни гоҳ ажал, гоҳ хиёнат гирдобига тортаётган бир паллада Ўзбекистон каби табиий ресурсларга бой, қадимий маданиятга эга, энг муҳими, меҳнаткаш, салоҳиятли халқи бўлган мамлакатда тинчликни сақлаб туриш осон иш эмас. Бунинг учун мамлакат, халқ тақдирининг масъулиятини зиммасига олган инсон ниҳоятда жасоратли, собит ва мард бўлмоғи зарур.

Тақдир истиқлол йилларида халқимиз манглайига ана шундай раҳбарни ато этди. Биринчи Президентимиз, мус­тақиллигимиз меъмори Ислом Каримовдан издошларига, бизга, озод ва обод Ватан баробарида ўша бебаҳо фазилатлар ҳам мерос бўлиб ўтди.

Лекин ўтмиш хотираларига нечоғлик суянмайлик, ундан қанчалар куч, рағбат олмайлик, инсон хотиралар билангина яшаб қолмайди. У келажакка интилади. Йўқотишларнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилади. Истиқлолдан баҳра олиб яшаётган, ёруғ келажак сари дадил одимлаётган халқимиз ҳам катта йўқотиш – юрт сарбонидан айрилишдек мусибат олдида довдираб қолмади. Балки янада жипслашиб, иродалироқ, қатъиятлироқ бўлиб янги марраларни кўзлади.

Президент сайлови ўтказилиши белгиланган 4 декабрь кунигача бўлган уч ой муддатда халқимиз эзгу ришталар орқали Ватан тақдирига чамбарчас боғланганини ҳар куни, ҳар соатда намоён этди. Қўли меҳнатдан, тафаккури фикрлашдан узилмаган ҳолда сайловолди жараёнларида фаол қатнашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва юқори палата вакиллари – сенаторлар, сиёсий партия фаоллари халқ билан учрашувлар жараёнида, шунингдек, Ўзбекистон Президенти сайлови кунида истиқлол шарофати фуқароларимизнинг сиёсий онгини нечоғлик юксалтириб юборганига яна бир карра гувоҳ бўлди.

Демократик тамойилларга мос, адолатли, ошкора тарзда ўтган бу сиёсий жараёнда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев сайловчилар умумий сонининг 88,61 фоиз овози билан ғолиб бўлди. Сайлов жараёнини 5 та халқаро ташкилот ва 46 та давлатдан 600 га яқин кузатувчи синчковлик билан  кузатиб боргани ва уларнинг барчаси бир овоздан бўлиб ўтган сиёсий жараёнга ижобий баҳо бергани мамлакатимиз демократиянинг янги босқичига қадам қўя бошлаганидан дарак беради.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида ҳам, Конс­титуциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали мажлисда ҳам халқ манфаатларининг ҳар нарсадан улуғлигини алоҳида таъкид­лади. Биринчи Президентимиз бошлаб берган анъанани давом эттирган ҳолда кириб келаётган 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлашни таклиф этди. Ҳар бир вилоят, шаҳар ва туманларда сиёсий партиялар тизимида фаолият кўрсатадиган “Халқ қабулхоналари”нинг ташкил этилиши ҳақидаги фикрлари халқимизнинг чексиз қувончига сабаб бўлди. Аҳолидан тушаётган ҳар бир мурожаат ўрганилиб, муаммоларнинг қонун доирасида ҳал қилинишини ҳамюртларимиз давлат ва фуқаролар ўртасида ўрнатилаётган ишонч кўприги сифатида қабул қилишмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқи бутун халқимиз, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Унда Буюк Юртбошимиз бошлаб берган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўли қўллаб-қувватланган ва халқаро амалиётга суянган ҳолда, Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича келгуси 5 йилга мўлжалланган Ҳаракат стратегиясининг асосий мақсади, ҳукуматимиз олдида турган вазифалар батафсил таҳлил этиб берилган. Эътибор берадиган бўлсак, барча саъй-ҳаракатлар фақат фуқароларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг даромадларини кўпайтириш, тинч ва осуда, фаровон турмушни таъминлашга қаратилганини кўрамиз. Шунинг ўзи “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган тамойилнинг амалдаги исботи эмасми?!

Бу борада биз депутатлар зиммасига давлатимиз раҳбари томонидан янги ва ғоят масъулиятли вазифалар юклатилди. Жумладан, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туманларда мавжуд аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини Халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этиш, шунингдек, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг амалдаги ижросини барча соҳаларда мониторинг қилиш, бу борада хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш масаласи, қонун ижодкорлиги билан бирга, яна бир муҳим топшириқ, бу – қонун талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳар бир ҳолат юзасидан аниқ ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш каби вазифалар юклатилди. Албатта, бу вазифаларнинг парламент зиммасига юклатилиши бир томондан унга билдирилган катта ишонч, ваколат, иккинчи томондан, жуда катта масъулиятдир. Олдимизда турган долзарб вазифаларнинг улканлиги шундаки, халқнинг кўнглини топиш, уларни ўз ҳаётларидан рози қилиш осон эмас. Бу, энг аввало, ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканини унутмаслигимиз керак.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни, фермер ва тадбиркорлар, опа-сингилларимиз, онахон ва дилбар қизларимизни Янги йил байрами билан самимий қутлайман. Халқ манфаатлари барча манфаатлардан устун қўйилаётган бу қутлуғ йилда яхши кайфият, жўшқин ишчанлик, оила саодати барчамизга ёр бўлишини тилайман.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

139