Ойбек Жумаев

Сана: 24.04.2017 11:46

Лавозим: 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Хусусийлаштириш соҳасида сифат жиҳатидан янги ўзгаришлар
Муносабат: 

Мамлакатимизда иқтисодий муносабатларни либераллаштириш иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш билан бевосита боғлиқ. Бу борада хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлигини тубдан ошириш, хусусийлаштирилган корхоналар негизида амалга оширилаётган лойиҳаларни тизимли ва манзилли қўллаб-қувватлаш, шунингдек, белгиланган вазифаларни амалга оширишда ваколатли органлар фаолиятини зарур даражада мувофиқлаштириш муҳим ўрин тутади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 18 апрель куни имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони ва «Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ушбу ҳужжатлар танқидий таҳлил натижасида, хусусийлаштирилган корхоналарнинг самарали ишлашига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва ўрганиш асосида қабул қилинди, деб ҳисоблаймиз. Депутатлик тажрибамиздан мисол келтириш мумкин: депутатлар ўз сайлов округларига сафарлари давомида хусусийлаштирилган корхоналар негизида ташкил этилган субъектлар паст рентабеллиги ёки зарар кўриб ишлаётгани билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмаётганига гувоҳ бўлди. Натижада ишламаётган ҳамда деярли бўш ётган объект, самарасиз фойдаланилаётган ер участкалари ва ишлаб чиқариш хоналари аниқланган.

Президентимизнинг ушбу Фармони ва қарорида хусусийлаштирилган корхоналарга ёндашувлари, улар билан ишлаш принциплари ва усулларини тубдан ўзгартиришни, фаолият самарадорлигини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишлаб чиқаришни тиклаш ва ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятининг асосларини ўргатиш, шунингдек, хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлашнинг молиявий манбаларини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Мазкур чора-тадбирларнинг хусусий тадбиркорлик субъектлари учун афзаллиги шундаки, давлат хусусийлаштирилган корхоналарнинг мулкдорларига жиддий ёрдам кўрсатиб, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва корхоналарни узоқ муддатли ривожлантириш, ихтисослашган ишлаб чиқаришларни тиклаш ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг рақобатдошлигини таъминлайдиган замонавий технологияларни жорий этишда яқиндан кўмаклашади. 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

300