Солижон Мўминов

Сана: 30.03.2017 14:56

Лавозим: 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши раиси
Мавзу: 
Тафтишлар аниқ тартибда ўтказилади
Муносабат: 

Ўтган йиллар давомида ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бир неча Қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилинди ва улар тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимояси йўлида хизмат қилаётир.

Бироқ такомиллашаётган соҳа ўз-ўзидан ўзгариш ва янгиланишларни талаб этади. Шу маънода «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши айни муддаодир.

Ушбу қонун 2016 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, у Ўзбекистон Республикасининг 8 та Қонуни ва 5 та Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи 15 та моддадан иборат.

Қонуннинг асосий мақсади тадбиркорлик субъектлари жавобгарлигини янада либераллаштириш ва жиноий ишлар бўйича тафтишлар ўтказилишини процессуал жиҳатдан аниқ тартибга солишга қаратилган.

Маълумки, 2016 йилнинг 5 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Юқоридаги қонун фармонда назарда тутилган мақсад ва вазифаларга ҳамоҳанг бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.

Қонунда «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, «Хусусий корхона тўғрисида»ги, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги ва «Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Солиқ ҳамда Бюджет кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Аниқроқ қилиб айтганда, ушбу қонун тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувлардан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга, жиноят ишлари бўйича тафтишлар ўтказишни процессуал жиҳатдан тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қонунда молиявий-хўжалик фаолиятини амалга ошириш чоғида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларини ва уларнинг ходимларини, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахсларни, агар етказилган зарарнинг ўрни улар томонидан қопланган ва ҳуқуқбузарлик оқибатлари ихтиёрий равишда бартараф этилган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод этиш, шу билан бирга тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жиноий жазони қўллашга тақиқ белгилаш ўз ифодасини топди.

Табиийки, ушбу қоидалар илк бор ҳуқуқбузарлик содир этган ва ўз айбини англаб етган фуқароларга ҳеч қандай салбий оқибатларсиз тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш имконини беради. Бу эса уларнинг ишбилармонлик борасидаги фаоллигини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, қонунда бир қатор қонун ҳужжатларига муқобил текширувларнинг барча турларини, жумладан, жиноят ишлари бўйича муқобил текширишларнинг барча турларини бекор қилишга тааллуқли тузатишлар киритиш назарда тутилган.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

438