Шуҳрат Бафоев

Сана: 10.05.2017 14:26

Лавозим: 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Тадбиркорларни ҳимоя қилишнинг янги механизми
Муносабат: 

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти таъсис этилди. Ушбу институт тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги самарали мулоқотнинг янги механизмларини жорий қилишга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат ҳимоясининг қўшимча кафолатларини яратишга хизмат қилади.

Ушбу институтнинг аҳамияти шундаки, Вакил мазкур соҳада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш бўйича вазифаларни бажаради. Шунингдек, соҳадаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсирини баҳолаш, тадбиркорликнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш Вакил фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилангани эътиборимизни тортади. Бунай ёндашув мамлакатимиздаги қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини янада яхшилашга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз, чунки Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил реал амалиётдан келиб чиққан ҳолда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди.

Ушбу институт мустақил экани, ўз ваколатларини давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳар қандай шаклда бузилишига нисбатан адолат, қонун устуворлиги ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги нуқтаи назаридан холисона баҳо беришга ҳамда қонунбузилишларга ўз вақтида барҳам бериш учун қатъий чораларни кўриш, қонунбузилишларга йўл қўйган барча мансабдор шахслар учун жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлашга хизмат қилади.

Умуман, мазкур институтнинг яратилиши ҳаракатлантирувчи кучи бўлган тадбиркорлик субъектлари манфаатлари устуворлигини амалда таъминлайди, мамлакатимиздаги бизнес муҳитни янада яхшилайди, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги мулоқот самарадорлигини оширади. Эндиликда биз, депутатлар, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш, миллий қонунчилигимизга зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасидаги ишларимизни жадаллаштиришимиз лозим. Мазкур қонунда Вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари, асосий принциплари, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик тартиби белгиланади.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

314