15 та дарс – истиқболли тадбиркорларни кашф этади

Ташрифлар: 46

Сана: 03.03.2017 16:31

Пойтахтимиздаги “Shodlik palace” меҳмонхонасида Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази Тошкент шаҳар бўлими ҳамда O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими томонидан “15 та дарс” лойиҳасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

– Мақсадимиз аёлларимизни фақат тадбиркорликка йўналтирибгина қолмай, уларнинг келгусидаги фаолиятини изчил ривожлантиришига ёрдам кўрсатишдир, – деди партия шаҳар Кенгаши “Аёллар қаноти” бўлими мудири Дилноза Абдуллажонова. –  Айниқса, бизнес оламига энди кириб келаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Тадбирда таъкидланганидек, лойиҳа доирасида ўтилажак дарслар хотин-қизларга аниқ бизнес йўналишини танлаш, лаёқатини синаб кўриш, бизнес жамоа билан ишлашни йўлга қўйиш, бухгалтерлик ҳисоботларини юритиш, ишлаб чиқариш ва хизматларни реализация қилишни йўлга қўйишни ўргатади.

Тақдимот маросимида 50 нафардан зиёд опа-сингилларимизнинг ишбилармонлик қобилияти ва билими синовдан ўтказилди. Уларнинг қизиқишлари, шижоатлари ҳам ҳакамлар ҳайъатининг эътиборидан четда қолмади. Дарслар рус ва ўзбек тилларида иккита гуруҳда ўтказилди. 

– Бугунги тадбир менда катта таассурот қолдирди, – деди мирободлик Нилуфар Иноғомова. – Очиғи, оммавий ахборот воситалари орқали улкан ютуқларни қўлга киритаётган ишбилармон тенгдошларимни кўриб, жудаям ҳавасим келарди. Бугунги дарсда иштирок этиб, тадбиркорлик билан шуғулланишга иштиёқим янада ортди.  Хизмат кўрсатиш соҳасида бизнес бошлашни ният қилдим.

Тадбирда “New Realtor Group” ва  “Yaran Consulting” масъулияти чекланган жамиятлари мутахассислари томонидан соҳага доир қизиқарли слайд ва видеороликлар намойиш этилди.

Дилноза НОМОЗОВА

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!