Ойбек Эгамов

Лавозим: 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Миллий аримиямиз мустақиллигимиз ва тинчлигимизнинг мустаҳкам кафолатидир
Муносабат: 

Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ мамлакатимиз мудофаасини кучайтириш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди.

1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим воқеа -  Республика Олий Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар мустақил Ўзбекистон тасарруфига ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мамлакат мустақиллиги ҳамда ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ҳаётини мустаҳкамлаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилишдаги, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини инобатга олиб Биринчи президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан ушбу тарихий сана, яъни 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни этиб белгиланган.

Боболаримиз айтганидек, Ватан остонадан, инсон яшаб, нафас олиб турган гўшадан бошланади. Шу боис, инсон илк бор нафас олиб, улғайиб вояга етган она заминга меҳр-муҳаббат ва садоқатда бўлиши, унга нисбатан бир умр фарзандлик ҳисси билан яшаши унинг учун ҳам фарз, ҳам қарздир.  

 Миллий армиямизни босқичма-босқич ва тизимли равишда шакллантиришда, аввало,  Ўзбекистоннинг минтақамизда ва ҳозирги дунёда тутган геостратегик ва геосиёсий ўрнини, мамлакатимиз ҳавфсизлигига қарши қаратилган ички ва ташқи таҳдид ва хатарларни, айниқса, кучайиб ва фаоллашиб бораётган халқаро террорчилик, экстремизм, тобора кўлами кенгайиб бораётган наркоагрессия, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши каби бало-қазоларни ҳисобга олган ҳолда иш тутилди.

Армиямиз жаҳондаги ҳарбий соҳадаги энг илғор тажрибаларини ўзида мужассам этган бўлиб, айни пайтда миллий жанговар анъаналаримизни юксак садоқат билан давом эттирмоқда. Ҳарбий ўқув юртларимиздаги таълим тизими тубдан ўзгартирилди, уларда бўлғуси зобитлар тайёрлаш ва тарбиялаш ҳозирги замон талабларига тўла мос келадиган, принципиал жиҳатдан мутлақо янги бўлган ўқув-техник ва маънавий-аҳлоқий асосда йўлга қўйилган. Натижада армия сафларига, авваломбор, мустақил ва суверен Ўзбекистонимизга хизмат қилиш, унинг манфаатлари ва сарҳадларини, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоя этишга азму қарор қилган мард ва фидойи, интеллектуал жиҳатдан тарбия топган етук кадрлар сараланиб олинмоқда.

Жамиятимизда Республикамиз Қуролли кучларининг салоҳияти ва обрўси, мамлакатимиз мустақиллиги ҳамда худудий яхлитлиги, халқимизнинг тинч ҳаётини ва мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини кенг ёритиб бериш, уларни ўз Ватанига содиқ ва фидоий инсонлар этиб тарбиялаш хар бир инсон учун энг муҳим вазифаларидан бирига айланган.

Бежиз эмаски, армиямиз ҳозирги кунда нафақат ватанимиз чегараларини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилмоқда, айни вақтда мустаҳкам ирода ва характер, мустақил фикрлаш қобилияти шаклланадиган, жисмоний чиниқиш ва юксак инсоний фазилатлар камол топадиган ҳақиқий профессионал малака ошириш мактабига айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2016 йил 14 декабрдаги Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида “Ўзбекистон ва унинг бағрикенг халқи тинчликсевар сиёсат юритиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш тамойилларини амалга ошириш позициясида доимо мустаҳкам туриб келмоқда. Лекин, зарур бўлса, биз мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига таҳдид соладиган ҳар ­қандай уринишларга қарши кескин зарба беришга қодирмиз. Шунинг учун мен, халқимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиманки, бу масалада ҳеч кимда ҳеч қандай иккиланиш ва шубҳа бўлмаслиги лозим. Бунга бизнинг кучимиз ҳам, қудратимиз ҳам етарли” дея таъкидлаб ўтдилар.

Албатта, Ватанимиз, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ишончли ҳимоя қилиш, бугунги кунда ҳар бир йигит қизнинг орзуси ва бурчига айланган. Шу муносабат билан ўзининг ҳарбий қасамёди ва муқаддас бурчига содиқ қолган ҳолда, маҳорат ва жасорат билан, юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш борасидаги ватанпарварлик бурчини адо этаётнаг барча харбий соҳа вакиллари ва юртдошимизни Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклаймиз.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!