Ахборот хавфсизлигини таъминлаш – бугунги кун давр талаби

Сана: 26.09.2016 17:26

26.09.2016 й.

    O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ана шу мавзуда ташкил этилган амалий семинарда партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари вакиллари, депутатлар, БПТ раислари, ёшлар, “Ёшлар қаноти” фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланиш, халқимиз, айниқса ёш авлоднинг қалби ва онгини турли зарарли мафкуравий таъсирлардан ҳимоя қилиш, глобаллашув даврида ёшларни оммавий маданиятнинг салбий таъсирларидан асраш, Ватанимиз Ўзбекистоннинг 25 йиллик мустақил тараққиёт йўлининг асосий ютуқларини кенг таҳлил қилиш, миллий ўзликнинг тикланиши, ўтган чорак аср давомида мамлакат ички ва ташқи сиёсатида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида сўз юритилди. 

 –Бугун хориждаги турли ғоявий марказлар, диний экстремистик ташкилотлар ёшларни ўз домига тортишда интернет ва ижтимоий тармоқларни энг муҳим ва энг осон восита, деб билади, – дейди Янгиер шаҳар Академик лицейи талабаси Ҳамдамова Зилола.– Негаки, бугун улар ҳали мустақил фикри тўла шаклланмаган ёшларга ўзларини “яқин дўст” сифатида кўрсатиб, турли ёт ғояларни улар онгига сингдиришга уринмоқда.

Дарҳақиқат, жамият тинчлигига хавф солувчи энг мухим омиллардан бири бу – ахборот хуружидир. Таассуфки, бугун ҳар қандай географик ҳудуд ёки минтақада нотинчлик, носоғлом фикр уйғотиш, инсонлар тафаккурини ёлғон ахборотлар билан бошқариш каби тинчликка хавф туғдирувчи турли ғоявий курашлар жараёни тобора авж олмоқда. Энг хатарлиси, шиддат билан ривожланиб бораётган ахборот глобаллашуви натижасида турли мафкуравий таъсирлар, ёшлар онги ва қалби ҳамда тафаккурини эгаллашга уринаётган ғаразли хуружлар тобора кучаймоқда.

–Ахборот-коммуникация технологиялари ривожланаётган бир пайтда бой маънавиятимизга, менталитетимизга раҳна соладиган турли хуружлар кун сайин купаймоқда, – дейди O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Сиёсий таълим маркази раҳбари Дилшод Тўрақулов.– Унинг салбий жиҳатлари эса ёшлар онгига жуда катта таъсир кўрсатаётган ахлоқсиз қарашларда намоён бўляпти.

Тўғри, бугун барчамиз интернетдан кундалик эҳтиёзларимиз учун фойдаланиб турамиз. У орқали электрон китоблар ўқиймиз, зарур маълумотларни тез ва осон йўл билан топамиз. Бу яхши албатта. Аммо «оммавий маданият»ни тарғиб этиш орқали ёшлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётган, турли йўллар билан ўғил-қизларни ўз домига тортаётган ушбу оқимлар ўта хавотирли тус олаётгани ҳар биримизни мушоҳадага чорламоқда.   

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

186