Одинахон Жамолдинова

Сана: 20.03.2017 20:58

Лавозим: 
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Ёшлар манфаати йўлида
Муносабат: 

Иқтисодиётнинг ривожланиш тенденцияси кадрлар тайёрлаш тизимида  янгича ёндашувни талаб этади. Бу эса нафақат олий таълим тизимида, балки ўрта бўғин мутахассисларини, айниқса долзарб масалаларни ҳал этишга қодир малакали ишчи кадрларни тайёрлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мустақиллик йилларида республикамизда кадрлар тайёрлашнинг самарали тизими шаклланди, ўрта махсус таълим муассасалари барпо этилиб, замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланди, ўқитувчи ва ўқувчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратилди. Ўқув жараёни сифат ва методик жиҳатдан янгиланиб, адабиётларнинг янги авлоди яратилди.

Натижада  янгича фикрлайдиган, юксак чўққиларни эгаллашга қодир, масъулиятли, ватанпарвар ёшлар шаклланди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев биринчилардан бўлиб илм-фан намояндалари билан учрашди. Мазкур учрашувда кўтарилган масалалар давлат сиёсати даражасида ўз ечимини топди, таълим соҳасида тараққиётнинг янги босқичи бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича Комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойишлари ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса уларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қарорда академик лицейларда ўқув жараёни сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, академик лицейларда умумтаълим мактабларининг энг қобилиятли битирувчиларини жамлаш, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг танланган касблар ва мутахассисликларни эгаллаб олишга бўлган эҳтиёжини қондириш учун шарт-шароитларни янада кенгайтиришга қаратилган ниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Ҳозирги кунда олий ўқув юртлари қошида давлат таълим стандартларига мувофиқ – ижтимоий, техник, аграр ва бошқа кўплаб соҳаларга йўналтирилган 144 та академик лицейлар фаолият кўрсатади. Уларда ўқувчиларнинг қизиқишлари ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда интелектуал салоҳиятини ривожлантириш мақсадида чуқурлаштирилган таълим берилади.

Шунингдек, ёшлар лицейда олган билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўз қизишларидан келиб чиқиб танлаган соҳаси бўйича олий ўқув юртларида ўқишни давом эттиришлари ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланишлар имкониятига эга. Ҳар йили академик лицейларни 35 минг ўғил, қизлар тамомлайдилар.

Ушбу йўналишдаги олиб борилаётган ишлар таҳлили шуни кўрсатдики, лицейларнинг битирувчиларни касбга йўналтириш борасидаги ишлари замон талабларга жавоб бермайди. Битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш кўрсаткичлари пастлигича қолмоқда. Аксарият ҳолларда олий ўқув юртларига кириш тест синовларида ўтиш балини тўплай олмаслигига ва ҳеч қандай касб-ҳунар сирларини эгалламагани ҳолда кейинги имкониятни кутишига тўғри келмоқда.

Шу боис, ушбу ҳаётий муаммони ечиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида академик лицейлар сонини мақбуллаштириш, фаолият кўрсаткичлари энг паст бўлган академик лицейларни босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантириш кўзда тутилган.

Бу эса ўз навбатида ёшларга уч йил давомида бир ёки бир неча мутахассисликлар бўйича касб-ҳунар сирларини эгаллашга, сўнгра танлаган мутахассислиги бўйича ишга жойлашишга ва энг муҳими ўз оиласининг фаровонлигига, Ватанининг гуллаб-яшнашига муносиб ҳиссасини қўшиш имкон беради.

Ҳар йили республикамизда аҳоли бандлиги Дастури амалга оширилади. Дастурда меҳнат бозори талаб ва таклифи ўрганиб чиқилиб, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, 2017 йил Дастурида буюртманома асосида ишга жойлаштириладиган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун иш ўринлари касблар бўйича ҳисобга олинганлиги аҳамиятлидир. Уларни тикувчилик, тўқимачилик, енгил саноат, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, энергетика, кимё саноатида, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида, транспорт, ахборот-коммуникация, умумовқатланиш ва савдо, қишлоқ хўжалиги, молия, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда тадбиркорлик ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ишга жойлаштиришнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилди.

Эътиборли жиҳати шуки, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтиришнинг ҳуқуқий кафолатлари белгилаб берилганлиги, имтиёзлар кенгайтирилаётганлиги боис, йилдан-йилга ўз тадбиркорлигини бошлаётган ёшлар сони ортиб бормоқда. Зеро, ўғил-қизларимиз давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганликларини чуқур ҳис қилмоқдалар.

Ахборот-технологиялари тараққиёти асрида ўрта-махсус, касб ҳунар таълими муассасаларида янгича ёндашув асосида замон талабларига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш талаб этилади.

Шундай экан, биз барча даражадаги депутатлар ҳам таълим сифати ва самарадорлигининг таъминланишида самарали парламент назоратини олиб бориш, қарорнинг мазмун ва моҳиятини халққа етказишда масъулдирмиз.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

540