Муҳаббат Тохтаева

Сана: 04.01.2017 16:30

Лавозим: 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Халқ ишончи – олий саодат
Муносабат: 

Мана, кўз очиб юмгунча янги йил бошида турибмиз. Вақтнинг дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, 2017 йил – ҳаётимизнинг навбатдаги довонига қадам қўймоқдамиз. 

 2016 йил мен учун ҳам жуда сермазмун кечди. Энг асосийси, ўз фаолиятимдан баҳоли қудрат қониқиш ҳосил қилдим. Чунки кўп вақтимни хонада ўтириб ҳисобот тайёрлашга ёки турли тадбирларда қатнашиб вақт ўтказишга эмас, балки, кўпроқ амалий ишларга сарфладим. Хусусан, жойларда сайловчилар билан тез-тез учрашувлар ўтказиб, уларнинг ечилмай келаётган масалаларини жойида ўргандим, ҳал қилиш чораларини изладим. Шу мақсадда ҳар ойнинг охирги шанба кунида сайловчилар қабул кунини ташкил этдим. Нокамтарлик бўлса-да, айтишим ўринли, ҳатто уйимда ҳам дам олиш кунлари сайловчилар мурожаатларига қулоқ тутиб, улардан зарур маслаҳатларимни аямадим.

Ва шундай хулосага келдим: мамлакатимизда қабул қилинаётган пухта, мукаммал ишланиб, қабул қилинаётган ҳаётий қонунлар ижроси жойларда ҳали-ҳануз тўла таъминланмаяпти. Йўқса, мурожаатлар бу зайлда кўпаймасди. Бу аччиқ бўлса-да, барибир ҳақиқат. Демак, олдимизда турган ғоят муҳим вазифа бу –  қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият томонидан жойларда қандай бажарилаётганлиги устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини янада кучайтириш. Чунки ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратининг кучайиши билан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини таҳлил этиш, белгиланган вазифалар ўз вақтида ва лозим даражада бажарилишига эришиш имконияти ортади. Яна бир аҳамиятли жиҳати, бундай йўл орқали нафақат марказда, балки олис қишлоқ ва туманларда ҳам аҳолини ўйлантираётган масалалар ечим топиши, ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш учун кенг шароит яратилади.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

96