71 та иш ўрни яратган аёл ғолиб бўлди

Сана: 11.08.2017 11:31

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши, Фермерлар кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ва касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамкорлигида ўтказилган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичида 100 га яқин тадбиркор аёл иштирок этди. Танлов тадбиркор ва фермер хотин-қизлар томонидан яратилагн маҳсулотлар кўргазмаси намойиши билан бошланди.

Тадбирда партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Нортожи Юсупова, вилоят  касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ходими Гулчехра Казаковалар мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга оид қабул қилинган Қонун, Фармон ва қарорлар, хотин-қизларга яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида сўз юритдилар.

–Танловга бу йил ҳар қачонгидан ҳам жиддийроқ эътибор қаратилди, - дейди O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Ҳуснида Иминжанова. - Туман, шаҳар босқичлари ҳам кенг кўламда ўтказилиб, уларда энг чекка туманлардаги тадбиркор, фермер аёлларнинг ҳам иштирок этиши таъминланди. Мақсад фақат танлов ўтказишгина эмас, балки хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, маҳалла фуқаролар йиғинларида оилавий бизнесни янада ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат бўлди.

Дарҳақиқат, танловнинг вилоят босқичи ғолибларини аниқлаш ҳакамлар ҳайъати аъзолари учун ҳам осон бўлмади.Улар ҳар бир тадбиркор аёл билан суҳбат қилиб, уларнинг тажрибаси, янги иш ўринлари яратганлиги, келгусидаги режалари, шунингдек, муаммолари, таклифлари билан қизиқдилар.

Айниқса, Чортоқ туманидаги “Короскон Дурдона” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти барчада катта таассурот қолдирди. Унинг 61,5 гектар ери  бўлиб, шундан 41 гектарида ғалла, 20 гектарида пахта етиштирилади. Ғалладан ҳосилдолик ёмон бўлгани йўқ. Хўжалик аъзоларининг манфаатдорлиги ҳам чакки эмас. Ғалладан бўшаган 20 гектар майдонга соя, қизил ловия, кунгабоқар, помидор, бодринг, мош, сабзи каби сабзавотлар экилди, парвариш авжида. Бундан ташқари балиқчилик, боғдорчилик ва асаларичилик ҳам йўлга қўйилган. Энг муҳими, фермер хўжалигида 71 киши ишлайди, шундан 13 тасини коллеж ўқувчилари ташкил этади. Бошқа тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳам синчковлик билан таҳлил этилди.

Ҳакамлар ҳайъати қарори билан “Короскон Дурдона” фермер хўжалиги раҳбари Нодира Маматова биринчи, Наманган шаҳридаги “Насиба” ательеси раҳбари Насиба Аюбхонова иккинчи, Уйчи туманидаги “Санам Уйчи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рислиқхон Жўраева учинчи ўринга лойиқ деб топилди.

Шунингдек, танловда фаол иштирок этган тадбиркор аёллар Марғуба Тўраева “Замонавий тадбиркор аёл портрети”, Моҳичеҳра Назирова “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, Асила Боймирзаева “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл”, Дилшода Маҳмудова “Ташаббускор аёл”, Гулноза Султонова эса “Битирувчи қизларга энг кўп иш ўрни яратган ишбилармон аёл” номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритдилар.

Ғолибларга ташкилий қўмитанинг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Комилжон Файзиев,

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

205