Полянте Свешников

Сана: 23.02.2017 15:52

Лавозим: 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Оворагарчиликларга чек қўйилмоқда
Муносабат: 

Президентимизнинг яқинда матбуотда эълон қилинган “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тадбиркор ва ишбилармонлар, қолаверса, шу соҳада иш бошлашни ният қилган юртдошларимиз учун айни муддао бўлди. Негаки, мазкур қарорнинг амалиётга татбиқ этилиши электорат вакилларига кенг имкониятлар эшигини очади.

“Ягона дарча” марказлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 16 турдаги рухсатномаларни бошқа идораларга бормасдан расмийлаштириш амалиёти келгусида тадбиркорларнинг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежашга хизмат қилади. Ўз вақтида қабул қилинган қарорда, шунингдек, талаб юқори бўлган қўшимча 86 турдаги лицензия ва рухсатномаларни “Ягона дарча” марказлари орқали расмийлаштириш механизмини босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.

Хўш, бундай қулайликлар тадбиркорга қандай наф келтиради? Аввало шуни қайд этиш зарурки, бундан буён тадбиркорлик субъектлари юқорида тилга олинган рухсатнома ва лицензияларни олиш учун бошқа идораларга бориши шарт эмас.

Қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб “Ягона дарча” марказлари орқали тақдим этиладиган лицензия ва рухсатномаларни қоғоз шаклидаги махсус бланкаларда мажбурий расмийлаштириш талаби бекор қилинади. Бошқача ифодалаганда, берилган, тўхтатиб қўйилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган, шунингдек, амал қилиши тўхтатилган рухсатнома ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни “Лицензия” ахборот тизимлари мажмуаси орқали олиш имконияти яратилади.

Яқинда биз жойларда сайловчилар билан ўтказилган юзма-юз мулоқотларда ҳам O`zLiDeP дастурий мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг мазкур қарорнинг шу ва бошқа жиҳатларини янада аниқроқ, соддароқ тарзда баён этиб, юртдошларимизнинг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилдик. 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

208