Соҳибжон Исмоилов

Сана: 22.12.2016 17:24

Лавозим: 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Мавзу: 
Устувор вазифалар ижросига барчамиз бирдек масъулмиз
Муносабат: 

Бугун кечагидек яшаб ҳам, ишлаб ҳам бўлмайди. Янги кун фаолиятимизга янгича ёндашувни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси фаолияти йўналишидаги амалдаги 29 та қонунни бугунги кун талабидан келиб чиқиб, инвентаризация қилишни белгилаб олдик.

Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисда доимий асосда фаолият кўрсатадиган вакили лавозими таъсис этилиши муносабати билан қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти масалаларида янгича ёндашувни таъминлаш, асосий эътиборни энг қуйи бўғин билан ишлашга қаратиш лозим. Зеро, ҳар бир соҳага оид қабул қилинган қонун ва меъёрий ҳужжатлар ижроси тўлиқ таъминлансагина, ҳар жабҳада тараққиёт бўлади, аҳоли фаровонлиги ортади.

Асосий вазифамиз хусусий мулк ва мулкдорлар ҳимоясини янада кучайтириш бўлиб қолаверади. Бу борада ечимини кутаётган масалалар бисёр. Қуйидаги рақамларга эътибор беринг: 2016 йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда жами 16 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти рўйхатга олинган бўлса-да, шу даврда уларнинг 11 мингдан ортиғи фаолиятини тугатган. Бу жуда жиддий масала.

Шундай экан, ушбу қатлам манфаатларини ифода этаётган, ислоҳотлар натижаси учун масъулиятни ўз зиммасига олган O‘zLiDeP аъзолари сифатида тегишли хулоса чиқаришимиз керак. Тўғри, кейинги йилларда соҳага оид муҳим қонунлар қабул қилинди. Бироқ, аччиқ бўлса-да, тан олиш жоизки, жойларда уларнинг ижроси етарли даражада таъминланмаяпти. Аниқроқ айтганда, ушбу қонунлар мазмун-моҳиятини тадбиркорларга тўлиқ тушунтира олмаяпмиз.

Партиямиз билан бўлган қўшма йиғилишда давлатимиз раҳбарининг маърузасида қайд этилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, бу борада партия ва фракциямиз олдида турган долзарб вазифаларни атрофлича муҳокама қилдик ҳамда келгусидаги аниқ ва мақсадли вазифаларни белгилаб олдик. 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

147