Одинахон Жамолдинова

Лавозим: 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Устувор вазифалар ижросига барчамиз бирдек масъулмиз
Муносабат: 

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ватанимизнинг келажаги учун жавобгарликни зиммасига олишга қодир, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал этувчи кучига айланиб бораётган ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борадаги кенг кўламли ишларни давом эттириш, таълим-тарбия бўйича қабул қилинган умуммиллий дастурларимизни мантиқий якунига етказиш, тегишли вазирлик, идора, таълим муассасалари ва профессор-ўқитувчиларнинг масъулиятини ошириш масаласига алоҳида урғу берилди. Барчамизга яхши маълумки, меҳнат бозорида талаб қилинадиган ўрта маълумотли мутахассис ва юқори малакали кадрларни тайёрлашда касб-ҳунар коллежи ва  олий ўқув юртлари муҳим ўрин тутади. Ҳар йили ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаётган 500 мингга яқин ёшларнинг маълум қисми олий ўқув юртларида ўқишни давом эттиришади, аксарияти эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишида фаолият олиб боришни мақсад қилмоқда. Чунки амалдаги қонунчилигимизда ёшларни тадбиркорликка йўналтириш, иш билан таъминлаш ва уларга имтиёзли кредитлар ажратишнинг ҳуқуқий кафолатлари таъминланган. Қувонарлиси, йилдан-йилга республикамиздаги тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига ажратилган имтиёзли кредитлар салмоғи ортиб бораётир.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида бу йўналишдаги ишлар ҳали етарли эмаслиги, тижорат банклари ва уларнинг жойлардаги филиаллари ўз имкониятидан келиб чиқиб, ҳар бир фуқарога ўзининг қобилияти ва салоҳиятига яраша шароит ва имконият яратиб бериши лозимлигини алоҳида таъкид­лади. Шу ўринда, биз фракция аъзолари ҳам партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсадларидан келиб чиқиб, бу борадаги вазифаларимизни белгилаб олишимиз лозим.

Шу боис қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз. Биринчидан, аҳоли, айниқса, ёшларда тадбиркорликка оид билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган қисқа ўқув курси, семинарлар ташкил этиш, бунда қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддиларининг масъулиятини ошириш айни муддаодир.

Иккинчидан, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш бўйича жойларга чиқилганда касб-ҳунар коллежларида ёшларнинг тадбиркорликка оид билимларини, мавжуд имтиёзлардан хабардорлик даражаси, давлат таълим стандартлари, ўқув режаси, дастури, дарслик ва қўлланмалари бугунги кун талабига қай даражада жавоб бериши, тадбиркорлик ва бизнес асослари фанининг ўқитилиш ҳолати, мазкур фандан дарс бераётган ўқитувчиларнинг малакасини аниқлаш лозим.

Учинчидан, олий ўқув юртига кира олмаган академик лицей битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш механизмини ишлаб чиқиш кабилар шулар жумласидандир. Ушбу масалаларни чуқур ўрганиш асосида аниқ, асосли таклифларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш депутатлардан алоҳида фаолликни талаб этади.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!