Аҳоли билан мулоқот: муаммо, ечим, натижа

Ташрифлар: 435

Сана: 05.04.2017 17:12

Айни кунларда Парламент вакиллари жойларда аҳоли хонадонларига ташриф буюриб, улар билан юзма-юз сухбатлар ўтказиш асносида фуқароларни ўйлантираётган муаммолар ва ўз ечимини кутиб турган масалалар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатларини ўрганишмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Наргиз Халилова Тўрақўрғон туманидаги “Истиқлол” ва “Чуст кўприк” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Тадбиркор”, “Зиё”, “Оқтош”, “Катта Есин” кўчаларида истиқомат қилувчи фуқаролар билан учрашди. Уларнинг хонадонларида бўлиб, шароитлари билан яқиндан танишди. Одамларга бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, тадбикорликни қўлллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, ёшлар тарбияси бўйича қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини  тушунтирди.

Мулоқотлар давомида фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини, таклифларини ўрганди. “Тадбиркор” кўчасидан Ҳамидулла Саматов ва Ғанижон Холматовлар аҳоли ичимлик суви етишмаслигидан қийналаётганлиги хусусида фикр билдирган бўлса, Шокиржон Ғофуров эса суюлтирилган газ баллонларини аҳолидан қабул қиладиган ва тарқатадиган махсус шаҳобча ташкил этиш таклифини айтиб ўтди.

—“Чуст кўприк” маҳалла фуқаролар йиғини “Катта Есин” кўчаси яшовчи аҳоли уйлари 2016 йил ноябрь ойида бузилишга тушганлиги, аммо ҳозиргача уларга ажратиладиган намунали уйлар қуриб битказилмаганлиги тўғрисида эътирозларини билдиришди, - дейди депутат Наргиз Ҳалилова. —Аҳолининг бу масаладаги мурожаатларини назоратга олиб, намунали уй-жойлар қурилишига масъул бўлган “Ахрабо” МЧЖ раҳбарига белгиланган муддатда ишларни бажарилишини таъминлаш бўйича таклифлар юборик. Улар таклифимизга жавобан, ўз вақтида қурилиш ишлари якунланиб, аҳолига намунали уйлар тез фурсатда топширилишини маълум қилишди.     

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Жиззах вилоятидан сайланган депутат, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Нодирбек Раджапов вилоятдаги Ш.Рашидов туманида ҳудуднинг ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Хусусан, тумандаги Умар МФЙ, Равот ҚФЙ ҳудудидаги маҳаллалар хонадонлари ва 5 та ташкилотдаги мавжуд муаммоларни ўрганди.

—Жорий йил февраль ойида чорвачиликни йўлга қўйиш мақсадида “Халқбанки” туман филиалига кредит олиш учун барча керакли хужжатларни топширган эдик, - дейди Умар МФЙдаги А,Ўсаров кўчасида яшовчи Миржалол Маматмусаев. —Аммо шу кунгача бирор натижа бўлгани йўқ. Депутатларимизга мазкур масала бўйича мурожаат этган кунимиз эртасига банкдан чақирув бўлди. Банкка бориб кредит олиш учун шартнома имзоладик. Депутатларнинг бизга кўрсатаётган кўмаклари уларга бўлган ишончимизни янада оширмоқда.

—Аҳолининг тиббий ёрдам билан таъминланганлик даражаси ҳам ўрганилди, - дейди O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Нодирбек Раджапов. —Маълум бўлдики, туманда тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти ва сифати, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши даражаси ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятининг ҳолати, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида бепул тиббий хизмат кўрсатилиш даражаси, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилишининг ҳолати қониқарли даражада эмас. Шу ва шунга ўхшаш муаммоли ҳолатларни бартараф этиш мақсадида туман ва вилоятдаги мутасадди ташкилотларга тегишли кўрсатмалар бердик. Уларнинг бажарилиши юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи вакиллари тегишли тартибда депутатлик назоратини олиб бориш юзасидан келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, жойларда ўрганиш ишлари 2017 йил 10 апрелга қадар давом этади.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!