Ойбек Жумаев

Лавозим: 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Жаҳон ҳамжамияти эътиборида
Муносабат: 

Бу йил мамлакатимиз учун ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда муҳим ўзгариш ва туб бурилишлар палласи бўлди. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва муносабатлардаги позициясини янада мустаҳкамлади. Жаҳондаги энг нуфузли халқаро ташкилот анжуманининг биринчи иш кунида етакчи давлатлар раҳбарлари қаторида Президентимизнинг нутқ сўзлаши юртимизнинг обрў-эътибори дунё жамоатчилиги кўз ўнгида кескин ошганининг яққол намунаси бўлди.

Юртбошимиз маъруза мобайнида янгиланиш суръатларининг стратегик дастурига алоҳида тўхталиб, барча ислоҳотлар “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамо­йил асосида босқичма-босқич амалга оширилаётгани, бу жараён бизнинг бош мақсадимиз бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишга хизмат қилишини аниқ ҳамда равшан баён этди. Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши кераклиги яна бир бор таъкидланди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ишларга алоҳида тўхталиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ал-Ҳусайннинг юртимизга ташрифи якунлари бўйича инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилгани таъкидлаб ўтилди. Шу ўринда айтиш ўринлики, мамлакатимизда барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти устидан парламент ва фуқаролар томонидан доимий назорат олиб борилаётгани, ўз навбатида сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари роли ортиб, суд органларининг мустақиллигини таъминлаш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Айниқса, юртбошимиз томонидан илгари сурилган БМТ негизида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги таклиф ҳам ниҳоятда ўринли бўлиб, жаҳонда саводсизлик, жаҳолат ва мутаассибликка барҳам беришга кўмаклашишдан иборатдир.

Ишончимиз комилки, мазкур анжуманда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикрлар ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириб, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш йўлида ташланган навбатдаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!