Умидахон Эгамова

Лавозим: 
Халқ депутатлари Олтинкўл туман кенгаши депутати
Мавзу: 
Ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш – масъулиятли вазифа
Муносабат: 

Бугун мамлакатни ҳар соҳада ислоҳ қилиш ишлари юқори босқичга кўтарилди. Айниқса, ҳудудларнинг иқтисодий, ижтимоий барқарорлигини таъминлаш анча жадаллашди. Бу борада қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар турмуш фаровонлигининг ортиши, иқтисодиётнинг юксалиши, тараққиёт учун муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.  

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятига қатор янги механизм ва усуллар жорий этилмоқда. Қарор биринчи навбатда, депутатлар зиммасидаги масъулиятни яна бир карра оширди. 

Тан олиш керак, барча ҳудудларда, ҳар бир маҳалла ва оилада маънавий муҳитни яхшилаш мақсадида уйма-уй юриш ва бунга кенг жамоатчиликни жалб этиш юзасидан янги иш услублари жорий этилганига қарамай, ҳали кутилган натижага тўлиқ эришилгани йўқ. Жамиятимиз ҳаёти ва мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига жиддий таъсир кўрсатадиган жойлардаги маънавий муҳит соҳасидаги ишларда оқсашлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоларидан анчагина талабчанликни талаб қилади. Жойларда ишларнинг ҳақиқий аҳволини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, халқ билан бевосита мулоқотнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали шаклларини жорий этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиққанмиз. Аммо бугун ҳаёт илгари сураётган вазифалар масъулиятни, ғайратни, жавобгарликни икки баробар, эҳтимол, уч баробар оширишни талаб этмоқда. Қайси даражадаги раҳбар бўлишидан қатъи назар, энди сидқидилдан ишлашига, халққа хизмат қилишига тўғри келади. Тўғриси, бугун оддий одамлар дарди, эл-юрт фаровонлиги йўлида меҳнат қилган, ўз ишига виждонан ёндашган депутатларгина халқнинг ишончини қозона олади, одамлар кўнглидан жой олади. Нега деганда, халқ вакили деган ҳам шарафли, ҳам масъулиятли ном депутатларнинг ҳамиша сергак, жонкуяр ва ишчан бўлишни тақозо этади. Зеро, депутат давлат ва халқ вакиллари орасидаги кўприк бўлмоғи зарур.  

Шуни алоҳида таъкидлаш керак: 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалий рўёбга чиқариш доирасида қабул қилинган 20 дан ортиқ қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 180 дан зиёд фармонлари ва 450 дан ортиқ қарорларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш ҳозирги босқичда кўзланган мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилишнинг янгиланган концепциясига кўра туман, шаҳар ва вилоят даражасида, биринчи навбатда, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари томонидан кўтарилган энг долзарб муаммоларни аниқлаш, шунингдек, уларнинг ечими бўйича аниқ чоралар кўришда биз-депутатлар фидойи бўлишимиз шарт!

Юқоридаги қарор ижроси бўйича ҳам масъулиятни унутмаган ҳолда ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун, аввало, мавжуд муаммоларга теран қарайлик. Бугун иш қоғозларда эмас, амалий ифода билан кўзга ташланиши керак. Қарорда белгиланган йўналишлар фақат халқ фаровонлиги учун хизмат қилишини унутмаслигимиз лозим. Зеро, бугунги шиддат билан иривожланиб бораётган двар ҳар бир депутатдан ўз вазифасига виждонан ёндашган ҳолда одамлар орасида кўпроқ бўлиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганишга фаолроқ бўлиши ва кучлироқ ҳаракат қилишни талаб этмоқда.   

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!