Норқобил Жалилов

Лавозим: 
“XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси Бош муҳаррири
Мавзу: 
Тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида
Муносабат: 

Мустақил Ўзбекистон 26 йиллик тарихида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг юксак минбарида янги қиёфада намоён бўлди. Бу нафақат Президент Шавкат Мирзиёев сиймосида, шу билан бирга, мамлакатимизда амалга оширилаётган қатъий ислоҳотлар, ўзгараётган ички ва ташқи сиёсат, яқин қўшничилик алоқалари, қулай инвестиция муҳити, бир сўз билан айтганда, инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилаётган, йилдан-йилга ривожланаётган давлат имижида кўринди.

Давлатимиз раҳбари нуфузли ташкилотнинг 72-сессиясидаги нутқи аввалида беш йилга мўлжалланган Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Жумладан, юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш механизмлари мустаҳкамланаётгани, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилаётгани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича миллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар билан очиқ мулоқотнинг фаоллашиб бораётгани, мамлакатимизда сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг роли ортиб, суд органларининг чинакам мустақиллиги таъминланаётгани ҳақида гапирилар экан, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғоя ислоҳотлар негизини ташкил этиши ўз-ўзидан чиқиб келди.

Энг муҳими, бу гаплар осмондан олиб айтилаётгани йўқ. Ватанимизда кечаётган ислоҳотлар ҳар бир юртдошимиз ҳаётининг бир парчасига айланган. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали ҳозирги кунга қадар бир миллиондан ортиқ фуқароларимизнинг долзарб муаммолари ҳал қилинганиёқ фикримизни исботлаб турибди. Фақат шугина эмас. Одамларнинг эркин ҳаракат қилишини чеклайдиган хорижга чиқиш визалари сингари умрини мутлақо ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқларидан воз кечиш бўйича ҳаракатлар бошлангани, инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, шахсни қамоқда сақлаш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайта кўриб чиқилгани, экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқаролар ижтимоий реабилитация қилинаётгани, уларни соғлом ҳаётга қайтариш учун зарур шароитлар яратилаётганини нафақат оммавий ахборот воситалари орқали кузатяпмиз, балки кундалик ҳаётда ҳам кўряпмиз, эшитяпмиз. 

Кейинги пайтда “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган шиор ватандошларимизнинг кўнглидан чуқур жой олди, десак муболаға эмас. Ушбу қанотли ибора, не тонгки, бугун жаҳоннинг энг юксак минбаридан ҳам янгради. Шу ойнинг бошидан миллий валютани эркин конвертация қилиш тизимига тўлиқ ўтилгач, аҳоли учун юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни юмшатиш бўйича зарур чоралар кўрилдики, шу ўринда беихтиёр донишманд халқимизнинг “сих ҳам куймасин, кабоб ҳам” деган пурмаъно мақоли давлат сиёсати принцип­ларидан бирига айланганини таъкидлагинг келади.

Иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш юртимиздаги ўзгариш­ларнинг энг муҳим йўналиши экани кундек равшан. Мамлакатимизда илк бор тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман институти жорий этилиши, бизнес соҳасидаги солиқлар сезиларли равишда қисқартирилиши, кредит олиш имкониятлари кенгайтирилиши, янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиб, инвесторларга кенг имтиёзлар яратиб берилиши, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик ривожланиши, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шериклик алоқаларининг янгитдан тикланиши... – барча-барча саъй-ҳаракатлар замирида халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти ғояси мужассам.

Ўзбекистон бугун фақат ўз ички муаммоларига ўралашиб қолган давлат эмас, балки халқаро миқёсда ҳам ўз позициясида собит турадиган, глобал масалаларга конструктив ечимлар таклиф қиладиган ва бу борада амалий қадамлар ташлайдиган салоҳиятга эга. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг босқичма-босқич ислоҳ этилиши тарафдори, хусусан, Хавфсизлик Кенгашини бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтириш зарур деб ҳисоблайди.

Бир дарахт ҳар қанча гуллаб-яшнамасин, барибир боғ бўлолмаслиги бор гап. Тараққиёт ҳам бўлинишда эмас, бирикишда намоён бўлишини тарих исботлаган. Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўзгаришлар қадим Туркистон диёрининг бугунги мустақил республикалари орасидаги жипсликни сезиларли равишда мустаҳкамлади, минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этди. Юртимиз Марказий Осиё­нинг қоқ марказида жойлашган бўлиб, минтақанинг барча давлатлари билан чегарадош ягона мамлакат саналади. Қўшни республикалардаги нотинчликлар бизга ҳам қанчалик қимматга тушиши эҳтимоли борлигини яқин ўтмишимиздан яхши биламиз. Шу боис, маърузада таъкидланганидек, тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир.

Шу ойнинг бошида Қирғизис­тон билан давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома имзоланишини икки халқ катта тантана билан қарши олди. Чорак асрлик муаммо ҳал этилгач, ўзаро борди-келдилар жонланиб кетди.
Нафақат халқлар орасида жипслик кучаймоқда, балки давлат раҳбарлари ўртасидаги учрашувлар ҳам мунтазам тус олмоқдаки, бу эса яқин келажакда янада кўпроғини кутишга умидлантиради. Хусусан, ноябрь ойи­да Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказиладиган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро анжуманда минтақадаги фундаментал муаммоларга ечим топилишига жаҳон афкор оммаси ҳам ишонч кўзи билан қарамоқда.

Ўзбекистон йигирма олти йилдирки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарида бўладими ёки бошқа нуфузли халқаро анжумандами, ҳамиша икки глобал муаммога жаҳоннинг диққатини тортишга интилиб келади. Бири – экологик, бири – сиёсий. Минтақанинг умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш масаласига ечим топилмас экан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш йўлида дадил қадамлар ташланмас экан, Марказий Осиё­да хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳақида истиҳола билан гапиришга тўғри келади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар икки муаммо ечимига доир ўз амалий таклифларини билдириб, халқаро ҳамжамиятни ягона мақсад атрофида бирлашишга чорлади.

Тошқиннинг йўлини тўсиш эмас, балки қулоқбошидан сувни ёпиш кераклигини ота-боболаримиз асрлар бўйи уқтириб келади. Худди шунингдек, дунёда терроризм таҳдидлари йилдан-йилга куча­йиб бораётгани унга қарши кураш усуллари ҳақида ўйлаб кўришга ундайди. Жангариларнинг тегирмонига сув қуяётган нима, ахир? Жаҳолат ва муросасизлик эмасми? Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, жаҳолатга қарши фақат ва фақат маърифат билан курашиб бирор натижага эришиш мумкин. Маълумотларга қараганда, экстремизм ва зўравонлик жиноятларининг асосий қисми 30 ёшга етмаганлар томонидан содир этилар экан. Бугун эса жаҳонда 2 миллиард ёшлар бўлиб, бу инсоният тарихидаги энг йирик авлод саналади. Шу муносабат билан Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технология­лари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Бугун мамлакатимизда юритилаётган ёшлар сиёсати кўпгина давлатларга ўрнак бўлгулик десак янглишмаймиз.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг юксак минбарида туриб: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, дея баралла гапирганида, ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, миллионлаб юртдошларимиз қалбида ғурур жўш урди. Бу даъват дунё мусулмонлари юрагининг туб-тубида чўкиб ётган бир имдод эди, аслида. Ислом дини қарийб бир ярим минг йилдан буён башариятни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-­авайлашга даъват этиб келади. Бутун жаҳон жамоатчилигига динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш олдимиздаги энг муҳим вазифа бўлиб турибди. Республикамизда амалга оширилаётган бир қатор ишлар, жумладан, Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда эса Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ҳам шу мақсадга хизмат қилади. 

Исломнинг аслиятидан бехабарлик ва ҳидоят динининг моҳиятини бузиб кўрсатишга, номига қора чап­лашга уринишлар жаҳолат ва муросасизлик омилларини келтириб чиқармоқдаки, оқибатда терроризм гулханига бамисоли ёғ сепилмоқда. Шу маънода БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенг­лик” деб номланган махсус резолю­циясини қабул қилиш барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиши шубҳасиз.

Ўзбекистон йигирма олти йиллик мустақил тараққиёт йўлида ташқи сиёсатда собитқадамликни қўлдан бермай келмоқда. Ҳеч қандай блокка қўшилмаслик, очиқ мулоқотга тайёрлик доимий шиоримизга айланган. Тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришдан эса нафақат Ўзбекистон халқи, балки бутун дунё ютади. Бутун инсоният шундан манфаатдордир. 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!